O‘zLiDeP Давлат дастурини амалга оширишга доир вазифаларни белгилаб олди

18.04.2016, 18:49

O‘zLiDeP Давлат дастурини амалга оширишга доир вазифаларни белгилаб олди

2016 йил 16 апрель куни пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастуридан келиб чиқадаган партиянинг устувор вазифалари, партиянинг ўтган йилда амалга оширган ишлари ҳамда 2016 йилга мўлжалланган Амалий чора-тадбирлар комплекс ҳаракат дастурига ўзгартиш киритиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси С. Турдиев сўзга чиқиб, партиянинг ўтган йилдаги фаолияти сарҳисоби ҳамда келгуси йилларга мўлжалланган долзарб вазифалар юзасидан маъруза қилди.

Мажлисда таъкидланганидек, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2016 йил мамлакатимизда Соғлом она ва бола йили деб эълон қилиниб, тегишли Давлат дастурининг қабул қилингани оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўлида қилинаётган навбатдаги муҳим қадамдир. O‘zLiDeP фикрича, Президентимизнинг 2016 йил 9 февраль куни қабул қилинган қарори билан тасдиқланган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг сўзсиз ижро этилиши муҳим аҳамиятга эга, чунки дастур партия сайловолди Платформасида белгиланган вазифаларга, партиянинг ижтимоий, гуманитар, маънавий, интеллектуал тараққиёт соҳаларидаги мақсадларига тўлиқ ҳамоҳангдир.

Мажлисда амалга оширилаётан ислоҳотларда илғор бўлишга интилаётган O‘zLiDeP томонидан соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга кўмаклашиш, мамлакатимизда соғлом фарзандлар дунёга келиши ва камол топиши учун зарур шароитлар яратишга қаратилган аниқ мақсадли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурини рўёбга чиқаришда O‘zLiDePнинг фаол иштироки тўғрисида сўз юритилиб, партия депутатлик корпусининг оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга оид қонунчиликни янада такомиллаштиришдаги муҳим ролига эътибор қаратилди.

Мавлуда Ходжаева, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси: «O‘zLiDePнинг фикрича, оналикни муҳофаза қилиш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, болалар ва ёшларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шароитлар яратиш ишларини юксак даражада ташкил этишни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш мақсадида тегишли қонунчиликни мунтазам такомиллаштириб бориш муҳим аҳамият касб этади.

Шу муносабат билан O‘zLiDeP фракцияси “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга доир қонунчиликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратади. Жумладан, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқиш, Жиноий кодексга уч ёшга тўлмаган фарзанди бўлган барча аёлларга нисбатан жиноий жавобгарликни янада либераллаштиришга қаратилган ўзгартишлар киритиш, “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунга ҳамда “Ҳомийлик ва васийлик тўғрисида”ги Қонунга боланинг соғлиқни муҳофаза қилиш, соғлом оилада ҳаёт кечириш ва тарбияланишга доир ҳуқуқини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳам партия фракциясининг диққат марказида бўлади.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, олдимизда турган энг эзгу мақсадларимиз — мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг XXI асрда жаҳон ҳамжамиятидан қандай ўрин эгаллаши ҳам — буларнинг барча-барчаси, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир. Шу сабабли O‘zLiDeP фаолияти ушбу масалаларни қонунчилик жиҳатдан самарали ҳал этилишига кўмаклашиш, парламент томонидан бу борада қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг ижроси устидан назоратни амалга оширишни мақсад қилган».

Мажлисда коллеж битирувчилари, айниқса қизларни ишга жойлаштириш, олис қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган аҳоли, аввало хотин-қизлар учун керакли ижтимоий, маиший ва тиббий шарт-шароитлар яратиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ёшлар ўртасидаги жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш ишларидаги иштироки муҳокама қилинди. Таъкидландики, ёшлар тарбияси йўналишида амалга оширилаётган ишларда O‘zLiDeP ёш авлодда миллий турмуш тарзимизга ёт бўлган турли таъсир ва оқимларга қарши мустаҳкам мафкуравий иммунитетини шакллантиришга алоҳида аҳамият қаратади. Шунингдек, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган ёшлар ва хотин-қизларга имтиёзли кредитлар ажратишга қаратилган партиявий ишларни янада кенгайтириш ҳам устувор вазифалар сирасига киритилган.

Дилобар Миррахимова, O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” фаоли: «O‘zLiDeP томонидан хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш тизимли асосда йўлга қўйилган, жорий йилда “Соғлом она ва бола йили” Дастурини амалга ошириш партия “Аёллар қанотига” алоҳида масъулият юклайди. Бу борада фермер аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган “Фермер аёл” лойиҳаси доирасидаги ишларни фаоллаштириш лозим. Шунингдек, ташаббускор хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида “Ишбилармон аёл” республика кўрик-танлови ташкил этилади. O‘zLiDePнинг “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурини амалга ошириш борасидаги барча саъй-ҳаракатлари замирида «Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади» деган ҳаётбахш қадрият ва олижаноб ғояни рўёбга чиқариш ётади.”

Партия Сиёсий Кенгашининг мажлисида бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, хусусий мулк устуворлигини ва ҳимоясини таъминлаш; давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки даражасини танқидий қайта кўриб чиқиш, унда хусусий тадбиркорлик улушини кўпайтириш; фермер хўжаликларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, қишлоқда реал мулкдорлар синфини шакллантириш; бизнес муҳитини яхшилаш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва бошқа устувор йўналишларда партиянинг амалий чора-тадбирлари кўриб чиқилди ва ҳар томонлама муҳокама қилинди.

Фармон Аминов, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзоси: O‘zLiDeP кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш учун қулай бизнес муҳитини шакллантиришга қаратилган “Тадбиркорлар ва фермерлар мулоқот-форуми” лойиҳасини амалга оширишда давом этади. Лойиҳа доирасидаги тадбирларни муваффақиятли ўтказиш O‘zLiDePга электорат ва хайрихоҳлар сонини кенгайтириш имконини беради. Жумладан, лойиҳа ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг ижроси, жойлардаги ишбилармонлик муҳитининг аҳволи, ҳудудлар иқтисодиётида таркибий ўзгартиришларни давом эттириш ва рақобатбардошликни янада ошириш, хусусий мулк ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, самарали ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни иқтисодиётда етакчи кучга айлантириш ва ҳоказо масалаларни қамраб олади.

Лойиҳа доирасида халқ депутатлари вилоят Кенгашларидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари томонидан қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда хусусий тадбиркорлик, кичик бизнес ва фермерлик ҳаракатини ривожлантириш аҳволини ўрганишга қаратилган назорат-таҳлилий тадбирлар ўтказиш, ўрганиш якунида иқтисодиётнинг кўрсатилган соҳаларини ривожлантириш учун масъул маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ахборотини тинглаш кўзда тутилган.

Умуман, O‘zLiDePнинг мазкур йўналишдаги лойиҳалари тадбиркорлик фаолиятининг эркинлигига ҳуқуқий кафолатлар тақдим этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни рағбатлантириш, хусусий мулк ҳуқуқлари ва дахлсизлигини ҳимоя қилиш, жойларда жозибадор инвестицион муҳитни шакллантириш, рақобатни ривожлантириш фермер хўжаликларининг ташқи иқтисодий фаолиятдаги иштирокини кенгайтириш, экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.»

 Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар давлат ҳокимияти тизимида вакиллик органлари ролини салмоқли даражада оширишга қаратилган. Тадбирда таъкидланганидек, шу муносабат билан O‘zLiDeP партия электорати, олимлар, юқори малакали мутахассислар, экспертларни кенг жалб қилган ҳолда қонун лойиҳаларини кенг, самарали муҳокама қилиш ҳамда парламент томонидан қабул қилинаётган қонунларнинг қўлланиш самарадорлигини ошириш мақсадида уларни ижрочиларга етказишни ўз фаолиятининг асосий мақсадлари сифатида қабул қилади.

Мажлисда таъкидланганидек, партия депутатлик корпусига парламент, маҳаллий вакиллик органларида ўз электоратини ўйлантираётган долзарб масалаларни кўтариш, O‘zLiDeP манфаатлари, дастурий мақсадларини илгари суриш имконини беради. Бу ҳам партия, ҳам алоҳида депутатларнинг фаоллиги ва ташаббускорлигини ошириб, бутун эътиборни энг муҳим ижтимоий-иқтисодий масалаларни теран, профессионал асосда ҳал қилишга қаратишга хизмат қилади.

Расул Кушербоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси: «Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси давлат бошқаруви органлари фаолияти, қабул қилинаётган қонунлар, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожлантириш давлат дастурларининг сўзсиз ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш борасидаги фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратади. O‘zLiDeP парламентдаги эшитувлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг қонунчилик ижросининг аҳволи тўғрисидаги ҳисоботларини тинглаш, депутатлик сўровларини йўллаш тизими ва профессионал асосда амалга оширилишини, булар парламентнинг кундалик амалиётига айланишини таъминлаш вазифасини ўз олдига қўяди.

Партия ҳаракат Дастурини амалга ошириш бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва тадбиркорликни эркинлаштириш, хусусий мулк устуворлиги ва ҳимоясини таъминлаш, бошқарувнинг бозор воситалари ва усулларини, рақобат муҳитини ривожлантиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштиришга хизмат қилишини таъкидлаш жоиз. Жумладан, O‘zLiDeP томонидан “Иқтисодиётни янада либераллаштириш соҳасида қабул қилинаётган қонун лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизаси” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унинг мақсади – тегишли соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ҳамда депутатлик корпуси томонидан қонунлар лойиҳаларини маромига етказиш учун таклифлар ишлаб чиқишдан иборат».

Мухтасар айтганда, Партия мажлисида давлатимиз раҳбари томонидан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ёш авлод ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ёшларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаётидаги иштирокини фаоллаштириш учун барча зарур шароитлар яратиш борасида белгилаб берилган вазифаларни тўлиқ рўёбга чиқаришда O‘zLiDeP томонидан кенг миқёсли ишлар қилиниши лозимлиги таъкидланди. O‘zLiDeP хотин-қизларнинг улкан салоҳиятини ҳар томонлама рўёбга чиқариш, уларнинг тадбиркорлик соҳасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган кучли сиёсатни амалга оширишда ижтимоий шерикчиликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга бундан буён ҳам ҳар томонлама кўмак кўрсатади.

Мажлисда партия ва унинг парламентдаги фракцияси ҳамда маҳаллий кенгашларидаги депутатлик гуруҳларининг партия сайловолди Платформаси ижроси юзасидан ўтган йилда амалга оширган ишлари сарҳисоб қилиниб, танқидий таҳлил этилди, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

O‘zLiDeP Матбуот-хизмати.

  • Кўрилди
    2052
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Оразбай Тулепов Нукус туман Кенгаши раиси 2018-05-15 13:06:12

Президентимизнинг чиқараётган қарорлари партиямиз электоратлари учун катта хизмат қилади. Қарор ушбу соҳани янада ривожантириши, малакали мутахасисларни таёрлаши, янги саъноат корхоналарининг жойларда ишга тушиши демакдир


Аптаров Аслиддин O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши ходими 2018-05-09 12:44:46

“Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилиниши мамлакатимизда ушбу соҳанинг янада ривожланишига хизмат қилади. Бугунги кунда юртимизда чорвочилик соҳаси ривожланиб бориши билан бир қаторда соҳани хомашёси бўлган махсулотларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш борасида фойдаланилмаган имкониятлар жуда кўп. Эндиликда ушбу қарор асосида соҳани янада ривожантириш, малакали мутахасисларни таёрлаш, янги саъноат корхоналарини барпо этиш борасида кенг имкониятлар яратилди.


Астонов Қобил Насриддинович O'zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши аппарати раҳбари в.б2018-05-09 10:32:05

Президентимизнинг “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бугунги кунинг долзарб қарорларидан бири деб ўйлайман. Бугунги кунда ушбу соҳани ривожлантириш, етук мутахассислар тайёрлаш, ривожлантиришни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Қолаверса, чарм махсулотлари инсон соғлиги учун ҳам катта аҳамиятга эга.


Ибодуллаева Дилфуза-Навбаҳор тумани2018-05-09 09:04:12

Ёш тадбиркор бўлганлигим сабабли ҳар гал тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун чиқарилаётган қарорлардан хурсанд бўламан. Шу юрт фарзанди бўлганлигимдан чексиз мамнунман.


О.Атақулов-Навбаҳор туман Кенгаши аппарат раҳбари 2018-05-09 07:59:07

Мазкур қарор тадбиркорнинг иш фаолиятини унумдорлигини ошириш билан бир қаторда, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг сифатини кафолатлайди.


Қашқадарё вилояти Кенгаши аппарат раҳбари - А.Шеров2018-05-08 18:19:39

Президентимизнинг 2018 йил 3 майда қабул қилинган “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур соҳа ривожига катта ҳизмат қилади. Тадбиркорларимизга ҳам улкан имкониятлар эшигини очади.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+