Қишлоқ аёллари учун бепул тиббий кўрик ташкил қилинди

11.09.2023, 16:38

Қишлоқ аёллари учун бепул тиббий кўрик ташкил қилинди

O'zLiDeP Ғузор туман Кенгаши ҳамда туман кенгаши депутати Жамол Жумаев ташаббуси ҳамкорлигида туманнинг чекка ҳудуди саналган    “Обиҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли “Ўтари” ва “Қўшқудуқ”  қишлоқларида истиқомат қилаётган хотин-қизлар учун бепул тиббий кўрик ташкил этилди.

Жамиятда соғлом турмуш тарзини  шакллантириш, аёллар ўртасида тиббий саводхонлик ва тиббий маданиятни ошириш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида “Соғлом оила-мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида  “Соғлик – узоқ умр гарови” мавзусидаги мазкур акция жараёнида   “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Қашқадарё вилоят бўлими ходимлари ҳамда воҳанинг малакали шифокорлари томонидан  кам таъминланган ва имконияти чекланган 84 нафардан ортиқ хотин-қизлар ва уларнинг 22 нафар болалари бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, аниқланган касалликлар бўйича ташҳис қўйилиб, поликлиника ва шифохоналарда даволаниш учун йўлланма берилди.

-Экологиянинг кун сайин ифлосланиб бораётганлиги, ичимлик сувининг яроқсизлиги туфайли хотин-қизларда зоб, ўт, сурункали камқонлик ва буйракда туз йиғилиши каби касалликлар кузатилмоқда, -дейди УЗИ шифокори  Мурод Қувватов. – Опа-сингилларимиз йиллар давомида бирор марта бўлса ҳам шифокор кўригидан ўтишмайди, ўз саломатликлари ҳақида мутлақо қайғуришмайди. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бепул тиббий кўрик ўтказилди. Анжуман доирасида опа-сингилларимизга санитария гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш, касалликларни олдини олиш учун тез-тез шифокор кўригидан ўтиб туриш, мактаб ва маҳаллаларда соғлом турмуш тарзи қоидаларини кенг тарғиб қилиш борасида тавсиялар бериб, кекса ва ногиронларга бепул дори - дармон ва кўзойнаклар туҳфа этдик. Ишонаманки, бундай тадбирлар миллат бешигини тебратаётган меҳрибон ва мунис опа-сингилларимиз саломатлигини муҳофаза  қилиш ҳамда нурли истиқлолимиз эгалари бўлган-ёш авлодни соғлом ва жисмонан бақувват бўлиб дунёга келишида долзарб аҳамият касб этади.

  • Кўрилди
    282
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+