Депутатларнинг танқидига нима сабаб бўлди?

21.02.2023, 16:38

Депутатларнинг танқидига нима сабаб бўлди?

2023 йил 20 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда “Аграр соҳада тадбиркорликни ривожлантириш масалалари, фермер ҳўжаликлари ва кластерлар ўртасидаги мавжуд муаммолар таҳлили, деҳқон хўжаликларини ташкил этиш борасидаги ишлар ҳолати” юзасидан масъул вазирлик ва идораларнинг ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда барча тармоқларда кластерлар фаолиятини ривожлантириш ва рағбатлантириш, айниқса, пахта-тўқимачилик, мева-сабзавотчилик йўналишларида кластерлар фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишдаги масъулиятини ошириш, маҳсулот етиштирувчи ва уни қайта ишловчиларнинг манфаатдорлигини таъминлашга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, 2022 йилда республикда 134 та пахта-тўқимачилик кластери фаолият юритиб, 1 млн 32 минг гектар ер майдонларида жами 3,5 млн.тонна пахта хомашёси етиштирилган. Ғаллачилик кластерлари сони 38 тага ошиб, 195 тага етган ва улар билан шартнома асосида фаолият юритаётган фермер хўжаликлари томонидан 928 минг гектар ер майдонида ғалла парваришланиб, 6 млн 496 минг тонна ғалла ўриб-йиғиб олинган.

Шунингдек, мева-сабзавотчилик кластерларига бириктирилган 181,2 минг гектар ер майдонларидан 1,4 млн. тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, шундан, 454,4 минг тонна ички истемолга, 630 минг тонна қайта ишлашга ҳамда қиймати 265 млн.долларлик 315,6 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулоти эскпортга йўналтирилган.

Йиғилишда депутатлар эришилган ютуқларни эътироф этиб, соҳада учраётган айрим муаммоларга алоҳида эътибор қаратишди. Депутатлар томонидан Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятларида ўтказилган ўрганишларда айрим муаммоли вазиятлар қайд этилган. Хусусан, ҳар бир кластерда ўртача 10-15 фоиз пахта ва ғалла майдонларини қисқартиш ҳисобидан аҳолига деҳқон хўжаликлари учун ажратилаётган ер майдонлари бугунги кунгача кластерлар ҳисобида турганлиги муҳокамаларга сабаб бўлди.

Бундан ташқари, 2023 йил учун кластерлар ва фермер хўжаликлари ўртасида пахта хом ашёси етиштириш ҳамда харид қилиш бўйича фьючерс шартномаси бир томонлама кластер манфаатига мос равишда ишлаб чиқилиши ҳолати кузатилаётгани, ҳосилдорлик центнерлари ер балл бонитетидан келиб чиқмасдан белгиланаётгани, маҳсулотлар етиштириш харажатлари учун кластерларга ажратилган имтиёзли кредитларнинг фоизлари фермер хўжаликлари зиммасига юкланаётгани депутатлар томонидан танқид қилинди.

Савол-жавобларга бой бўлган йиғилишда депутатлар томонидан маҳсулотларни етиштириш бўйича имтиёзли кредитлар тўғридан-тўғри фермер хўжаликларига ажратилиши, фермерлар ҳудуддаги исталган кластерлар билан шартнома тузишдаги тўсиқларни бартараф этиш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, депутатлар соҳада учраётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган қатор таклифларни илгари суришди. Хусусан, кластерлар ва фермер хўжаликлари ўртасидаги фьючерс шартномаларининг мутасаддилар билан келишилган шаклда намунавий лойиҳасини ишлаб чиқиш, норматив-ҳуқуқий хужжатларда шартнома тузиш эркинлигини бузиш, шартнома тузишга мажбур қилиш ҳолатлари учун жавобгарлик белгилаш зарурлиги айтиб ўтилди. Шартномаларни қоғоз шаклда тузишдан воз кечиш ва электрон тартибда, ягона ахборот порталида рўйхатдан ўтказиш, унинг ижросини доимий мониторинг қилиб бориш бўйича тизим яратиш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилиш давомида депутатлар томонидан фермер хўжаликларига ва пахта-тўқимачилик кластерларига имконият яратиш мақсадида Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси кредит ресурслари ҳисобидан тижорат банклари томонидан тўғридан-тўғри ер участкасига эгалик ҳуқуқи бўлган фермер ва кластерларга имтиёзли кредитлар ажратилишини белгилаш таклифи берилди.

Шу билан бирга, бугунги янгиланиш даврида долзарб аҳамият касб этаётган барча пахта ва дон қабул қилиш масканларини янги, замонавий лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш ҳамда пахта ҳомашёси ва бошоқли дон қабул қилишда амалдаги стандларт талабларини жаҳон стандлартлари талабларига мувофиқлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Баҳс-мунозараларга бой бўлган йиғилишда депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олишди.

Тадбир якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар инобатга олиниб, тегишли қарор қабул қилинди.

  • Кўрилди
    366
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+