Мурожаатномада суд-ҳуқуқ ва одил судловни таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди

23.12.2022, 16:41

Мурожаатномада суд-ҳуқуқ ва одил судловни таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди

Куни кеча барчамиз давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг юртдошларимиз катта интиқлик билан кутган Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасини тингладик.

Президентимиз ўзининг мурожаатномасида бугун ўз ечимини кутаётган долзарб муаммолар қаторида суд-ҳуқуқ ва тизимда одил судловни таъминлаш масалаларига ҳам катта эътибор қаратгани соҳада фаолият юритаётган адвокатларнинг қувончига сабаб бўлди. Шу билан бирга, зиммамизга улкан масъулият юклади.

Мурожаатномада адвокатларни электрон танлаш тизимини тезроқ ишга тушириш зарурлигини бежизга таъкидламанди.

Минг таассуфки, мазкур масала бугунги кунда тизимдаги энг оғриқли нуқталардан бири эди.

Кундалик ҳаётда ҳамманинг ҳам малакали юридик ёрдам олиш учун адвокат ёллашга молиявий жиҳатдан имконияти етарли эмас. Давлат шундай тоифадаги шахсларга бепул юридик ёрдамни таъминлаши белгиланган.

Аксарият ҳолатларда, суриштирувчи ёки терговчи бепул юридик ёрдам олишга эҳтиёжи бор шахсларга ўзига маъқул бўлган ёки унга “ҳалақит” бермайдиган адвокатларни жалб этади.

Амалдаги тартибга кўра, давлат ҳисобидан адвокат жалб этишда инсон омили мавжуд эди.

Бепул юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб этишнинг шаффоф механизми жорий этилмаганлиги “чўнтак адвокатлари”, коррупциявий ҳолатлар ва бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланишига сабаб бўлаётган эди.

Хорижий мамлакатлар тажрибасини олиб қарайдиган бўлсак, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия ва бошқа давлатларда давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатишда адвокатлар электрон тизим ёрдамида танланади. Бу эса соҳада холислик ва шаффофликни таъминлаб беради.

Юртимизда ҳам давлат ҳисобидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи адвокатни автоматик равишда танлаш бўйича махсус электрон тизимни ишга туширилиши билан юқорида тилга олинган салбий ҳолатларга чек қўйилади.

Юртбошимиз шунингдек, одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилиши, адвокатга жиноят иши қўзғатиш ва тугатиш ҳақидаги қарордан нусха берилиши лозимлиги ҳақидаги масалани ҳам кўтарди.

Айтиш жоизки, бу борада ҳам жуда қийноқли муаммолар мавжуд. Хусусан, амалдаги тартибга кўра, судья аввалдан, терговчи ва прокурор томонидан тайёрланган иш материаларини ўқиб танишади ва судьяда суд мажлиси бошлангунга қадар иш бўйича айбловга мойил қарашлар шаклланади. Бу эса судьянинг холислигига таъсир қилмасдан қолмайди. Бундай шароитда тенглик ҳақида гапириб бўлмайди.

Энди, судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилиниши борасидаги талабнинг йўлга қўйилиши билан судьянинг холислиги таъминланадиган бўлди.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича илгари сурган ташаббус ва таклифларини амалда мамлакатда жорий этиш қонун устуворлигини таъминлашга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишига хизмат қилиши муқаррар.

Аъзам Жўраев,

Халқ депутатлари Тошкент вилоя  Кенгаши депутати,

“Джураев Аъзам Худайкулович” адвокатлик бюроси раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    392
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+