Меҳнатлар эътирофи: ободонлаштириш ходимларига меҳр улашилди

17.01.2023, 12:45

Меҳнатлар эътирофи: ободонлаштириш ходимларига меҳр улашилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили», деб эълон қилинган 2023 йилнинг дастлабки кунларида йил номланишидан кўзда тутилган мақсадлар рўёби ўз аксини топмоқда. Шу кунларда мамлакатимизда қишнинг қировли, аёзли кунлари, айниқса аномал совуқ барчамизни синовдан ўтказмоқда.

Дунёда шундай касб эгалари борки, сиз билан биз иссиқ ва ёруғ хоналарда ишлаётган ёки мазза қилиб телевизор томоша қилиб ўтирган пайтимизда улар эл-юрт хизматида бўлади. Наманганда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик партияси вилоят кенгаши «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»ни ибратли бир ташаббус билан бошлади. Гап шундаки, партия фаоллари кўчаларда йўл ҳаракатини тартибга солаётган давлат автомобиль назорати ходимлари ҳамда йўлларни қор уюмларидан, музлардан тозалаётган, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетаётган ободонлаштириш корхонаси ишчи-хизматчиларига «Ҳорманг – бор бўлинг», дея қайноқ қаҳва тарқатди.

Бундай меҳр-эътибордан хурсанд бўлган ишчи-хизматчилар партия вилоят кенгашидан беҳад мамнун бўлди. Шунингдек, Халқ депутатлари Наманган вилоятининг маҳаллий Кенгаш депутатлари, “Art Soft Holding” компанияси бошқарувчилари ака-ука Олимхон ва Ғиёсиддин Бобохонов ҳамда Қобилжон Дадабоев ташаббуси билан аномал совуқ шароитида автомобиль йўллари, пиёдалар йўлаклари, хиёбонларни қор ва музламалардан тозалаш ишларида хизмат қилаётган Наманган шаҳри, Давлатобод, Янги Наманган, Мингбулоқ ва Поп туманларидаги ободонлаштириш бошқармасининг 427 нафар ишчи ходимининг кўнгилларини кўтариш ҳамда меҳнатини қадрлаш мақсадида фидойи касб эгаларига иссиқ кийимлар ва момиқ сочиқ маҳсулотлари тўпламлари тарқатилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА

  • Кўрилди
    372
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+