Халқнинг сўзи ва ҳуқуқлар алифбоси

20.04.2023, 11:14

Халқнинг сўзи ва ҳуқуқлар алифбоси

У БИЗГА НИМА МУМКИН-У, НИМА МАН ҚИЛИНГАНИНИ ЎРГАТАДИ. ТАЛАБ-ИСТАКЛАР ВА МАЖБУРИЯТЛАР МУВОЗАНАТИНИ ЯҚҚОЛ КЎРСАТИБ ТУРАДИ.

“Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас”.

Ислоҳотлар қачон муваффақият қозонади? Агар унда инсон манфаатлари устувор аҳамият касб этган бўлса!

Яна-чи? Яна у вақт ва макон тақозоси, давр эҳтиёжи бўлса! Тараққиётнинг ҳуқуқий таъминотини тубдан такомиллаштириш фурсати пишиб етилган бўлса!

Ўзбекистонда ана шундай зарурат беш-олти йил аввал юзага чиққани эксперту мутахассислар, мансабдору мутасаддиларга яхши маълум. Таққослама таҳлиллар олдинроқ бошлангани ҳам ҳақиқат. Хўш, унда нега конституциявий ислоҳот ташаббуси фақат ўтган йилга келиб илгари сурилди? Боиси, Бош қомусимизнинг қайси меъёрлари замон талабига мос келмай қолганини чуқур таҳлил қилиш, қолаверса, қарийб 30 йил муқаддам тасдиқланган нормаларнинг айримлари эскирганини ҳар бир шахс ўз ҳаёти мисолида тушуниб етиши учун муайян муддат керак эди.

Юқорида алоҳида таъкидланганидек, мамлакат аҳолисининг барча қатламлари қарашларини ифодалайдиган, шунингдек, халқаро конвенциялар ва жаҳон ҳамжамияти олдидаги мажбуриятларни инкор этмайдиган лойиҳани ишлаб чиқиш осон кечгани йўқ. Ҳар бир сўз, ҳар бир сатрда инсон қад ри улуғлигини акс эттириш ўта машаққатли кечди. Турли кодекс ва қонунлардаги баъзи нормаларни конституция даражасига кўтариш масаласи қайта-қайта экспертизадан ўтказилди. Натижада халқимизнинг аксарият қисми учун манзур бўладиган ҳаётий ҳужжат шаклига келди. Инкор этмаслик керакки, айримлар янгиланаётган Конституция матнига нисбатан позитив фикр билдираётгани, очиқ-ошкора объектив хулосалар бераётганининг сабаби ҳам шунда аслида

Мулоҳазаларни аниқ мисоллар орқали асослашга уриниб кўрайлик: масалан, янги таҳрирдаги лойиҳанинг 28-моддасини олайлик. Олти қисмдан иборат бу моддада қатъий белгилаб қўйилаётган меъёрлар сизу бизнинг ҳаётимизга қай даражада дахлдор эканлигини тўғри англаб олишимиз учун етук мутахассис ё олий маълумотли бўлиш шарт эмас. Ўқиймиз: “Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан белгиланмагунча айбсиз деб ҳисобланади. Айбланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади”. Кўриб турганингиздек, ҳаммамизга тушунарли ойдек равшан қоида, тўғрими?

Инсон қадр-қиммати, манфаатини олий ўринга қўйиш шу модданинг кейинги қисмларида тобора юқори поғоналарга кўтарилиб боради. Яна эътибор қаратайлик: “Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак”.

Ҳаммаси тушунарли. Бундан ҳам муҳим жиҳати шундаки, янгиланаётган Конституция насиб этса ҳаётга жорий этила бошлагач, қилмаган ноқонуний хатти-ҳарактингиз учун ўзингизни оқлашга ҳожат қолмайди-да. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги билан боғлиқ норма буни кафолатлайди.

Тушуняпсизми, энди аввалги замонлардагидек, на прокурор, на терговчи ёки бирор амалдор ҳеч кимни ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбурлай олмайди. Чунки айни шундай қатъий талаб ҳам Бош қомуснинг ўзида аниқ қилиб кўрсатиб қўйилмоқда.

Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга эски тузумдан салбий мерос бўлиб қолган “догма”лар ҳам барҳам топади. Уларнинг ўз фаолиятига ёндашуви фуқароларни жазоловчиликдан инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилувчи ва ҳимояловчига, поймол қилинган ҳуқуқларни тикловчиликка ўзгартирилади:

“Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.

Озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга”.

Илгари кимдир қамалса, адашиб боши берк кўчага кириб қолган бўлса ёхуд масъул лавозимда ишлаб туриб “урилса”, унинг оиласидагилар, ҳатто яқин қариндошуруғлари учун ҳам деярли барча эшиклар тақа-тақ ёпиларди. Ҳуқуқни муҳофаза этиш органларида хизмат қилишга ҳар томонлама муносиб фарзанд отасининг қачонлардир содир этган қилмиши, хатоси учун яқин вақтларгача ишга киролмасди-ку! Энди мутлақо бундай бўлмайди. Худди шундай бўлмағур ҳолатни тўлиқ тугатиш мақсадида қуйидаги норма, таъбир жоиз бўлса, катта ҳарфларда аниқ-тиниқ ёзиб қўйилмоқда: “Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас”.

Асосий қонунда инсонга қўлланадиган ҳуқуқий таъсир чоралари мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланаётганини қайд этиш жоиз. Ушбу қоида давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда бажариши билан боғлиқ масъулиятини янада оширади.

Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан мустаҳкам алоқаларнинг сақлаб қолиши ҳамда ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши белгиланмоқда. Маълумки, турли давлатларда минглаб ватандошларимиз иш, ўқиш ва бошқа мақсадларида яшаб келишмоқда. Мазкур норма Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги обрўси ва ижобий имижини мустаҳкамлашга, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, шунингдек, хорижда яшаётган, ишлаётган, ўқиётган ватандошларимиз билан алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмаслиги ҳамда бундай ишларга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши белгиланмоқда. Инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш бўйича муҳим институтлардан бири “Хабеас корпус акти” – шахснинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суд қарори асосида амалга оширилиши шартлигини белгилайди. Ушбу қоида шахсий эркинлик дахлсизлигини кафолатлаб, тергов органлари томонидан инсонларни ноқонуний ҳибсга олиш, асоссиз қамаш ва сақлашнинг олдини олади.

Шахснинг суд қарорисиз 48 соатдан кўп муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. Мазкур қоида биринчи навбатда шахснинг асоссиз ва аниқ муддатсиз ҳибсга олинишига йўл қўймаслик талабини қатъий белгилайди. Шунингдек, ушбу кафолат орқали озодлиги чекланган шахсга реал 48 соат ичида яқин қариндошларига, адвокатига телефон қилиб қаерда сақланаётганлигини, ҳолати қандай эканлигини билдириш имкониятини яратади.

Ҳар бир шахснинг республика ҳудудида эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи, мамлакатдан ташқарига чиқиш ҳамда Ўзбекистонга монеликсиз қайтиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Сир эмаски, яқин ўтмишда эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини асоссиз чекловчи қонуности ҳужжатлари мавжуд эди. Мисол учун, баъзида пойтахтга келиш учун йўллардаги назорат постларидан паспортсиз ўта олмас эдик. Эндиликда мазкур конституциявий қоида киритилиши билан эркин ҳаракатланиш қадрият даражасида олий ҳуқуқий ҳужжатда ўз аксини топмоқда.

Мухтасар хулоса ўрнида, янгиланаётган Конституцияни яхлит шаклда ХАЛҚНИНГ СЎЗИ ВА ҲУҚУҚЛАРИНИНГ АЛИФБОСИга қиёсласак муболаға бўлмаса керак. Лекин катта-кичик давраларда “қонунлар қонуни” дея эътироф этиладиган Конституция ўзўзидан ишламайди. Инсон қадрини кўтаришга йўналтирилган нормаларнинг ҳаётбахш самарасини кўриш учун унинг моддаларига сингдирилган ғояларни теран англаш ва амалда қўллай билиш даркор. Ана шундай интилиш, мақсад сари қатъий ҳаракат, ўйлайманки, ҳаммамизга ҳамроҳ бўлади.

Сардор ҒИЁСОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси раиси ўринбосари,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    434
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+