Чет элдаги фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатлари янада кучайтирилади!

01.07.2023, 14:53

Чет элдаги фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатлари янада кучайтирилади!

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига O’zLiDePдан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили Сайёра Файзиева Янгийўл шаҳридаги сайловолди ташвиқот тадбирини Маданият саройида ўтказди.

Кўтаринки руҳда ўтган тадбирда ишончли вакил Сайёра Файзиева партия номзодининг инсон қадри улуғланган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун барча имкониятлар яратилган мамлакатни барпо этишда келгуси етти йиллик учун мўлжалланган сайловолди дастури билан таништирди.

Ишончли вакилнинг таъкидлашига кўра, дастур таълим олиш, аҳоли саломатлигини таъминлаш, ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва камбағалликни қисқартириш, илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш, солиққа солиш тизими маъмурчилиги, сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш, суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари, ташқи сиёсат, хафвсизликни таъминлаш каби устувор вазифаларни ўз ичига олган.

 Шунингдек, партия номзодининг сайловолди дастурига биноан келгуси етти йилда бизнес ва аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, инфратузилмани ривожлантириш бўйича янги ёндашувлар жорий қилинади.

Йўл-транспорт соҳасида авиақатновлар сонини 4 марта ошириш соҳадаги асосий вазифалардан бири бўлади.

Тошкент – Самарқанд, Навоий – Бухоро йўналишларида тезюрар поездлар учун қўшимча темир йўллар қурилиши учун барча имкониятлар сафарбар қилинади.

Электрлашган темир йўллар улушини 43 фоиздан 65 фоизга етказиш ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан манфаат келтиради.

Бундан ташқари, чет элдаги фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатлари янада кучайтирилади.

Хусусан, оғир аҳволга тушиб қолган барча юртдошларимизга хорижий давлатнинг ўзида моддий ёрдам имкониятлари янада кенгайтирилади. Жумладан, уларга вақтинча яшаш, ҳужжатларини тиклаш, она Ватанига қайтиш каби харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Тақдир тақозоси билан хорижда вафот этган юртдошларимизни ўз юртига олиб келиш давлат томонидан таъминланади. Уларнинг қарамоғида бўлган оила аъзоларига алоҳида ғамхўрлик қилинади, фарзандларини ўқитиш ва касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади.

Хорижда ишлаётган одамларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида, уларга адвокат жалб этиш харажатларини қоплаш ва ҳуқуқий ёрдам бериш тизими йўлга қўйилади.

Мухтасар қилиб айтганда, Шавкат Мирзиёевнинг концептуал ғоя ва мақсадлари жамланган сайловолди дастури инсон ва унинг манфаатлари йўлида хизмат қилиши тайин.

Учрашувда сўзга чиққан партия хайрихоҳ ва фаоллари Янгийўл шаҳрида сўнгги олти йилда рўй берган мисли кўрилмаган янгиланишлар ҳақида тўлқинланиб гапиришаркан, Шавкат Мирзиёевни ҳар бир соҳада амалга оширилган туб ўзгаришларнинг ташаббускори, ислоҳотчиси, дея тилга олишди.

Ишончли вакил Сайёра Файзиева учрашув қатнашчиларини сайловларда фаол қатнашишга ундаркан, Янги Ўзбекистонни келгуси етти йил ичида ривожланган мамлакатлар қаторига олиб чиқиш учун қаттиқ бел боғлаган муносиб номзод Шавкат Мирзиёевга овоз бериш тарғиб қилди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    273
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+