Янги Ўзбекистон, бу – инсон ва бизнес манфаатлари адолатли қонунлар асосида ҳимоя қилинадиган жамиятдир

05.06.2023, 11:20

Янги Ўзбекистон, бу – инсон ва бизнес манфаатлари адолатли қонунлар асосида ҳимоя қилинадиган жамиятдир

Жорий йилнинг 30 май куни бўлиб ўтган партиянинг ўн биринчи Съездида O`zLiDePдан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурларининг асосий йўналишларини қамраб олган маърузаларини катта қизиқиш ва мамнуният билан тингладим.

Сайловолди дастур 5 та муҳим йўналишдан иборат бўлиб, юртимизнинг кейинги 7 йилликдаги истиқболи белгилаб берилган.

Айниқса партиямиз электорати бўлган тадбиркорлар ва ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги ва катта марралар, мақсадлар белгилаб берилгани кейинги олти ярим йилда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилган ишларнинг мантиқий давоми, десак асло муболаға бўлмайди.

Маърузада бизнесни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларга эркин фаолият юритиши учун энг қулай шароитлар яратишни бундан буён ҳам давом эттирилиши айтиб ўтилди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги олти йилда иш ҳақига солиқ юки 2 баробар камайтирилди, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 12 фоизга туширилди. Кўплаб чеклов ва тўсиқлар олиб ташланиши натижасида корхоналар сони 2 марта ошди. Шу билан бирга, савдо, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида яширин иқтисодиёт улуши 50 фоиздан юқори бўлиб қолаётгани сир эмас. Ҳозирги кунда 5,5 миллион фуқаро норасмий секторда банд. Шу боис, расмий сектор – нолегал фаолиятдан афзал ва манфаатли бўлиши учун барча зарур шароитлар яратиб бериш мақсад қилиб олинмоқда. Энг аввало, солиқ тизимини соддалаштириш ва барча тадбиркорлар учун тенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, келгуси йилларда бизнес учун қўшилган қиймат, фойда, айланма ва мол-мулк солиқ ставкалари оширилмаслиги қатъий кафолатланади.

Бундан ташқари иқтисодиёт соҳаларидаги катта режалар белгилаб олиниб, 2030 йилгача 250 миллиард доллар инвестицияларни жалб қилиш кўзда тутилган. Бундан 110 миллиард долларни хорижий инвестициялар ҳисобидан, 40 миллиард долларни давлат-хусусий шериклик доирасида жалб этилади. Шу билан бирга, банк ва молия тизимида йиллик кредитлаш ҳажмини ҳозирги 18 миллиард доллардан 40 миллиард долларга етказилиши режалаштирилган.

Энг катта масалалардан бири – кредит фоизларини тушириш билан боғлиқ эканлигини, яъни, кредит фоиз ставкасини ҳозирги ўртача 20 фоиздан 10- 12 фоизга тушириш лозимлиги таъкидланди. Шу мақсадларга эришиш учун банк омонатлари ҳажми деярли 4 баробар оширилиб, ҳозирги 70 триллион сўмдан 260 триллион сўмга етказилиб, банкларни хусусийлаштириш тезлаштирилиши ва  Давлат ихтиёрида фақат 3 та банк қолиши, банк бозорига яна камида 4 та йирик нуфузли чет эл банки кириб келиши учун имконият яратилиши  сайловолди дастурида ўз аксини топган.

Бу каби улкан ўзгаришлар барча соҳада, хусусан тадбиркорлик ривожига эътибор қаратилаётганлиги бежиз эмас, албатта. Жамиятнинг иқтисодий юксалиши, аҳоли бандлиги, халқ фаровонлиги мазкур сайловолди дастурда мукаммал этиб белгиланган.

Номзодимизнинг Съезддаги маърузаларидан ғурурланиб шуни айтишим мумкинки,  бу ислоҳотлар яна давом эттирилиб, кейинги 7 йил  давомида жадал ривожланишига ишончим комил. Мен барча Самарқандликларни бундай улкан режа ва дастурларни илгари сураётган муносиб номзодни қўллаб-қувватлашга даъват этаман.

Зафар Каримов,

 O`zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Самарканд вилоят Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    497
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+