Табиий сув ҳавзаларини ижарага бериш онлайн аукцион орқали бўлади

25.04.2023, 17:14

Табиий сув ҳавзаларини ижарага бериш онлайн аукцион орқали бўлади

Озиқ-овқат хавфсизлиги мамлакат аҳолисини шу каби асосий маҳсулотлар билан ўзини ўзи, мустақил таъминлашга қодирлигини ифодалайди. Шунингдек, озиқ-овқат импортига ўта боғлиқликдан халос бўлганлигини англатади.

Мамлакатимизда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг мўл ва арзон бўлишини таъминлаш чоралари кўрилаётгани сабаби ҳам шунда. Зеро, бу орқали юртимиз аҳолиси истеъмоли учун энг сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотлар етиштирилади. Янги иш ўринлари яратилиб, экспорт ҳажми ортади.

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, аграр соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро имтиёзли кредитлар ажратилгани, фермер ва тадбиркорларга яратилган имкониятлар натижасида маҳсулот етиштириш ҳажми ошмоқда.

Мисол учун, чорвачилик соҳасини олайлик. Энг кўп турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириладиган бу тармоқни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли 2022 йилда чорвачиликда 1 минг 400 та лойиҳа амалга оширилди. Қорамоллар сони 14 миллион, қўй-эчкилар сони 24 миллион бошга етди.

Паррандачилик ҳам етти хазинанинг бири экани ҳаммамизга яхши маълум. Бугунги кунда у чиндан ҳам хазинага айланган. Хусусий тадбиркорликка катта эътибор берилаётган бир пайтда бу соҳа тобора ривожланмоқда. Масалан, ўтган йили паррандачилик хўжаликлари сони 1 минг 300 тани ташкил этиб, тухум етиштириш 4 фоиз, гўштда 28 фоиз ошган.

Эндиликда паррандачидлик хўжаликларига озуқа ва айланма маблағлар учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 35 миллион доллар йўналтирилиши, наслли жўжалар импортини қўллаб-қувватлаш учун субсиядия миқдори оширилиши натижасида парранда гўшти етиштириш ҳажмини йилига 800 минг тоннага етказиш мўлжалланмоқда.

Кундалик турмушимизда балиқ маҳсулотининг ҳам ўрни катта. Зеро, балиқ гўшти инсон саломатлиги учун кони фойда. Кейинги йилларда кўплаб соҳалар қатори балиқчилик ҳам изчил ривожлантирилаётгани, кўл ва сув ҳавзаларининг тадбиркорларга узоқ муддатга ижарага берилиши орқали балиқчилик хўжаликлари кўпайиб, шифобахш маҳсулот етиштириш ҳажми ошмоқда. Буни балиқчилик йўналишида 290 та лойиҳа амалга оширилиб, 502 минг тонна тансиқ гўшт етиштирилгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Албатта, эришилган натижалар ҳақида кўп гапириш мумкин. Лекин бу тармоқларда озуқа ва ер етишмаслиги, айланма маблағлар билан боғлиқ бир қанча муаммолар борки, бу ўз вақтида зарур чоралар кўришни тақозо этади. Шу боис соҳа вакилларининг фикрлари ўрганилиб, таклифлар ишлаб чиқилди.

Президентимизнинг озиқ-овқат тармоқларини қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишиш чоғида бу масалага алоҳида эътибор қаратилар экан, мазкур тармоқларда жорий йилга мўлжалланган чора-тадбирлар ҳақида ахборот берилди.

Мутахасисларнинг фикрича, ҳар куни сут истеъмол қилиш юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлайди. Қолаверса, асаб тизимига тинчлантирувчи таъсир кўрсатиб, уйқусизлик билан курашишга ёрдам беради.

Шу жиҳатдан, Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармасининг грант маблағлари ҳисобидан ҳудудларда сут йиғиш марказлари ташкил этилиши, уларга камида 100 та аҳоли хонадони бириктирилиб, кооператив тизим йўлга қўйилиши жуда муҳим қарор, деб ўйлайман.

Шунингдек, кластерлар томонидан 64 та чорвачилик комплекси барпо этилган ҳолда, жаҳон банкининг маблағлари жалб қилиниб, чорва молларини идентификация қилиш тадбирлари бошланади. Бу орқали тармоқда ҳам сифат, ҳам натижадорлик борасида сезиларли муваффақиятларга эришилади. Зотан, чорвачиликка қаратилган эътибор озиқ-овқат хавфсизлигига қаратилган эътибордир.

Бу жараёнда балиқчилик учун ҳам бир қатор қўшимча имкониятлар белгиланаётгани эътиборга молик. Хусусан, бундан буён табиий сув ҳавзаларини ижарага бериш онлайн аукцион орқали бўлади. Тармоқда 241 та, жумладан, креветкани саноат усулида етиштириш лойиҳаси амалга оширилади. “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури доирасида балиқчилик лойиҳалари учун 50 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар ажратилиши эса ушбу тармоқнинг ривожланишига хизмат қилади.

Буларнинг эвазига жорий йилда 850 минг тонна балиқ етиштириш мумкин. Бунинг учун эса табиий кўллар ва дарёларда балиқ овлаш билан чекланиб қолмай, уларнинг бўйида маҳаллий ва хорижий туристларни жалб қиладиган экотуризм масканлари барпо этиш яхши самара бериши аниқ.

Асаларичилик сердаромад соҳалардан бири ҳисобланади. Асаларичилик билан томорқа майдонларида ҳам шуғулланиб, яхшигина даромад олиш мумкин. Эндиликда 50 минг гектар боғ ва 200 минг гектар дала четларида асалари уяларини жойлаштирилиши шубҳасиз, аҳоли даромадини ошириш билан бирга, юртимиз бозорларида хуштаъм, тоза ва табиий асал маҳсулотининг янада арзон бўлишига ҳисса қўшади.

Умуман олганда, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар иқтисодий фойда кўриш билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Соҳада яратилаётган имкониятлар халқимизнинг ризқини бутун қилиш, дастурхони тўкинлигига эришишга замин яратади.

 Одинахон ОТАХОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

 Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    496
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+