Депутатлар Ғаллаорол туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғининг ҳисоботини эшитди

04.08.2023, 17:57

Депутатлар Ғаллаорол туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғининг ҳисоботини эшитди

Халқ депутатлари Ғаллаорол туман Кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамасининг  2022 йил 19 декабрдаги “Мактабгача таълим соҳаси педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Ғаллаорол туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Акбар Суюновнинг ҳисоботи эшитилди.

Мутасадди ўз ҳисоботида таъкидлаганидек, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфида жами 91 та мактабда 32 831 нафар ўқувчи таълим тарбия олмоқда. 1 та Баркамол авлод болалар мактабида эса 1570 нафар ўқувчилар тўгаракларга жалб қилинган. Туманда 16 та ДМТТ, 10 та ДХШ асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, 209 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, уларда 12 208 нафар 3-6 ёшли жажжи ўғил қизлар тарбияланадилар. Қамров кўрсатгичи 74.1 фоизни ташкил этмоқда.

Шунингдек, Мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, мактабгача таълим ташкилотларини давлат томонидан бошқаришнинг самарали тизимини яратиш ҳамда унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича сўнгги беш йилда мактабгача таълим соҳасида ўсиб келаётган ёш авлодни соғлом ва ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичини ошириш, тизимга самарали таълим ва тарбия усулларини жорий этиш ҳамда тизимда фаолият юритаётган педагог кадрлар малакасини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмининг жорий этилиши ҳамда 10 нафар тадбиркорлик субъектлари томонидан 1275 ўринли қувватга эга нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилиши орқали нодавлат секторнинг улуши анчагина ошганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Шу билан бирга, педагог кадрларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида уларнинг ойлик маоши ҳам мунтазам ошириб борилмоқда.

Мутасадди, ўз ҳисоботи давомида, таълим соҳасига давлатимиз томонидан жуда катта эътибор берилаётганини айтиб ўтди. Жумладан,  туманда аҳоли сони кўпайиб бораётгани сабабли янги таълим даргоҳларига ҳам эҳтиёж ошиб бормоқда. Айни пайтда туманда бунёд этилаётган, капитал таъмирланаётган, реконструкция қилинаётган мактаблардаги қурилиш ва бунёдкорлик ишлари сифатини депутатлик ва жамоатчилик назоратига олиш ўта муҳим вазифа ҳисобланади. Шунингдек, ўқувчи ёшларни китобхонликка жалб қилиш, касб-ҳунарга йўналтириш, спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланишлари, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун ҳам мактаб, оила, маҳалла тизимида ҳамкорликни йўлга қўйиш ўта муҳим.

Мутасадди,  ёзги таътил кунлари ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш юзасидан  депутатларимизнинг кўрсатаётган кўмаклари учун алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Йиғилиш давомида мутасаддининг ҳисоботини қониқарли, деб топган депутатлар, тизимдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдириб ўтдилар. Мазкур муаммоларни депутатлик назоратига олиб, партиявий воситалар билан бартараф этиш чора тадбирлари ҳам белгилаб олинди.

 Холбек АСАТОВ,

O'zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши Сиёсий таълим ва

депутатлик гуруҳлари билан ишлаш бўлими мудири

  • Кўрилди
    504
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+