Янги Ўзбекистонда фуқаро ва бизнеснинг ҳимоячиси фақат қонун ва суд бўлишига эришилади!

01.07.2023, 14:53

Янги Ўзбекистонда фуқаро ва бизнеснинг ҳимоячиси фақат қонун ва суд бўлишига эришилади!

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига O’zLiDeP дан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили Сайёра Файзиева Зангиота туман Маданият саройида туман фаоллари, маҳаллий Кенгашдаги партия депутатлари, аҳоли ҳамда хайрихоҳ ёшлар вакиллари иштирокида ташвиқот тадбири ўтказди.

Учрашувда ишончли вакил сўнгги олти йилда Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилган халқчил ислоҳотлар самараси ўлароқ  Зангиота тумани ҳам тобора янги қиёфа касб этиб, обод манзиллардан бирига айланаётганини алоҳида эътироф этди. 

Партия номзоди Шавкат Мирзиёевнинг дастури мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришга қаратилган бешта устувор мақсаддан иборатлигини қайд этди.

Ишончли вакил Сайёра Файзиеванинг таъкидлашича, халқимиз томонидан яратилган янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистонга ҳуқуқий давлат деган таъриф берилди ва шу асосда инсон ҳуқуқлари кафолатларига оид нормалар ҳам 3 баробар кўпайтирилди.

Унга биноан, қонун устуворлиги, суд мустақиллигини ошириш ва адолатни таъминлаш устувор вазифа деб ҳисобланиб, Янги Ўзбекистонда фуқаро ва бизнеснинг ҳимоячиси фақат қонун ва суд бўлишига эришилади.

Бунда, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиб, одил судловга эришиш даражасини ошириш учун барча имкониятлар сафарбар этилади.

Терговда шахс ҳуқуқини чеклашга санкция бериш масаласи алоҳида судьялар томонидан кўриб чиқилиши амалиёти йўлга қўйилади. Одамларни “қамоққа олиб тергов қилиш” амалиёти камайтирилади, бунинг ўрнига гаров эҳтиёт чорасидан кенг фойдаланиш имконияти яратилади. Бу масалада айбланувчи ёки ҳимоячи томонидан судларга эҳтиёт чорасини ўзгартириш юзасидан мурожаат қилиш имкониятлари кенгайтирилади.

Эътиборли бўлган яна бир муҳим жиҳат, тадбиркорлар учун жиноий жавобгарликка оид қонунчилик янада либераллаштирилишидир.

Солиққа оид жиноятлар бўйича тадбиркор суд ҳукми чиққунга қадар зарарни қопласа, жавобгарликдан озод этиш тартиби жорий этилади.
Бир сўз билан айтганда, номзод сайловолди дастурида амалга оширилиши режалаштирилган ислоҳотларнинг бош мақсади – инсон қадрини улуғлаш, халқни рози қилишга қаратилган.  

Ишончли вакил Сайёра Файзиева йиғилганларни 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ўз фуқаролик бурчини бажариш чоғида ўзбек халқининг садоқатли, шижоатли, жонкуяр фарзанди, ислоҳотчи раҳбар Шавкат Мирзиёевга овоз беришга ундади.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири

  • Кўрилди
    230
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+