Соғлом ва баркамол миллатгина буюк ишларга қодир бўлади

21.06.2023, 09:45

Соғлом ва баркамол миллатгина буюк ишларга қодир бўлади

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиямиздан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилояти бўйича ишончли вакили Байрамбек Узаков пахтакорлик сайловчилар билан учрашди.

Дастлаб, туман молия бўлими мажлислар залида ҳамда “PAXTAKOR GOLD TEXTILEМЧЖда сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Феруза Нигматова, O'zLiDeP  Жиззах вилоят Кенгаши раиси Эркин Холматов, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ҳам иштирок этдилар.

Учрашувлар давомида ишончли вакил сайловчиларга номзоднинг ҳаёти, меҳнат фаолияти ва сайловолди дастури  ҳақида маълумот бериб ўтар экан, номзоднинг дастуридаги “Соғлом ва баркамол миллатгина буюк ишларга қодир бўлади”, деган сўзларга алоҳида эътибор қаратди.

Номзоднинг дастурига кўра, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, аҳолини тиббиёт тизимидан рози қилиш, ўртача умр давомийлигини ҳозирги 73 ёшдан келгусида 78 ёшга етказиш бўйича барча имкониятлар ишга солинади.

Биринчидан, аҳоли ўртасида ижтимоий аҳамиятга молик касалликларни барвақт аниқлаш ва улар билан касалланиш кўрсаткичларини кескин камайтириш чораларини кўрамиз.

2030 йилга қадар оналар ва болалар ўлими, болалар ўртасидаги ирсий касалликларни камида 2 баробарга қисқартириш, онкологик, юрак-қон томир, диабет, нафас йўллари ва юқумли касалликлар бўйича эрта ўлимни эса 2,5 баробарга камайтириш соҳадаги энг асосий вазифалардан бири бўлади.

Сил билан касалланиш даражасини кескин камайтириш учун зарур имкониятлар ишга солинади.  Жигар циррозига олиб келувчи “гепатит С” касаллигини 100 фоиз давлат ҳисобидан даволаш йўлга қўйилади.

Иккинчидан, 2030 йилга қадар тиббиётга бюджетдан ажратиладиган йиллик маблағ ҳажми 2 карра оширилиб, уни 6 миллиард долларга етказиш орқали аҳолини кафолатланган тиббий хизмат билан қамраб олиш даражасини янада кенгайтириш бу йўналишдаги асосий мақсадлардан бири сифатида белгиланади.

Келгуси йилдан бирламчи бўғин орқали энг кўп учрайдиган 10 та касалликни даволаш ва 6 та тиббий хизматдан иборат кафолатланган тиббий пакетни аҳолига бепул тақдим этиш чоралари кўрилади.

Туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, болаларга 7 турдаги витаминлар, йод ва фолий кислотасини бепул тарқатиш ишлари давом эттирилади.

Шунингдек, 350 минг нафар диабет, 1,5 миллион нафар юрак-қон томир касаллиги бор беморларни даволаш билан тўлиқ қамраб олинади.

Ҳар йили юрак нуқсони бор 5 минг болани ва кўриш қобилиятини йўқотиш эҳтимоли юқори бўлган 10 минг чақалоқни бепул даволаш режаларимиздан алоҳида ўрин олади.

Соғлиқни сақлаш тизими тўлиқ рақамлаштирилади ва тиббий суғурта тизими жорий қилинади.

Учинчидан, онкологик беморлар даволаниши ва соғайиб кетиши учун зарур шароитлар яратилиб, уларнинг одатий ҳаётга қайтишига кўмаклашилади.

Жумладан, 120 минг нафар онкологик касаллиги бор беморларни даволаш билан тўлиқ қамраб олиш учун барча имкониятлар ишга солинади.

Онкологик беморлар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш амалиётини йўлга қўйиш бўйича барча шароитлар яратиб берилади.

Эҳтиёжманд оилаларнинг онкологик касаллиги бор фарзандларида ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш учун харажатларни тўлиқ давлат ҳисобидан қоплашга зарур молиявий ресурслар жалб қилинади.

Бу йўналишда амалга ошириладиган ишлар, дарҳақиқат, мамлакатимизнинг бебаҳо бойлиги бўлган аҳолимизнинг соғлом ва баркамол бўлишини таъминлашга, уларни буюк ишларга  йўллашга замин тайёрлайди.

Самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашувлар давомида сўзга чиққан депутатлар, жамоатчилик вакиллари, корхона ходимлари партиямиздан кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурини бир овоздан қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.

Учрашувлар сўнгида ишончли вакил барчани партиямиздан кўрсатилган нозод Шавкат Мирзиёевни қўллаб овоз беришга чақирди.

O'zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    218
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+