Ер участкаларини хусусийлаштириш борасида қандай ишлар қилинмоқда?

17.02.2023, 17:30

Ер участкаларини хусусийлаштириш борасида қандай ишлар қилинмоқда?

2023 йил 17 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун доирасида амалга оширилган ишлар, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чоралар юзасидан масъул вазирлик ва идораларнинг ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш, ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш, соҳада норматив-қуқуқий хужжатларни ишлаб чиқиш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.

2021 йил 15 ноябрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун мамлакатимизда хусусийлаштириш жараёнига тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этишга, ер бозорининг шаклланиши ва ривожланишига, кўчмас мулк бозорининг жадал ўсиши ва мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш имкон яратди.

Мазкур ҳужжат билан якка тартибдаги тадбиркорларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун ер участкаларини хусусийлаштиришга имкон яратилди. Шунингдек, кичик саноат зоналари, хусусийлаштирилиши мумкин бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинди.

Тақдим этилган ахборотга кўра, мазкур қонун ижросини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2 та қарори ва улар доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий Регламент қабул қилинган.

Шу билан бирга, амалиётдан келиб чиқиб ер участкаларини аукцион савдоларига чиқаришда амалдаги тартиб-таомилларни соддалаштирилди. Ер участкаларини аукцион савдоларига чиқариш муддатларини қисқартириш, ер участкаларини хусусийлаштириш қийматини камайтириш мақсадида амалдаги тартиб такомиллаштирилди. Хусусан, бўш ер участкаларини электрон онлайн-аукционга қўйиш муддатлари ижара ҳуқуқи билан бериладиган ер участкалари учун 48 кундан 16 кунгача, мулк ҳуқуқи билан бериладиган ер участкалари учун 74 кундан 22 кунгача қисқартирилди.

2022 йилнинг бошидан бугунги кунга қадар “Ерелектрон” ахборот тизимига жами 90,8 мингта (5 827 гектар) бўш ер участкалари бўйича таклифлар киритилиб, шундан 59,1 мингтаси (3 589,7 гектар) 1,71 трлн сўм бошланғич нархда аукцион савдоларига чиқарилган.

Аукцион савдоларида бошланғич нархи 695,6 млрд сўм бўлган 14,9 мингта (1 304,5 гектар) ер участкалари 1,11 трлн сўмга сотилган ва 614 млрд сўм тўловлар амалга оширилган. Қолган маблағларни бўлиб тўлаш бўйича жараёнлар олиб борилмоқда.

Айниқса, юридик ва жисмоний шахсларга доимий фойдаланиш, ижара ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш қийматини аввал йиллик ер солиғининг 20 баравари, кейинчалик Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида – ер солиғининг 10 баравари, бошқа ҳудудларда
5 баравари қилиб белгилангани ҳам соҳадаги қулайликлардан биридир.

Йиғилишда мазкур йўналишда қатор ишлар амалга оширилишига қарамай, айрим муаммо ва камчиликлар борлиги, бартараф этилиши зарур бўлган масалалар кўзга ташланаётгани қайд этилди. Жумладан, “Yerxususiylashtirish” ААТда ер участкасининг кадастр рақами билан биргаликда унинг локацияси орқали аниқ координаталарини белгилаш, иқтисодий жиҳатдан жозибадорлиги паст бўлган ерларни аукционга чиқариш ҳолатлари мавжудлиги, электрон платформаларнинг мураккаблиги, айниқса, тарғибот ва ташвиқот ишлари тўғри йўлга қўйилмагани айтилди.

Шунингдек, шаҳарсозлик ҳужжатлари бўлмаган жойлардаги ерларни ҳудудий архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши билан келишилган ҳолда савдоларга чиқариш ҳамда ижара ҳуқуқи асосида савдога чиқарилаётган ер участкалари бошланғич нархини бозор шароитига мос равишда ҳисоблаш механизмларини жорий этиш таклифлари илгари сурилди.

Депутатлар ҳар бир вазирлик ва идораларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш, мамлакат инвестицион жозибадорлигини оширишда тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаб, йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан аниқ ва қатъий чоралар кўриш бўйича тегишли тафсилар берди.

Шу билан бирга, халқ вакиллари вазирлик ва идоралар томонидан мазкур масалада олиб борилаётган чора-тадбирларни натижадорлигини таъминлашда ҳамкорликда ишлашга тайёрлиги ва доимий равишда таклифларни бериб боришини қайд этдилар.

Якунда кун тартибидаги масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

  • Кўрилди
    644
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+