Шавкат Мирзиёев хоразмлик сайловчилар билан учрашди

13.06.2023, 17:54

Шавкат Мирзиёев хоразмлик сайловчилар билан учрашди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 13 июнь куни Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашув ўтказди.

Тадбирни номзоднинг Хоразм вилояти бўйича ишончли вакили Р.Рузибаев очиб берди. У ўз сўзида Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Хоразм вилоятида улкан ўзгаришлар рўй бергани, янгидан-янги лойиҳалар ишга туширилиб, минглаб оилалар камбағалликдан чиқарилганини қайд этди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда Хоразм вилоятида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Хивага темир йўл келтирилди, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида жами 530 мингта янги иш ўрни ташкил этилди. Вилоятдаги боғчалар қамрови 22 фоиздан 79 фоизга, олийгоҳларда эса 8 фоиздан 38 фоизга ошди. Қисқа даврда 28 та замонавий шифохона ва поликлиникалар ташкил этилди.

Урганч шаҳрида 130 гектардан зиёд ҳудудда Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилиши бошлангани, 547 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминлангани вилоятда ҳаёт сифатини кўтаришга хизмат қилади.

Учрашувда Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилиб, унинг ҳар бир йўналиши бўйича Хоразм вилоятига оид режаларини баён этди.

Хусусан, вилоятда 500 га яқин янги боғчалар ташкил этилади, қўшимча 90 минг ўқувчи ўрни яратилади, 53 та тиббиёт муассасаси фаолияти йўлга қўйилади, Паҳлавон Маҳмуд номидаги кураш академияси ҳамда Комилжон Отаниёзов номидаги Урганч маданият
ва санъат институти ташкил қилинади.

Шу билан бирга, ахборот технологиялари соҳасини Хоразмнинг “ташриф қоғози”га айлантириш мақсадида “мактаб – олийгоҳ – IT компанияси”дан иборат яхлит таълим ва хизматлар занжири яратилади, “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” деб номланган етти йиллик  лойиҳага старт берилади, Ал-Хоразмий шаҳарчасининг 10 гектар ҳудудида 140 миллион доллар инвестиция ҳисобидан IT-парк, шу йўналишдаги ўқув марказлари ва университет, электроника маҳсулотлари корхоналаридан иборат кластер барпо этилади.

Шунингдек, номзод вилоятни саноатлаштириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги режаларини ҳам баён этди. Жумладан, келгуси етти йилда автомобилсозлик, текстиль, кимё, “яшил энергетика” ва қурилиш саноати соҳаларида 10 миллиард долларлик 2,5 мингта лойиҳа амалга оширилади. Янги ташкил этилаётган Саноатни ривожлантириш жамғармасидан вилоятга ҳар йили 100 миллион доллар имтиёзли ресурслар ажратилади. Сув тежовчи технологияларни жорий қилаётган хоразмлик фермер ва деҳқонларга арзон кредит учун 1 триллион сўм ресурс, бундай технологияни ўз ҳисобидан жорий қилганларга
эса 300 миллиард сўм субсидия йўналтирилади.

Хоразм иқтисодиётининг асосий драйверларидан бири бўлган туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида Урганч халқаро аэропорти йириктуризм хаби”га айлантирилади, вилоятга авиақатновлар сони 2030 йилга қадар 4 карра оширилади, 2025 йилдан Тошкент-Хива йўналишида “Жалолиддин Мангуберди” тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев томонидан юртимизда илм-фанни янада ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда партия вакиллари ва таклиф этилган меҳмонлар сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    903
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+