Шавкат Мирзиёев сурхондарёлик сайловчилар билан учрашди

22.06.2023, 21:33

Шавкат Мирзиёев сурхондарёлик сайловчилар билан учрашди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 22 июнь куни Сурхондарё вилояти сайловчилари билан учрашди.

Тадбирни номзоднинг Сурхондарё вилояти бўйича ишончли вакили Абдулхаким Эшмуратов очди. У ўз сўзида Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида иқтисодиёт жадал ривожлантирилиб, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани, халқимизга муносиб шароитлар яратилаётганини таъкидлади.

Жумладан, сўнгги олти ярим йилда ялпи ҳудудий маҳсулот 1,3 баробарга кўпайиб, 35 триллион сўмдан ошган, аҳоли жон бошига 13 миллион сўмга етган. Шу даврда вилоятга жами 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилинган. Саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 600 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган.

Ижтимоий соҳада ҳам кўплаб ижобий натижаларга эришилмоқда. Хусусан, 20 мингта оиланинг уй-жой шароити яхшиланган. Мактабгача таълимда қўшимча 125 мингдан зиёд, мактабларда 100 мингта янги ўқувчи ўрни очилган.

Учрашувда Шавкат Мирзиёев сайловчиларни Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича етти йиллик режалари билан таништирди.

Унда, аввало, аҳолига муносиб турмуш шароити яратишга катта аҳамият қаратилди. Қайд этилганидек, келгуси етти йилда 2 мингта давлат ва хусусий боғчалар ташкил этилиб, вилоятда мактабгача таълимга бўлган эҳтиёж 100 фоиз қопланади. Мактабларда яна 100 мингдан ортиқ ўқувчи ўрни яратилади. Термиз шаҳрида замонавий “Тиббиёт шаҳарчаси”, 100 дан ортиқ оилавий поликлиника ва шифокор пункти ташкил этилади. 1,5 мингта кўп қаватли уйлар қурилиши ҳисобига 50 минг оила шинам уй-жойга эга бўлади. 4 минг километр ички йўллар таъмирланади. Ҳудуд аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 90 фоизга етказилади.

Иқтисодий режалар ҳақида сўз борар экан, тоғ-кон саноати, туризм, тўқимачилик, қишлоқ хўжалигида катта имкониятлар борлиги таъкидланди. Хусусан, келгуси етти йилда бу қазилма бойликларини чуқур қайта ишлаш орқали вилоят саноат салоҳияти оширилади. Геология соҳасида янги захираларни аниқлашга 100 миллион доллар ажратилади. Тўқимачиликда 1 миллиард 200 миллион долларлик 400 та, қурилиш материаллари тармоғида 3,5 миллиард долларлик 1,5 мингта корхона ишга тушади. 67 та янги саноат зонаси ташкил этилиб, 6 миллиард долларлик 2,5 мингта лойиҳа амалга оширилади. 

Сурхондарёда 600 дан зиёд маданий мерос ва туризм объектлари бор. Уларга сайёҳларни жалб этиш мақсадида Далварзинтепа, Кампиртепа ва Фаёзтепа ёдгорликлари ҳудудида “очиқ осмон музейлари” ташкил этилади.

Келгусида ер ва сувдан оқилона фойдаланиш долзарб масалага айланади. Шу боис Сурхондарёда сувдан фойдаланиш самарадорлигини 25 фоизга ошириб, 1 миллиард метр куб сувни иқтисод қилиш режалаштирилган. Бунинг учун фермер ва кластерларга молиявий ва техник кўмак берилади. 500 километр ирригация тармоқлари, жумладан, Боботоғ ва Занг каналлари таъмирланади. Бандихон, Қизириқ ва Музработдаги 7 минг гектар майдонлар ёпиқ қувурли суғориш тизимига ўтказилади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини 5 марта ошириб, 2030 йилгача экспортни 500 миллион долларга етказиш мўлжалланган.

Умуман, Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун етти йиллик дастур қабул қилиниб, унга жами 27 миллиард доллар йўналтирилиши таъкидланди.

Учрашувда мамлакатимиз мудофаа қудратини янада юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Шу мақсадда ҳарбий хизматнинг нуфузи оширилиб, ҳарбий илм-фан ва таълим ривожлантирилади. Ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилади. Миллий тарихимизни чуқур ўрганиб, унинг ҳар бир даврини қайтадан кашф этиш, тарихий-маънавий меросимизни ёшлар қалбига сингдириш, уларни соғлом эътиқод ва диний бағрикенглик руҳида тарбиялашга эътибор қаратилади.

Қадриятларимизни улуғлашда миллий либосларнинг аҳамиятини инобатга олиб, номзод Сурхондарёда ҳар икки йилда Миллий либослар халқаро фестивалини ўтказиш таклифини билдирди.

Учрашув сўнгида партия фаоллари номзоднинг сайловолди дастури бўйича муносабат билдириб, ундаги барча ташаббус вилоят аҳолисининг оғирини енгил қилишга хизмат қилишини ва сайловда Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    790
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+