Арнасойда амалга оширалаётган “Оққўрғон тажрибаси”да партия фаоллари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқдалар

02.02.2023, 15:21

Арнасойда амалга оширалаётган “Оққўрғон тажрибаси”да партия фаоллари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқдалар

Арнасой туманида аҳоли билан мулоқотнинг янги тизими йўлга қўйилмоқда. Бунда “Оққўрғон тажрибаси”дан фойдаланишга келишилгани бежиз эмас. Натижада фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар амалга оширила бошланди.

Хўш, нима учун мазкур тажриба айнан Арнасойда жорий этиляпти, ахир бошқа ҳудудларда ҳам ечилмаган масалалар етарли-ку, деган савол туғилиши табиий. Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизликни қисқартириш, барча туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантиришга янгича ёндашилишини алоҳида таъкидлаган эди.

Жорий йил бошидан мамлакатимиздаги туман (шаҳар)лар мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб, 5 та тоифага ажратилди. Эндиликда тадбиркорлар учун субсидия, кредитлар ва компенсациялар шу тоифалардан келиб чиқиб ажратилади. Улар учун солиқ ставкалари ҳар хил бўлади. Мана шу мезон асосида республикамиздаги  208 та туман ва шаҳар бешта тоифага бўлинди. Арнасой мамлакатимиздаги табиий ва иқтисодий шароити оғир бўлгин 20 та туман рўйхатидан ўрин олди  ва бешинчи тоифага киритилди.

Айни пайтда мутасадди вазирлик ва идоралар, вилоят ва тумандаги ташкилот, корхона ва муассасаларнинг раҳбарлари бириктирилган ишчи гуруҳ “Оққўрғон тажрибаси” асосида Арнасой туманида  аҳолини ўйлантириб келаётган ижтимоий-иқтисодий масалаларни маҳаллалар кесимида “хонадонбай” ўрганишни ниҳоясига етказди. Туман даражасида 43 та, вилоят даражасида 28 та ва республика даражасида 99 та ҳал этиладиган муаммо ва камчиликлар аниқланиб, уларни  45 кун ичида бартараф этиш юзасидан амалий ишлар олиб борилаётир.

– “Оққўрғон тажрибаси”нинг дастлабки самаралари ҳозирданоқ кўринди, – дейди маҳаллий кенгашга O‘zLiDePдан сайланган депутатларимиздан бири   Гулмира Зоитова. – Энг муҳими, одамларда вазият яхши томонга ўзгараётганига ишонч пайдо бўлди. Аҳолининг қўллаб-қувватлаши эса кўзланган марраларга етишда долзарб аҳамият касб этади. Ишчи гуруҳ мавжуд муаммоларни имкон қадар тезроқ ечишга интилаётгани ишончни янада мустаҳкамламоқда. Мисол учун, айрим ҳудудларда электр трансформаторлари, тармоққа уланган симлар эскириб, ўз муддатини ўтаб бўлгани сабабли узилишлар рўй бериб, “свет” ўчиб қолаётганди. Ўрганишлар давомида 3 та трансформатор янгиланиб, 10 таси таъмирланди. 58 та темир-бетон устун ўрнатилиб, юқори кучланишли симлар алмаштирилди. Чўлқувар маҳалласида 3,4 километрли ичимлик суви тармоғини тортишга киришилди. Водий маҳалласида жойлашган марказий сув иншоотидаги 2 та насос капитал таъмирланиб, қайта ишга туширилди.

Бу каби ижобий ишлар деярли барча соҳаларда амалга оширилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ногиронлиги бор инсонлардан хабар олиняпти. Масалан, Мирзо Бобур, Ғафур Ғулом, Ғолиблар ва Олтин водий маҳаллаларидаги 2 минг 610 та хонадоннинг барчасига уйма-уй кириб чиқилди. Унинг натижаларига кўра, 24 та тураржойга газ баллони етказиб берилди.

Шунингдек, 3 нафар фуқарога кредит ажратилди, 10 нафарга яқини ишга жойлаштирилди, 23 кишига эса ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Гулбаҳор маҳалласида яшовчи, “Аёллар дафтари”га киритилган Х.Махатовага уй-жойини таъмирлаш учун зарур қурилиш материаллари тўлалигича етказиб берилди.

– Беш йил муқаддам “Обод маҳалла” дастури бошланганда барчамиз манасликларга ҳавас қилган эдик, – дейди меҳнат фахрийси Исоқ ака Аввалбоев. – Бугун биргина маҳалла эмас, бутун Арнасой тумани обод манзилга айланаётганидан  қувонмай бўладими ахир!

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳар бир соҳада туман, вилоят ва республика миқёсида масъул вакилларнинг биргаликда иш олиб бориши, яқин ҳамкорлиги муаммоларга тезкорлик билан ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.

Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,

O'zLiDeP Жиззах вилояти Кенгаши

бўлим мудири

  • Кўрилди
    525
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+