Муҳим ва устувор вазифалар белгилаб олинди

31.01.2024, 17:49

Муҳим ва устувор вазифалар белгилаб олинди

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида уй-жой ва коммунал хўжалиги, қурилиш, транспорт ва экология соҳаларидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишидан келиб чиқадиган партия ва фракция олдидаги вазифалар кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, аҳолига муносиб шароитлар яратиш, ҳаёт сифатини таминлаш мақсадида бу соҳаларда улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йили ҳудудларда мингдан ортиқ инфратузилма иншооти, 2 мингга яқин кўп қаватли уй-жой барпо этилди. Автомобил йўллари, сув ва иссиқлик тармоқлари қурилди. Транспорт хизмати учун янги автобус ва самолётлар олиб келинди.

Шу билан бирга, қурилиш соҳасига замонавий стандартларни жорий қилиш ва сифатини таъминлаш борасида камчиликлар кўп. Ичимлик суви таннархи ва тармоқлардаги йўқотишлар камаймаган. Фуқаро авиациясида маҳаллий рейслар талабга нисбатан 2-3 баробар кам. Темир йўлда юк ташишга кўп вақт кетмоқда. Тошкент шаҳрида тирбандлик муаммоси ҳалигача ҳал бўлгани йўқ. Ҳаво ифлосланишининг олдини олиш бўйича чоралар етарли эмас.

Танқидий руҳда ўтган йиғилиш аввалида шу каби камчиликларнинг сабаблари кўриб чиқилди. Фаолиятида сусткашликка йўл қўйган бир қатор раҳбарларга интизомий чоралар қўлланди, келгусида ушбу муаммоларни олдини олиш, тез фурсатда бартараф этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди, йўл ҳариталари белгилаб олинди.

Фракция аъзолари кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар. Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда барча фракция аъзолари, жойлардаги маҳаллий кенгашлар депутатлари, партия фаоллари олдига ҳам катта масъулият юклаши, жойларда кучли жамоатчилик, парламент назорати тадбирларини олиб бориш муҳимлигини таъкидладилар.

Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг уй-жой ва коммунал хўжалиги, қурилиш, транспорт ва экология соҳаларидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича белгилаб берган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган партия ва фракциянинг узоқ муддатли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиши кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда кўриб чиқилган кейинги масала — “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси бўлди.

Давлат дастури лойиҳасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 5 та йўналиши кесимида 2024 йил учун амалий чора-тадбирлар (295 та) ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (117 та) рўйхатлари белгиланмоқда.

Дастур лойиҳасида халқимизнинг кундалик ҳаётида ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича тизимли ҳаракатларни изчил давом эттириш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларига асосланган юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, экологик ҳолатни яхшилаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан унумли фойдаланиш стандартларини кенг жорий қилиш ҳамда халқ манфаатларига йўналтирилган бошқарувни янада такомиллаштириш каби мақсадлар кўзда тутилган.

Йиғилишда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Қонунчилик палатасидаги фракцияси, партиянинг ҳудудий кенгашлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари ва барча фаоллари Давлат дастури лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича ўз таклифлари, тавсияларини бериш билан бирга, бу жараёнга фаол ва ташаббускор иштирок этиши таъкидланди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

  • Кўрилди
    314
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+