Мудофаа ва ҳарбий қудрат янада кучайтирилади

01.07.2023, 14:54

Мудофаа ва ҳарбий қудрат янада кучайтирилади

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига O‘zLiDePдан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили Сайёра Файзиева Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида сайловолди ташвиқот тадбирини ўтказди. 

Айтиш жоизки, мазкур билим юртида танк қўшинлари, ҳаво-десант қўшинлари, терроризмга қарши кураш бўлинмалари, мaxсус операция кучлари бўлинмалари ва зенит-ракета қўшинлари тактик қўмондонлиги ҳамда танк қўшинлари тактик муҳандислиги каби йўналишлар бўйича офицер кадрлар тайёрланади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Нодир Абдувалиев ва Атхам Назирқулов, билим юрти шахсий таркиби ҳамда курсантлари билан ўтган учрашувда ишончли вакил томонидан Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури моҳияти, унда белгиланган устувор мақсад ва вазифалар юзасидан батафсил маълумот берилди. Айниқса, дастурдан ўрин олган хавфсизликни таъминлаш масалалари банди таҳлилий, қиёсий маълумотлар билан атрофлича ёритилди.

Таъкидланишича, жаҳонда содир бўлаётган мураккаб жараёнлар шароитида Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги, унинг сарҳадлари дахлсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини янада мустаҳкамлаш масаласи бош мақсадимиз бўлади.

Биринчидан, Қуролли Кучларимизнинг қудрати, мудофаа қобилиятимиз ва ҳарбий салоҳиятимизни янада ошириш мақсадида миллий армиямиз 2030 йилга қадар энг замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминланади. Қўшинларнинг жанговар руҳи ва салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида бошланган ишлар жадал давом эттирилади.

Иккинчидан, ҳарбий-жанговар қудрат ва юксак маънавий салоҳият Ўзбекистон Қуролли Кучларининг икки буюк таянчига айлантирилади. Ҳарбий хизматчилар, мактаб, техникум ва олийгоҳларда ўқиётган болалар, барча ёшларимизни тарихимиз ва маърифатпарвар аждодларимиз мероси асосида тарбиялаш учун зарур шароитлар яратилади. Ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ғояси атрофида бирлаштириш бўйича алоҳида дастур асосида иш олиб борилади.

Учрашувда сўзга чиққанлар президентликкга номзоднинг бевосита раҳнамолиги остида бугун Қуролли Кучларимиз ҳар қандай ташқи хавф-хатар, тажовуз ва таҳдидларга қатъий зарба беришга қодир бўлган яхлит ва ишончли кучга айланаётгани қайд этишди. Ҳамда бўлажак сайловда Янги Ўзбекистоннинг мудофаа қудратини янада мустаҳкамлашга катта эътибор қаратган Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақиришди.

Зухро МИРЗОҲАМДАМОВА,

O‘zLiDeP Тошкент вилоят кенгаши

 бўлим мудири

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    270
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+