Истиқлол шукуҳи Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғусини уйғотаётир

04.09.2023, 09:55

Истиқлол шукуҳи Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғусини уйғотаётир

Истиқлол шодиёнасини воҳадошларимиз интиқлик билан кутадилар ва шоду хуррамлик билан нишонлайдилар. Янгиланишлар, улкан ўзгаришлар даврида бу байрам ўзгача тароват касб этади, унинг шукуҳи шодмон кўзларда намоён бўлади.  Байрам арафасида вилоятимизда ўнлаб иншоатлар фойдаланишга топширилди. Жорий йилнинг ўзида вилоятимизда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича Дастурга асосан 522,9 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 285 млрд. сўм йўналтирилди.  10 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 112 км сув тармоқлари, 11та сув иншооти, 40 км йўллар ва 3 та кўприк фойдаланишга топширилди. 154км умумфойдаланувдаги, 1 694 км ички хўжалик йўллари ва 10дона кўприкларда 436,8млрд сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Косон ва Яккабоғ туманларидаги “Янги Ўзбекистон” массивларида 704 хонадонли 32 та кўпқаватли уй қуриб битказилди.  Йил охирига қадар уй-жойга талаб юқори бўлган ҳудудларда 3116 та хонадонни ўзида мужассам этган 101 та кўп қаватли уйлар қурилиши яунланади. Йиллар мобайнида ижарама-ижара бошпана излаб юрган минглаб воҳадошларимиз бугун ўз уйларига эга бўлишиб, истиқлолга етказганига шукрона айтмоқдалар.

O’zLiDeP вилоят кенгаши томонидан халқимиз кўз ўнгида Янги Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт даражаси, шон-шухрати, ислоҳотлар самараси намоён этиш, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллиги “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остида юксак савияда нишонлаш мақсадида кенг кўламда тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда.

Партиямиз депутатлари ва фаолларимиз давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда  ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан вилоят, туман, шаҳар кенгашлари ташкилотчилигида, депутатлар ва партия фаоллари иштирокида  янгиланган Конституция мазмун-моҳияти ва "Ўзбекистон-2030” стратегиясининг асосий устувор йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар ҳақида маҳаллалар, таълим ва меҳнат жамоаларида маърифий учрашув ва суҳбатлар ташкил қилинмоқда.

Маърифий учрашувларда бундан 32 йил муқаддам ота-боболаримизнинг асрий орзуси ушалиб, дунё харитасида Ўзбекистон деган янги суверен ва мустақил давлат пайдо бўлганлиги, юртдошларимиз ўз она тупроғи, юрт тақдири ва келажагига эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганлиги, мустақиллик туфайли кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланганлигини алоҳида эътироф этилмоқда. Дарҳақиқат, истиқлол сабаб меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди.

Айниқса, кейинги етти йил мобайнида  мамлакат иқтисодиётининг барча тармоқларини ривожлантириш бўйича улуғвор ишлар амалга оширилди. Ўқитувчи, шифокор ва талабалар дала ишларидан озод бўлди. Кластер тизими ерлардан самарали фойдаланишни дала меҳнаткашларига ўргатди. Одамлар амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бу борада эришилаётган натижаларни кўриб, ўз ҳаётларидан мамнун ҳолда умргузаронлик қилмоқдалар.

Етти йил унчалик кўп фурсат эмас. Аммо шу қисқа даврда  мамлакатимизда амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан ҳамоҳанг ҳолда давлат ва жамият қурилиши тизимини янада такомиллаштириш борасида ҳам тизимли ишлар бизнинг истиқболимиз порлоқ эканлигини амалда исботлади. Одамлар тафаккури уйғонди, нурли истиқбол улар қалбида янги-янги ишларни амалга оширишга даъват этди.   Барча соҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширилди, тадбиркорликка кенг йўл очилди. Қишлоқ одамлари томорқа мўл даромад манбаи эканлигини дилдан ҳис этиб, ҳар қарич ердан унумли фойдалана  бошладилар.

  Олдимизда Янги Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда туб бурилиш ва улкан ўзгаришлар даври турибди. Биз энди янгича фикрлашимиз, янги-янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш учун изланишимиз талаб этилмоқда. Чунки эскича қарашлар, эскича ғоялар билан шиддати тез замон билан ҳамнафас яшаб, фаолият олиб бориб бўлмайди.  Дунёнинг қайсидир минтақаларида нотинчлик  ҳукмрон. Қуролли можаролар сабаб савдо ва инвестиция оқимлари, товар ва хизматлар айланиши издан чиқмоқда. Озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш учун янги-янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш, шамол энергияси ва томчилатиб суғориш ускуналаридан самарали фойдаланишимиз керак. Дунё миқёсида иқлим ўзгармоқда, табиий бойликлар ва сув ресурслари тақчил бўлиб, мамлакатни барқарор ривожланишига монелик қилаётган мураккаб  даврда заҳматкаш халқимиз  кучи билан барча хавф-хатар ва тўсиқларни бартараф эта оламиз.

Рақобат оламида янгича фикрламаган одамлар ҳеч нарсага эриша олмайди. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, янгича фикрлаш, ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш орқали дадил бора оламиз. Нега деганда, бугунги кескин рақобат оламида кечаги мезон ва ёндашувлар билан ривожланиб бўлмайди. Одамлар ўзини ўзгартириши, тезкорлик ва изланишни одат қилишлари керак. Муҳтарам Президентимиз томонидан келгуси етти йилга мўлжаллаб ишлаб чиқилган стратегик мақсадларга эришиш учун янада кўпроқ изланишимиз, бор билим ва салоҳиятимизни ишга солишимиз керак.      

Дарҳақиқат, мамлакатимизда ер ости ва усти бойликлари бисёр. Уларни қайта ишлаш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтира оламиз. Бу борада бизга замонавий билим ва ҳунарларни эгаллаган, тил ўрганган, энг сўнгги русумдаги технологияларни моҳирона бошқара оладиган йигит-қизлар таянч ва суянч бўлишади.

Фурсатдан фойдаланиб, барча партиядошларимизни мустақиллигимизнинг 32 йиллиги билан самимий табриклайман. Янги Ўзбекистон сари шахдам қадам билан одимлаётган юртдошларимизнинг эзгу ишларида тангри ёр, аждодлар руҳи мададкор бўлишини тилайман. Янги Ўзбекистоннинг ҳурлик шодиёнаси барчамизга муборак бўлсин!

Арзиқул ШЕРОВ,

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят

кенгаши раисининг биринчи

ўринбосари, аппарат раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    312
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+