Ваъда бериш осон, лекин уддалаш қийин

03.02.2023, 10:19

Ваъда бериш осон, лекин уддалаш қийин

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Дониёр Ғаниев билан суҳбат

– Дониёр Авазович, кутилган ва кутилмаган саволларга жавоб бериш учун розилик бериб, вақт ажратганингиз учун раҳмат. Айтинг-чи, депутатликка номзодини қўйган вақтдаги Ғаниев билан ҳозир амалдаги парламент вакили Ғаниевнинг дунёқараши, мавжуд муаммолар ечимига муносабатида қандай ўзгаришлар юз берди?

– Инсон тафаккури, дунёқараши шаклланиши эволюцион жараён эканлиги ҳисобга олинса, вақт ўтиши билан жамиятда юз бераётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ўзгаришлар таъсирида ҳар бир инсоннинг дунёқараши, унинг атрофдаги воқелик ва муаммоларга муносабати табиий равишда ўзгариб боради.

Шу маънода айтишим мумкинки, депутат сифатида ўтган уч йилдаги фаолиятим шахс сифатида шаклланишимда катта мактаб вазифасини ўтади. Орттирилган тажриба ва билимларим натижасида сиёсий-иқтисодий қарашларим тубдан ўзгарди, деб айта оламан. Жамият тараққиёти, иқтисодий фаровонлик ва эркинликни таъминлашда ҳамда биз юз тутаётган кўплаб муаммоларга мамлакатда сиёсий ва иқтисодий институтлар шаклланиши ва уларнинг самарали ишлаши энг тўғри тизимли ечим эканини англаб етдим.

– Ўша пайтда ўз номзодингизнинг айнан Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан қўйилишига розилик билдирганингизда нималар ҳақида ўйлагансиз? Сизнингча, партиянинг cайлов олди дастурига киритилган устувор вазифаларнинг қайсилари бугунгача бажариб бўлинди?

– Шахсан мен табиатан сиёсий-иқтисодий қарашлари либерал инсонман. Яъни жамиятда ҳар бир фуқаро ўз ижтимоий-иқтисодий танловларида эркин бўлиши (албатта, бошқа бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинлигини суиистеъмол қилмаган ҳолда), давлатнинг иқтисодиётда улуши ва роли чекланиб, фақат ўйин қоидаларини белгиловчи сифатида бўлиши, барча иқтисодий муносабатлар бозор қоидалари асосида амалга оширилиши тарафдориман. O‘zLiDePнинг ҳам асосий мақсад ва принциплари шахсий қарашларимга бевосита ҳамоҳанг. Яъни жамиятда тадбиркорликни ривожлантириш, фуқароларнинг шахсий эркинлиги ва ҳуқуқларини кенгайтириш каби олий ғоялар атрофига қурилган. Шу боис ҳам менга O‘zLiDeP сиёсий куч сифатида табиий танлов бўлган.

Энди айнан шу партиянинг сайловолди дастурига тўхталадиган бўлсак, ўйлайманки, ўтган муддат оралиғида партия ўз олдига қўйган бир қатор мақсадларни амалга оширишга, ташаббусларни илгари суришга эришди. Хусусан, иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва бюрократик тўсиқларни камайтириш, ер участкаларини хусусийлаштириш ва хусусий мулк дахлсизлигини мус таҳкамлаш, шахснинг фуқаролик ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, давлат хизматлари соҳасини тартибга солиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат буюртмасига чек қўйиш борасида муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилишга эришилди. Жумладан, O‘zLiDePнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ташаббуси ва фаоллиги билан қабул қилинган “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги каби қонунларни бунга мисол сифатида келтириш мумкин.

Лекин тан олиш керак, ҳали сайловолди жараёнларда электорат олдида берилган ваъдаларимизнинг уддасидан тўла чиқа олганимиз йўқ. Парламентдаги энг йирик партия сифатида сайловчилар ишончини қозониш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан бажарилиши муҳим бўлган бир қатор масалалар ҳамон ўз ечимини кутмоқда. Хусусан, иқтисодиётда монополияга чек қўйиш ёки уларнинг улушини қисқартириш, ташқи савдони эркинлаштириш, коррупцияга қарши кураш, қонун устуворлигини ва одил судловни таъминлаш, энергетика соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш бўйи ча қонунчиликни такомиллаштириш каби вазифалар олдимизда турибди.

– Баъзан сайловчилар ва, айниқса, ОАВ вакилларидан депутатлар фаолиятига оид ҳар хил эътирозли гап-сўзларни ҳам эшитиб қоламиз. Айрим долзарб муаммо ва масалалар кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётганида халқ сайлаган вакиллар муносабат билдиришда сусткашлик қилишди, деган қарашларга нима дейсиз?

– Вазиятга умумий ракурс билан қараганда, тан олиб айтиш керакки, сўнгги йилларда мамлакат бошқаруви жараёнида парламентнинг роли ва иштироки сезиларли даражада фаоллашди. Шу билан бирга, парламент фаолиятида жамоатчилик билан алоқалар яхшиланди, қонун лойиҳалари муҳокамалари ва уларни қабул қилиш жараёнлари шаффофлашди.

Бошқа томондан, давлат раҳбари ташаббуси билан илгари сурилган сиёсий ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг ҳам сиёсий жараёнларда иштироки кенгайди, давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамаотчилик назорати ўрнатиш ва уларга баҳо бериш имконияти яратилди. Бу эса ўз-ўзидан фуқаролар томонидан нафақат парламент ёки депутатлар, балки барча давлат органлари мансабдор шахслари фаолиятига нисбатан танқидий қарашлар шаклланишига олиб келди. Қайсидир маънода бу табиий жараён ҳам.

Шу билан бирга, тан олиш ҳам керак, барча бўғиндаги депутатлар фаолияти тўла-тўкис қониқарли деб мақташга шошилмайлик. 2019 йилги “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтган сайловларда халқимиз ўзи сайлаган депутатлар, партияларга катта ишонч билдирган эди, лекин ана шу билдирилган ишонч қай даражада ўзини оқлади, деган саволга жавоб топиш фурсати ҳам етиб келди деб ўйлайман. Афсуски, сайловчиларни қийнаётган масалалар ва муаммоларни ҳар доим ҳам “катта минбарга” олиб чиқолганимиз йўқ.

Аслида фуқаролар томонидан депутатлар шаънига билдирилаётган ҳақли эътироз ва асосли танқидлар сиёсий партияларга ҳам ўзига хос сигнал бўлиши керак. Агар воқеалар ривожи ўзгариб, партиялар ва депутатлар фаолияти кескин ўзгармаса, келгуси сайловларда сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар учун осон бўлмаслигини тахмин қилиш қийин эмас.

– Бундан 20-25 кунча аввал, яъни халқона ибора билан айтадиган бўлсак, қора совуқ маҳалидаги айрим идоралар томонидан палапартишлик, шошқалоқлик билан қабул қилинган ўзгарувчан қарорлар, бугунги гапнинг эртага тўғри келмаслиги, баъзи мутасадди вазирликларнинг хатти-ҳаракатларига депутат сифатида қандай муносабат билдирасиз?

– Аномал совуқ деб номланган синовли кунларда ўқув муассасаларида таътил муддатини узайтириш борасидаги пала-партиш қарорлар қайсидир маънода бошқарув тизимидаги камчиликларни кўрсатиб берди. Биринчи навбатда, қарорларнинг бу шаклда қабул қилиниши, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бошқарув тизими ҳали ҳам “қўл бошқаруви” асосида юритилаётганининг исботи бўлди.

Иккинчидан, вазирликлар томонидан қабул қилинган қарорларнинг қисқа муддатда қайта-қайта ўзгартирилиши ўша маҳкамаларда ўз соҳаларига оид давлат сиёсатини амалга оширишда бошқарув мустақиллиги етишмаслигини, вазирларда эса, афсуски, қабул қилинган қарорлар учун сиёсий масъулият ва жавобгарлик йўқлигини англатди.

Учинчидан, ҳудудларда ҳокимлар якка бошқарувига чек қўйилиб, маҳаллий ҳокимият органларига малака, кўникма ва лаёқат жиҳатидан муносиб ҳокимлар тайинланиши/сайланиши нақадар муҳимлигини англаб етдик. Токи ҳудудларда мустақил, профессионал ишловчи ва, энг асосийси, ижро ҳокимиятининг фаолияти устидан назорат ўрната оладиган, ҳокимлар ваколатини тийиб турадиган холис маҳаллий кенгашлар фаолияти йўлга қўйилмас экан, ҳеч кимга ҳисобдор бўлмаган, ваколатлари чексиз ҳокимларнинг қарорлари ижроси бўйича муаммолар ечимини топиш оғир кечади.

– Нисбатан чекина бошлаган қиш фаслининг инжиқликларига ҳаммамиз гувоҳ бўлдик, тўғрими? Масалан, аномал совуқ кунлари юртимизда юзага келган энергетик инқирозларни оқилона енгиб ўтишда парламент ва партияларнинг ҳозирги ўрни қандай бўлиши керак? Жумладан, сиз аъзоси ҳисобланган O‘zLiDeP фракцияси қандай ташаббусларни илгари сурса, мавжуд муаммолар юмшашига, оддий одамлар ҳаёти ва умумиқтисодиётга зарари камайишига эришилади?

– Парламент ва сиёсий партияларнинг маълум бир тармоққа оид муаммолар ечимидаги асосий вазифаси соҳа ривожи учун мустаҳкам ҳуқуқий асосларни яратиш ҳамда мазкур қонун ҳужжатларининг ижроси юзасидан ижро ҳокимияти фаолиятини назорат қилиб боришдан иборат. Шу маънода, бир муддат мамлакатда юзага келган энергетик инқирозларни бартараф этиш учун соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотлар учун парламент томонидан зарур қонунлар қабул қилиниши, ҳуқуқий асослар яратилиши керак, деб ҳисоблайман.

Таҳлилларга қарайдиган бўлсак, кейинги пайтларда энергетика соҳаси бўйича муаммолар юзага келаётганининг бош сабаби аҳоли ва корхоналар ҳамда иссиқлик ташкилотларига етарли миқдор ва босимларда газ етказиб берилмаётгани билан боғлиқ. Яъни соҳага бозор муносабатлари жорий қилинмагани боис газ қазиб чиқариш кескин камайган, чунки газ қазиб чиқаришни оширишга иқтисодий рағбат йўқ. Қолаверса, нархлар талаб ва таклиф асосида белгиланмаслиги оқибатида амалдаги газ истеъмол харажатларини қоплаш учун бир йилда бюджетдан 16 трлн. сўмдан ошиқ маблағ йўналтирилмоқда. Лекин давлат бюджетидан ажратилаётган бу субсидия маб лағларидан газ ва электр яхши таъминланган, яъни асосан пойтахт ва марказий шаҳарларда яшовчи даромади нисбатан юқори аҳоли фойдаланмоқда.

Ўйлайманки, энергетика соҳасига ҳам тўлиқ бозор муносабатларини жорий этиш, нархларнинг эркин белгиланиши учун керакли ҳуқуқий асос яратиш зарур. Бу бир томондан, газ хомашёсини етказиб беришни (хоҳ маҳаллий, хоҳ импорт) оширса, иккинчидан, аҳоли ва корхоналар томонидан энергетика истеъмолида тежамкорликни рағбатлантиради. Албатта, бу коммунал хизматлар нархларининг ошишига сабаб бўлиши ва аҳолининг кам даромадли қисмига қийинчилик туғдириши мумкин. Лекин ҳозирда газ қазиб чиқариш учун ажратишдан тежаладиган 16 трлн. сўм маб лағнинг бир қисмини аҳолининг айнан қийналган қисмини тўғридан-тўғри, манзилли рўйхат асосида қўллаб-қувватлашга йўналтириш орқали нархлар ошишининг салбий оқибатларини юмшатиш мумкин.

Озод РАЖАБОВ суҳбатлашди.

  • Кўрилди
    601
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+