Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг асосий омилларидан этиб белгиланди

01.07.2023, 14:54

Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг асосий омилларидан этиб белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига O’zLiDeP дан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили Сайёра Файзиева Янги йўл туманидаги 5-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида сайловолди ташвиқотини олиб борди.

Ишончли вакил Сайёра Файзиева томонидан ўтказилган сайловолди ташвиқот тадбирида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Тахам Назирқулов, туман фаоллари, маҳаллий Кенгашдаги партия депутатлари, аҳоли ҳамда номзодга хайрихоҳ ёшлар вакиллари, спортчилар иштирок этишди.

Ишончли вакил Сайёра Файзиева Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистонни халқимиз билан биргаликда қурамиз” номли сайловолди дастурини шарҳлаб бераркан, уни сўнгги олти йилда туманда бўй кўрсатган ижобий ўзгаришлар, бунёдкорликлар тимсолида атрофлича ёритиб берди.

Дастур доирасида адолатли ижтимоий сиёсат юритиш Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг асосий омилларидан этиб белгиланганлигининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратди. Таълим, тиббиёт ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш бўйича давлат ўз мажбуриятларини бажариши йўналишидаги ислоҳотлар янги босқичга олиб чиқилиши хусусида тўхталди.

Номзоднинг халқчил ва концептуал ғояларини ўзида жамлаган сайловолди дастури янги қабул қилинган Конституция ва Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясига ҳамоҳанг бўлиб, уларнинг узвий ва мантиқий давоми сифатида келгуси етти йилда юртимизни ҳар томонлама ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ишончли вакилнинг таъкидлашича, сайловолди дастурига биноан 2030 йилгача қўшимча икки мингта боғча қурилади, боғча қуришда иштирок этувчи корхоналар рағбатлантирилади, эҳтиёжманд оилаларнинг боғча харажатларини давлат қоплаб беради, барча боғчалар компьютер синфи билан таъминланади.

Мактабларда таълим сифати тубдан яхшиланади, “Йилига 500 минг ўқувчи ўрни” дастури амалга оширилади. 2030 йилга қадар мактабларда қўшимча 2,5 миллион ўқувчи ўрни яратилади. Хусусий таълимга қўшимча енгилликлар берилади, бошланғич синф ўқувчилари таълим планшетлари билан тўлиқ таъминланади, чекка ҳудудларда мактаб автобуслари бепул йўлга қўйилади.

Келгуси етти йилда илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш учун 1 миллиард доллар ажратилади.

Шунингдек, хорижда ишловчиларни касбга ва чет тилларига ўқитиш кўлами кенгайтирилади. Юқори ҳақ тўланадиган мамлакатларига ишга боришлари учун кўмаклашилади, фарзандларининг ўқиши ва олийгоҳларга киришида енгилликлар берилади.

2030 йилгача қўшимча 1 миллион хонадонли уй-жойлар қурилади ва бунга 15 миллиард доллар йўналтирилади. Арзон ва узоқ муддатли кредитлар тақдим этилиши йўлга қўйилади.

Аёлларнинг иш шароитлари кенгайтирилади.

Учрашувда сўзга чиққанлар тобора янги қиёфа касб этаётган Янгийўл туманида сўнгги олти ярим йилда рўй берган ижобий ўзгаришлар, қўлга киритилган ютуқлар, эгалланган марраларнинг бари Шавкат Мирзиёев бошчилигида рўёбга чиққанини таъкидлашди.

Ҳукумат ва халқни ўзаро яқинлаштирган, халқ дарди билан яшаб, самарали фаолият кўрсатаётган Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашларини билдиришди.

Ишончли вакил Сайёра Файзиева мамлакатни Янги тараққиёт сари дадил етаклаб боришга қодир халқчил раҳбар Шавкат Мирзиёевни ёқлаб, овоз беришга чақирди. 

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    256
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+