Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгашининг сессиясида долзарб масалалар муҳокама этилди

24.08.2023, 15:15

Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгашининг сессиясида долзарб масалалар муҳокама этилди

Жорий йилнинг 23 август куни Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгашининг 81-сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери ўринбосари Актам Хаитов, Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, шаҳар сектор раҳбарлари, шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари, шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, сиёсий партиялар раҳбарлари, жамоат ва бошқа ташкилот раҳбарлари, МФЙ раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари, профилактика инспекторлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессия кун тартибига 2 та масала киритилиб, сессия йиғилишида Гулистон шаҳрида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги тўғрисида ҳамда Гулистон шаҳридаги таълим муассасаларининг 2023-2024-ўқув йилига тайёргарлик ҳолати ва таълим сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилди.

Биринчи масала юзасидан Гулистон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Б.Сайитназаров ахборотини эшитилди.

Гулистон шаҳар ҳудудида ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятларни олдини олиш бўйича қатор чор-тадбирлар амалга оширилиб, унга кўра, вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган “Йўл харитаси”га асосан Гулистон шаҳар ҳудудида вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида жиноятчиликни жиловаш бўйича “Сирдарё тажрибаси” яратилиб, янгича ишлаш механизми жорий этилган.

Шунингдек, ҳафтанинг шанба куни “Ёшлар ўртасида ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” сифатида белгиланиб, кун давомида ёшлар билан тизимли ишлаш йўлга қўйилган.

Шаҳарда содир этилаётган ҳар бир жиноят мутасадди идоралар раҳбарлари иштирокида маҳаллаларда кенг муҳокама қилиниб, шаҳардаги криминоген вазияти оғир бўлган “қизил” ва “сариқ” тоифага киритилган маҳаллаларни “яшил” тоифага ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги қайд этилди.

Сессияда ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш йўналишида тизимли ишлар олиб борилаётганига қарамай, Гулистон шаҳрида жиноятчилик сони ошаётгани қайд этилди. Хусусан, жорий йилнинг ўтган 6 ойида барча соҳадаги жиноятлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1 фоизга кўпайгани танқид остига олинди.

Айниқса Гулистон шаҳар ҳудудида ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар таҳлил қилинганда 2023 йилнинг 6 ойи давомида Ёшлар томонидан 30 та жиноятлар содир этилганлиги алоҳида мухокамаларга сабаб бўлди.

Жумладан: Содир этилган жиноятларни турлари бўйича таҳлилларга кўра, ўғирлик жинояти 4 та, фирибгарлик 6 та, безорилик 1 та, бошқа жиноятлар 19 тани ташкил этган.

Сессияда кун тартибидаги биринчи масала юзасидан депутатлар Гулистон шаҳрида Президентимиз томонидан жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, фуқароларнинг ҳуқуқ
ва эркинликларини, қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноят содир этилишининг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш борасидаги ишлар юзасидан таъсирчан жамоатчилик назоратини олиб боришга қарор қилдилар.

Кун тартибидаги иккинчи масала, “Гулистон шаҳридаги таълим муассасаларининг 2023-2024-ўқув йилига тайёргарлик ҳолати ва таълим сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” шаҳар ҳокими ўринбосари Лазизбек Ахмедов ахборот берди.

Бугунги кунда Гулистон шаҳрида 18 та умумий ўрта таълим мактаби, 3 та касб-ҳунар техникуми ва 2 та Олий таълим муассасаси фаолият юритмоқда.

2023 йил мобайнида шаҳардаги 18 та умумий ўрта таълим мактабарини жорий таъмирлаш учун Республика ва маҳаллий бюджет ҳисобидан маблағлар ажратилган бўлиб, ушбу мактабларда таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилган.

Шунингдек, айрим умумтаълим мактабларидаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари якунига етмаганлиги депутатларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди. Бу эса, умумтаълим мактабларида ўқув жараёнларини ташкил этилишига бевосита таъсир кўрсатиши мумкинлиги таъкидланди.

Шу билан бир қаторда, шаҳардаги техникумлар ва Олий таълим муассасаларида талабаларнинг ётоқхона ва турар жойлар билан таъминланганлик ҳолатлари депутатлар томонидан муҳокама этилди.

Маълум бўлишича, турар жойга эҳтиёжи бўлган, 4278 нафар талабаларнинг 2494 нафари (42.6%) талабалар турар жойларига жойлаштирилади, қолган 1784 нафари (57.4%) университетга яқин бўлган маҳаллалардаги хусусий хонадонларда ижара шартномаси асосида жойлаштириш режалаштирилган.

Якунланган ўқув йили таҳлиллари бўйича, Мактабгача ва мактаб таълими Вазирлиги томонидан эълон қилинган “Таълим сифати Миллий рейтинги”да Гулистон шаҳри республикада 24-ўринда, вилоятда эса 2-ўринни эгаллади.

Сессия йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳи аъзоларининг ҳам муҳокама этилган масалалар бўйича фикр ва мулоҳазалари эшитилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А.Хаитов мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар, унинг моҳияти ва аҳамияти, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ўрни ва масъулияти ҳақида, шунингдек, Президентимизнинг шу йил
28 июль куни Фарғона шаҳрида ўтказилган ва ҳудудларда ҳуқуқбузарликни олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги устувор вазифалар юзасидан қилган маърузаси ва унда белгилаб берилган вазифалар ҳақида алоҳида тўхталди.

Сессия кун тартибидаги масалалар юзасидан депутатларнинг саволлларига мутасадди ходимларнинг жавоблари тингланди, соҳада йўл қўйилган камчиликлар юзасидан мухокамалар олиб борилди, уларни бартараф этиш юзасидан сессиянинг тегишли қарори қабул қилинди.

  • Кўрилди
    361
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+