Инвестиция дастурлари доирасида умумий қиймати 12,7 млрд долларлик 12,6 мингта лойиҳа ишга туширилди

27.01.2023, 18:24

Инвестиция дастурлари доирасида умумий қиймати  12,7 млрд долларлик 12,6 мингта лойиҳа ишга туширилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг йиғилишида 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2022 йилдаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.

Таъкидланганидек, O'zLiDeP мамлакатдаги етакчи сиёсий куч сифатида давлат иқтисодий сиёсати самарадорлигининг бош мезони – мамлакат рақобатбардошлиги, фуқаролар ҳаёти сифати, оилалар фаровонлигининг изчил ва жадал юксалиши, деб билади.

Шу боис, йиғилишда асосан иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, таълим, маданият, туризм ва инсон капиталини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича амалга оширилган ишлар депутатларнинг диққат марказида бўлди.

Тақдим этилган ҳисоботга кўра, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлашнинг устувор йўналишлари бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилган. Хусусан, мамлакатда олиб борилган изчил ислоҳотлар натижасида 2022 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105,7фоизни ташкил қилди.

Шунингдек, инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва унинг жозибадорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 11,8 млрд долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, инвестиция дастурлари доирасида умумий қиймати 12,7 млрд долларлик 12,6 мингта лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига 305 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди.

Жойлардаги “Лойиҳа гуруҳлари”нинг фаолияти доирасида эса Ҳудудий дастурларда кўзда тутилмаган 655,0 млн долларлик 1 776 та янги лойиҳалар ишга туширилиши эвазига қўшимча 31,6 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди.

Эътиборли жиҳати, республиканинг экспорт салоҳиятини ошириш орқали 2026 йилда республика экспорт ҳажмларини 30 млрд АҚШ долларига етказиш мақсадида 15 млрд долларлик товар ва хизматлар экспорти амалга оширилди. Биргина 294 та маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга халқаро стандарт ва сертификатни жорий қилиш бўйича 41,3 млрд. сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилгани туфайли корхоналар томонидан 987,2 млрд. АҚШ долларлик экспорт қилинишига эришилди.

Ҳисобот даврида тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш ва доимий даромад манбаларини шакллантириш учун шароитлар яратиш, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга ва экспортдаги улушини 60 фоизга етказишга қаратилган ишлар ҳам эътирофга лойиқ.

O'zLiDeP сайловолди дастурида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини 4 баробар ошириш, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти йиллик ҳажмини камида 5 миллиард АҚШ долларига етказиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришнинг ўртача самарадорлигини ҳамда уларни ишлаб чиқарувчилар даромадини 2-3 баробар ошириш энг муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Фракция аъзолари партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда айни йўналишда амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, 2022 йилда жами 3,2 млн гектар майдонда қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштирилгани, аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича ўз вақтида зарур чоралар кўрилгани алоҳида эътироф этилди.

Муҳокамалар давомида Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ижобий баҳоланди. Юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида Давлат дастурида белгиланган масалалар ижроси тўлиқ таъминлангани, мамлакатда бўлаётган ўзгаришлар сабабли тадбиркорлар сафи кенгайиб, аҳолининг аксарият қисми шу соҳада меҳнат қилаётгани таъкидланди.

Шу билан бирга, фракция аъзолари Давлат дастурининг ижроси юзасидан қатор саволлар берди. Депутатлар томонидан кўтарилган барча саволларга тегишли вазирликлар масъуллари атрофлича жавоб қайтарди.

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг Давлат дастурининг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маъқулланди.

  • Кўрилди
    482
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+