Қанча кўп дарахт эксак, умримиз шунча узоқ бўлади

17.10.2022, 09:26

Қанча кўп дарахт эксак, умримиз шунча узоқ бўлади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов Президентимизнинг жорий йил 6 октябрдаги “Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар  билан танишиш мақсадида Қашқадарё вилоятида ўрганишлар олиб борди. 

Дастлаб Кўкдала тумани “Ахмад Яссавий” ҳудудидаги “Галабек” фермер хўжалиги дала майдонида тумандаги секторлар, фермер хўжалик раҳбарлари, депутатлар, партия фаоллари иштирокида “Дала маданияти фермер даромади” шиори остида ўқув-амалий семинари ташкил этилди.

Иштирокчиларга қарорга асосан ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, маҳсулот кўпайтириш эвазига аҳоли даромадини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига моддий ресурсларни узлуксиз етказиб бериш ҳамда етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилишни янада яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

- Қарорда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириладиган экин майдонлари камида 300 минг гектарга етказилиши кўрсатиб ўтилган, - деди А. Хаитов. - Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасига 12 ой муддатга, шу жумладан, 11 ойлик имтиёзли давр билан қўшимча 300 миллиард сўм бюджет ссудасини йиллик 10 фоиз ставкада, қишлоқ хўжалиги корхоналарига - мева, узум, картошка, сабзавот, полиз экинлари, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дуккакли ва мойли экинлар етиштиришга уруғлик, ўғит, ёқилғи, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари етказиб бериш, маҳсулотларни қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчи корхоналарга - етиштирилган қишлоқ хўжалиги экинларини харид қилишда талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдириш учун ажратилмоқда. Бундай ғамхўрлик мамлакатимиз тарихида дала меҳнаткашлари учун илк бора кўрсатилмоқда.   

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларни обод қилиш ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида берган топшириқлари ижроси доирасида ишлар таҳлилига бағишланган “Дала маданияти фермер даромади” шиори остидаги ўқув-амалий семинари Чироқчи туман Пахтакор ҳудудидаги "Мавлонов Меҳрож" фермер хўжалиги даласида ҳам ташкил этилди.

Туман секторлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, O’zLiDeP депутатлари иштирок этган анжуманда мамлакатимизда эълон қилинган “Долзарб 45 кунлик” тадбири давомида амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилинди. Спикер ўринбосари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасида дарахт кўчатларини ҳудуднинг иқлим шароитидан келиб чиқиб танлаш, кўпроқ мевали боғлар ҳосил қилиш ва кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш юзасидан масъулларга кўрсатмалар бераркан, ҳар бир дарахтни агротехник талаблар асосида парвариш қилиш, минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантириш ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш борасидаги ишлар учун жавобгарлик белгиланганлигини алоҳида эътироф этди.

Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Қамаши туман Чим ҳудудидаги “Мираббос Фахриддинович” фермер хўжалиги даласига йўл олдилар. Бу ерда ташкил этилган амалий семинарда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дала маданиятига эътибор берган ҳолда фермер хўжаликлари дала четларига тут, ёнғоқ, узум, бодом каби мевали дарахтлар экишга асосий эътибор қаратиш зарурлиги айтиб ўтилди. Шу куни фермер хўжалиги дала четларига ток кўчатлари ўтқазилди.

Вилоятнинг Яккабоғ, Шаҳрисабз, Китоб туманларида ташкил этилган илмий-амалий семинарларда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов сўз олиб, дарахтларни экиш ва парвариш қилиш соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштириш, илмий ёндашувлар асосида ҳудудларнинг тупроқ-иқлим ва бошқа хусусиятларини аниқлашга қаратилган тадқиқот ва таҳлиллар асосида кўчатлар ўтқазиш, кўчатхоналар сонини кўпайтириш, тупроқ унумдорлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳудудлар иқлимига мос хорижий манзарали дарахтларни маҳаллийлаштириш, ҳудудларда “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”ни барпо этиш, дарахтларни суғориш тизимини қайта кўриб чиқиш, унинг самарали фаолиятини таъминлаш, ҳар бир дарахтни парвариш қилиш учун масъул бўлган шахсларни белгилаш, бу борада рағбатлантириш механизмларини кенг жорий этиш, дарахтларни шикастлантириш ва нобуд қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш, мазкур йўналишда жамоатчилик назоратини янада ошириш борасидаги муҳим вазифалар ҳақида айтиб ўтди.  

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши Матбуот хизмати.

  • Кўрилди
    623
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+