Барча соҳа ва тармоқларда тизим ўзгаради

19.07.2023, 11:47

Барча соҳа ва тармоқларда тизим ўзгаради

Бугун жамиятимиз катта ислоҳотлар сари қадам қўймоқда. Ҳар бир соҳада улкан ўзгаришлар, туб бурилишлар ҳосил қилиш учун янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти билан катта режалар ва мақсадлар сари одимлашга қатъий ҳаракатларни бошладик. Чунки вақт, ҳаёт бизни кутиб турмайди. Даврнинг ўзи барчамизни тезкор бўлишга, керак бўлса, вақтдан ўзиб ишлашга ундамоқда. Энди барча соҳа ва тармоқларда тизим ўзгаради, вазият ўзгаради, шунга яраша самарадорлик ҳам ўзгаради.

Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига янги сайланган Шавкат Мирзиёев лавозимга киришишдаги тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида ҳам алоҳида таъкидлагани бежиз эмас. Чунки ҳар бир берилган кун – бу ривожланиш учун бизга берилган бир имкониятдир. Ундан унумли фойдаланишимиз, халқнинг ҳаётини яхшилаш учун берилган ваъдаларнинг бажарилиши устида қатъий туришимиз лозим.

Маълумки, Ш.Мирзиёевнинг сайловолди дастурида Конституциямизда муҳрлаб қўйилганидек, жонажон Ўзбекистонимизни миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаромиз тинч ва эркин, бахтли ва фаровон яшайдиган ижтимоий давлатга айлантиришдек улкан режалар, вазифалар белгиланганди. Энг муҳими, уларни аҳоли яхши кутиб олишди ва қўллаб-қувватлашди. “Жумладан, таълим ва тарбия, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш, янги уй-жойлар қуриш, аҳолини ичимлик суви, энергия билан ишончли таъминлаш, ижтимоий инфратузилмалар ишини яхшилаш бўйича белгилаб олган вазифалар кўпчиликка манзур бўлди. Энди уларни бажаришга киришилар экан, даставвал, биз учун Ватан рамзи бўлган маҳалла тизимини барча ислоҳотларимизда марказий ва ҳал қилувчи бўғинга айлантирамиз”, — деди юртбошимиз.

Тадбиркорлик учун янада қулай имкониятлар яратиб, янги-янги иш ўринлари очиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш, ёшлар ва хотин-қизларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг бандлигини ошириш эътиборимиз марказида бўлади.

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексаларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган ишлар янги босқичга олиб чиқилади. Ҳеч шубҳасиз, биз бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт билан бирга аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятга таянамиз.

Сайловолди учрашувларида миллий ўзлигимиз ва эзгу қадриятларимизни асраб-авайлаш, маданият, маънавият ва маърифат соҳаларини ривожлантириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш бўйича белгилаб олинган вазифалар эса кенг жамоатчилик билан биргаликда амалга оширилади.

Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг қайси ўлкаси ёки минтақасида бўлмасин, қонунларимиз ҳимоясида бўлади. Чет элдаги ватандошларимиз билан эса алоқалар янада мустаҳкамланади. Бу йўлда давлатимиз раҳбари бошчилигида барча масъуллар билан биргаликда, халқ вакиллари – депутатлар ҳам астойдил меҳнат қилишлари, одамлар орасида кўпроқ мулоқотда бўлиб, муаммоларга ечим топиш учун муҳим таклифларни беришимиз зарур бўлади. Албатта, бу барчамизнинг зиммамизга катта масъулият юклар экан, энди олдингиданда кўпроқ меҳнат қилишимиз лозим бўлади.

Алишер РЎЗИЕВ,
O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    399
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+