Ижтимоий солиқ тўловлари янада камайтирилади

17.02.2023, 10:34

Ижтимоий солиқ тўловлари янада камайтирилади

Собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг мутахассис ходимлари ва Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан аҳоли бандлигини таъминлашдаги муаммолар ўрганилганда якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ҳар ойлик ижтимоий солиқ суммасининг юқорилиги, шахсий томорқа ер участкасида фаолият юритаётган фуқаролар меҳнат стажини ҳисоблашда айрим ортиқча талаб ва таомиллар сақланиб қолаётгани маълум бўлди.

Ўрганиш натижалари таҳлил қилиниб, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли тартибда ҳукуматга тақдим этилган эди.  Президентимизнинг “Норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам мазкур муаммоларнинг ҳуқуқий ечими юзасидан топшириқлар берилиб, тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган эди. Ушбу лойиҳа ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган эди. Куни кеча бўлиб ўтган парламент қуйи палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига норасмий бандликни қисқартиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси депутатлар томонидан уч   ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Мазкур қонун билан Солиқ кодексининг 408-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилиб, савдо мажмуалари ва бозорларда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлардан ташқари бошқа якка тартибдаги тадбиркорларнинг ходимлари учун тўланиши лозим бўлган ижтимоий солиқ суммаси йилига БҲМнинг олти бараваридан бир баравари миқдоригача камайтирилмоқда. Шунингдек, Меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баравари миқдорида шахсий томорқа ер участкаларида банд бўлган ёки мазкур майдонда чорвачилик (қорамол, қўйлар, эчкилар, отлар ва бошқалар), иссиқхона хўжалиги, паррандачилик (товуқлар, беданалар, куркалар, ғозлар, ўрдаклар), қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, лимончилик, гулчилик (жами 9 та фаолият йўналиши) билан шуғулланаётган шахсий томорқа ер участкаларининг эгалари ёки уларнинг оила аъзолари бўлган фуқаролар томонидан (томорқа ер участкасининг майдони ёки улар томонидан парвариш қилинаётган уй ҳайвонлари ва паррандаларнинг сонидан қатъи назар) ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаш имкониятини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Шу билан бирга, “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасига шахсий томорқа ер участкаси майдонига ёки улар томонидан парвариш қилинаётган қорамол ва паррандаларнинг сонига қўйилган талабларни ҳам чиқариб ташлаш ҳамда  шахсий томорқа ер участкасида банд бўлган фуқаролар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият йўналишларини янада кенгайтиришни назарда тутган ўзгартиш ва қўшимча киритилмоқда. Яъни, томорқа майдонининг 4 сотихдан кам бўлмаслиги, мазкур майдонда шохли қорамол ёхуд камида эллик бош парранда бўлиши кераклиги ҳақидаги талаблар чиқариб ташланмоқда.

Таҳлил ва ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қонуннинг қабул қилиниши натижасида солиқ имтиёзлари ҳисобига 2023 йилда 8,2 млрд. сўм маблағ солиқ тўловчилар ихтиёрида қолиши кутилмоқда. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан ёлланиб ишлаётган ходимларга берилган енгиллик эвазига норасмий тартибда фаолият кўрсатаётган 714 минг ёлланма ишчининг камида 10 фоизи (71,4 минг) расмийлаштирилган тақдирда, 22 млрд. сўмга яқин маблағ бюджетга қўшимча тушиши кутилмоқда.

Мазкур қонун O‘zLiDeP электорати бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар, томорқа хўжалигида меҳнат қилувчи фуқароларнинг ижтимоий солиқ тўловлари ва меҳнат стажини ҳисоблашни янада соддалаштиришга, кўпроқ иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.

Мавлуда ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    320
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+