Депутат саъй-ҳаракати: МФЙлар инфратузилмаси ва аҳоли фаровонлиги янада яхшиланади

18.11.2022, 17:53

Депутат саъй-ҳаракати: МФЙлар инфратузилмаси ва аҳоли фаровонлиги янада яхшиланади

Маълумки, жорий йил 25 октябрда Президентимизнинг “2022–2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра жойларда ички йўлларни таъмирлаш, аҳолининг ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминотига бўлган талабини қондириш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа инфратузилма объектларидан фойдаланишни яхшилаш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилган.

Халқ депутатлари вилоят ва Бухоро шаҳар Кенгашлари депутати Ҳалимжон Сафаров 35- “Янгибозор” сайлов округи ҳудудидаги “Ибн Сино”, “Мустақиллик”, “Чиғирчи”, “Валфажир”, “Навбаҳор” ҳамда “Боғимусо” МФЙлари аҳолиси билан учрашиб, кейинги пайтда маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар билан қизиқди ҳамда уларни кўздан кечирди. Келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди.

Давлат ва маҳаллий Дастурлари ижроси доирасида МФЙларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” жамғармалари орқали молиялаштирилиши режалаштирилган қурилиш-таъмирлаш ишлари борасида ҳам сўз борда ва бу борада амалга оширилган ишларга ҳам холисона баҳо берилди.

Юқорида кўрсатилган қарор ижроси атрофлича ўргалиб чиқилиб, ҳудуддаги “Боғимусо” МФЙга қарашли бир қатор қишлоқлар аҳолиси талабига биноан  хонадонларни электр қуввати билан таъминловчи бузилган трансформатор депутат Ҳ.Сафаров саъй-ҳаракати билан вилоят ва туман электор тармоқлари бошқармалари масъуллари томонидан тузатилиб, қишлоқ хонадонлари яна электр қуввати билан таъминланди. Шунингдек, тумандаги “Садир” МФЙнинг 2 та қишлоғида узатиб келинаётган газ босимининг пастлиги ҳам кейинги пайтда аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган эди. Жонкуяр депутатнинг тегишли мутасаддиларга мурожаати ушбу муаммони ҳам ўз вақтида бартараф этиш имконини берди.

Серғайрат депутат Ҳ.Сафаровнинг ўз сайлов округидаги сайловчилари ишончини қозонишга ва улар розилигига эришишга қаратилган бундай ибратли ва хайрли фаолияти давом этмоқда.

  • Кўрилди
    536
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+