Жаҳон ҳамжамияти эътибори яна Ўзбекистонга қаратилди

29.05.2023, 12:33

Жаҳон ҳамжамияти эътибори яна Ўзбекистонга қаратилди

Демократик тамойилларга таяниб, жадал ривожланишни мақсад қилган мамлакатга шундай муносабат билдирилиши, қисқа муддатда эришган ютуқлари кенг миқёсда таҳлил қилиниши, ислоҳотлар муваффақиятининг омиллари тадқиқотчилар учун долзарб мавзуга айланиши табиий, албатта.

Яна эътибор кучайганининг боиси ҳаммамизга аён, деб ўйлайман. Яқиндагина юртимизда бўлиб ўтган умумхалқ референдуми ҳам ташкилий жиҳатдан, ҳам шаффоф сиёсий тадбир нуқтаи назаридан халқаро экспертлар диққатини тортгани бежиз эмас. Лекин муддатидан илгари сайлов эълон қилинишини, Президентимиз уч ярим йиллик қонуний ваколатидан ўз ташаббуси билан воз кечишини ҳеч ким кутмаганди, назаримда.

Аслида бу ҳам демократиянинг ёрқин намойиши. Конституция 65 фоизга янгиланиб кучга киргандан кейин давлат бошлиғи сайловини қайта ўтказиш адолатли қарордир. Бироқ ҳамма ҳам бунга журъат қила олмайди. Фақат халқи мандат беришига қатъий ишонган кучли лидерларгина шундай қадам қўя олади. Инсон қадрини юксалтириш учун толмайдиган етакчигина ҳаловатидан кечиб ҳаракат қила олади.

Хуллас, олдимизда ғоят масъулиятли, кўпмиллатли халқимиз ва мамлакатимиз тақдирига дахлдор бўлган улкан сиёсий жараён турибди. 9 июль куни бўлиб ўтадиган муддатидан илгари Президентлик сайловига тайёргарлик кўриш Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ҳар бир аъзоси учун машаққатли меҳнат палласидир. Салкам йигирма йил давомида мамлакатимизда ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлиб келаётган O‘zLiDeP етакчилик мақомини қўлдан бермаслик учун навбатдаги курашга киришади. Бунда партиямиз 14 мингдан зиёд бошланғич ташкилотлари орқали ўз сафларида салкам бир миллион уч юз минг аъзони бирлаштиргани мустаҳкам таянч вазифасини ўтайди, деб ишонаман.

Ўз фаолиятининг дастлабки йилларида O‘zLiDeP тадбиркорлар, ишбилармон ва фермерларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ифодачиси сифатида майдонга чиққан бўлсак, эндиликда жамиятимизнинг барча фаол қатламларини фаровонлик ва тараққиёт мақсадларига бирлаштирувчи мустаҳкам сиёсий куч сифатида шаклланди. Бошқача айтганда, либераллар жамият ҳаётига дахлдор муҳим қарорлар қабул қилиш ва ташаббусларни амалга оширишда ҳам етакчидир.

Модомики, биз Конституциявий ҳуқуқимиздан фойдаланиб, муддатидан илгари бўлиб ўтадиган президентлик сайловида ҳам муносиб номзод билан иштирок этамиз. Сайлов кодекси ва уставимизга мувофиқ партиямизнинг президент сайловида иштирок этадиган номзодини юқори органимиз – съезд тасдиқлаб беради.

Юртимиз ҳаётининг барча жабҳаларида: у ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий соҳа бўладими, қишлоқ хўжалиги ёки саноат тармоқлари бўладими, жадал суръатлар билан ўсиши таъминланаётганини халқимиз ва дунё аҳли эътироф этмоқда. Шундай марраларга эришишимизда Шавкат Мирзиёевнинг мислсиз хизмати, бетакрор меҳнати борлигини ҳар қанча таъкидласак-да кам. Шундан келиб чиқиб, ўзининг бутун ҳаёти ва меҳнат фаолиятини Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлигини таъминлашга бағишлаган, кўп йиллардан бери халқимизнинг юксак ишончи ва меҳр-муҳаббатини қозонган инсон номзодини илгари суришни энг тўғри қарор деб ҳисоблаймиз!

O‘zLiDeP номзоди Янги Ўзбекистондаги инновацион ислоҳотлар муаллифи экани баробарида уларни дадил давом эттиришга қодир, талабчан ва ватанпарвар, жуда катта тажриба ва улкан сиёсий салоҳиятга эга раҳбардир.

Сайловолди дастуримиздаги энг муҳим йўналишлар 2022– 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг еттита устувор йўналиши бўйича Тараққиёт стратегияси асосида муваффаққиятли амалга ошириб келинмоқда. Янги Ўзбекистон стратегиясига мувофиқ ҳар бир соҳада давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш, иқтисодиётни эркинлаштириш, қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни шакллантириш, ўзаро манфаатли ташқи сиёсатни амалга ошириш бўйича тизимли чоралар кўрилди. Бундай кенг кўламдаги тарихий ислоҳотларни амалга ошириш ва халқимизни рози қилишдек машаққатли ва шарафли вазифаларни адо этишда шахсан Шавкат Мирзиёев бош-қош бўлиб келмоқда.

“Инсон қадри учун!” тамойили асосидаги ислоҳотлар натижасида аҳолининг бандлиги ошаяпти, соғлиқни сақлаш, таълим соҳалари ислоҳ қилинди, аёлларга муносабат, ёшларга эътибор тубдан ўзгарди. Пухта ўйланган ижтимоий сиёсат натижасида ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларнинг даромадини ошириш борасида “учта дафтар”, ижтимоий реестр тизими йўлга қўйи либ, салмоқли натижаларга эришилди. Натижада охирги олти йилда юртимизда камбағаллик даражаси қарийб икки баробарга қисқарганини алоҳида эътироф этамиз.

Бир сўз билан айтганда, амалий натижа билан мустаҳкамланган, ўз меваси, ҳосилини бераётган ислоҳот одамларнинг қалбига, юрагига тез кириб бормоқда. Ўтган йиллар партиямизнинг электорати бўлган тадбиркор, фермерлар учун ҳам мисли кўрилмаган ўзгаришлар даври бўлди. Тадбиркор йўлига тўсиқ бўлиш давлат сиёсатига хиёнат деб қабул қилинди. Асоссиз текширувларга чек қўйилди, экспортёрлар рағбатлантирилди, ишбилармонлик ташаббуслари тўлиқ қўллаб-қувватланди. Натижада охирги олти йилда тадбиркорлар сони олти баробарга кўпайиб, улар сони икки миллиондан ошгани бунинг яққол исботидир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли сармоядорлар учун ҳам қулай иқтисодий муҳит яратилди, киритилган хорижий сармояларнинг йиллик ҳажми охирги олти йилда уч баробар кўпайиб, ўтган йилги кўрсаткич ўн миллиард АҚШ долларига етди.

Аҳоли ва тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри давлат ва ҳукумат раҳбарига мурожаат қилиши, ҳукумат вакиллари, сектор раҳбарларининг маҳаллабай, хонадонбай юриши натижасида аҳоли ва тадбиркорларнинг аксарият муаммолари жойида ечим топаётганини ҳам алоҳида тилга олиш лозим.

Президентимиз Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган анъанавий мурожаатномасида “Юртдошларимиз орасида юз минглаб мулкдорлар, акциядорлар пайдо бўлсин”, дея кўнглидаги эзгу ниятларидан бирини изҳор қилган эди. Шундай ҳам бўляпти. Ўтган бир йил давомида тадбиркорлар томонидан 55 мингдан ортиқ бизнес учун бинолар қурилган. Тушумлари 1 миллион доллардан ошган тадбиркорлик субъектлари сони 5 мингтага кўпайиб, 26 мингтага етган.

Жорий йилда бошланган “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастурига мувофиқ шу йилда Ўзбекистонимиздан 2 минг нафар тадбиркор илк бор ташқи бозорларга қадам қўйганининг ўзи катта натижа.

Ўтаётган етти йил мамлакатимизни нафақат ички, балки ташқи сиёсатини ҳам тубдан ўзгартирган, жаҳонга Янги Ўзбекистонни кашф қилган давр бўлди, десак тўғрироқ бўлади. Марказий Осиёдаги яқин қўшни давлатлар билан муносабатларда амалга оширилган тарихий ўзгаришлар асрлар давомида ёнма-ён яшаб келган қардош халқларнинг дуосига сабаб бўлди, деб бемалол айтиш мумкин. Кенгроқ маънода эса Марказий Осиё минтақасини тинчлик ва барқарорлик масканига айлантириш борасида Ўзбекистон Президенти амалга оширган саъй-ҳаракатларни бутун дунё тан олаётгани ҳам сир эмас. Ташқи савдо ва рақобат муҳитини янги босқичга олиб чиқиш, янги-янги бозорларга кириш мақсадида Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш партиямиз дастурига ҳамоҳангдир.

Давлатимиз раҳбари шу йил 8 май куни бўлиб ўтган учрашувда аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратиш борасида улкан вазифаларга эътибор қаратди. Хусусан, ялпи ички маҳсулот ҳажмини ҳозирги кўрсаткичга нисбатан икки баробар ошириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, солиқ маъмурчилигини янада соддалаштириш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш, қишлоқ, сув хўжалиги, саноат, энергетика, транспорт, қурилиш соҳаларига катта-катта инвестициялар жалб қилиниши борасидаги ишларни жадаллаштириш вазифалари, таъкидлаш керакки, бевосита партиямизнинг сайловолди дастурига ҳам тўла мос келади.

Хулоса ўрнида қайд этиш жоизки, Янги Ўзбекистондаги ҳаё тий ислоҳотларни жадал суръатда давом эттира оладиган, халқимизни ҳаётдан рози қилиш учун бор куч-ғайратини ишга солишга қодир бўлган улкан салоҳиятли раҳбар, халқимизнинг чексиз меҳр-муҳаббатини, муносиб ишончини қозона олган Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини муддатидан олдин ўтказилаётган президентлик сайловида илгари суриш ташаббусини ваколатли орган – партия съездида тасдиқлаш энг тўғри йўлдир.

Актам ХАИТОВ,

 O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    598
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+