Фарғона вилоятда тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 96 фоизга етказилади

01.07.2023, 14:54

Фарғона вилоятда тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 96 фоизга етказилади

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал – демократик партиясидан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятидаги ишончли вакили Мавлудахон Ходжаева Данғара тумани сайловчилари билан учрашди.

Сайловолди учрашувида туман фаоллари, депутатлар хотин-қизлар ва ёшлар, тадбиркорлар, кенг жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Учрашувда Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келаётгани, ижобий ўзгаришларни оилалар ўз ҳаётида ҳис қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Ишончли вакил томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 15 июн куни Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашувда Фарғона вилоятини келгуси етти йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари билан таништирди.

Хусусан, келгуси етти йилда вилоятда 2,5 мингта кўп қаватли уйлар қурилиши ҳисобига, 100 минг оила шинам уй-жойга эга бўлади. 5 минг километр сув тармоқлари барпо этилиб, вилоятда тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 96 фоизга етказилади.

Вилоятга келгуси етти йилда 18 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниб, 10 мингта лойиҳа ишга тушади. Шунингдек, вилоятда 30 та саноат зонаси ташкил этилиб, уларда 50 минг юқори даромадли иш ўринлари яратилади.

Учрашувда одамлар турмушини яхшилашда маҳаллаларни марказий бўғинга айлантириш, аҳолининг даромадларини ошириш орқали эҳтиёжманд оилалар сонини кескин камайтиришга қаратилган мақсадлар ҳам айтиб ўтилди.

Умуман, Фарғонани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун етти йиллик дастур қабул қилиб, унга жами 28 миллиард доллардан зиёд маблағ йўналтириш режалаштирилгани таъкидланди.

Учрашувда самимий ва кўтаринки муҳит ҳукмрон бўлди. Сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан ишончли вакилга мурожаат қилди ва ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди. 

Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал – демократик партиясидан Президентликка номзод дастурини қўллаб-қувватлашга, сайловда фаол фуқаролик позициясини намоён этган ҳолда иштирок этишга чақирди.

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    376
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+