Халқ ишончи – шижоат, шиддат манбаи

14.09.2023, 11:55

Халқ ишончи – шижоат, шиддат манбаи

Вақт қадри одатда ўтган кун ва ойлар, йиллар билан эмас, балки амалга оширилган ишлар салмоғи билан ўлчаниши сир эмас. Шу маънода олиб қаралганда, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг сиёсий куч сифатида йигирма йиллик босиб ўтган йўлига назар солсак, унда ўтган ҳар бир кун – бир мақсад, бир маслак йўлида бирлашган фидойи, элпарвар, шижоатли инсонларнинг Ватан, халқ, юрт фаровонлиги йўлидаги саъй-ҳаракатлари тобора кучаяётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

2003 йиллар ҳали-ҳали эсимда. Ўша кезлар партия тузиш ташаббуси билан чиққан ишчи гуруҳ аъзоси сифатида ўтган йилларга назар солар эканман, кўп ёруғ хотиралар хаёлимдан ўтади. Гарчи мустақилликка эришганимизга ўн йилдан ошган бўлса-да, ҳали аҳолининг кўпчилик қисми дунёқарашида эскича қарашлар кетмаган, бозор иқтисодиёти энди-энди жорий қилинаётган пайтлар эди.

Мана шундай дамларда мамлакатимиз тараққиётининг кейинги ўн йилликлардаги юрар йўлини белгилаб берадиган, уни янги йўлдан бошлашга қодир бўлган сиёсий кучни шакллантиришга бўлган заруриятни англаб етган, узоқни кўра олган инсонларнинг юксак масъулиятни ўз зиммаларига олишганини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим.

Йигирма йилдирки, дастлаб, ташаббускор гуруҳ таркибида, 2008 йилдан бошлаб эса партиянинг Жиззах вилоят кенгаши раиси сифатида маслакдошларим билан биргаман. Ўтган йиллар давомида партиямиз босқичма-босқич шаклланиб, таъбир жоиз бўлса, кучга тўлиб, кундан кунга халқимиз орасида нуфузи ортиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби, бугун эл юртимиз ардоғидаги Ўзбекистон Қаҳрамонлари – Парда Зиётов, Анорбой Эшматов, айни пайтда вилоят “Нуроний”лар жамоатчилик кенгаши раиси вазифасида фаолият олиб бораётган Норқул Нушаров, Касаба уюшмалари бирлашмаси Жиззах вилоят кенгаши раиси, сенатор Нусратулла Пардаев ва бошқа ўнлаб, юзлаб ҳамфикр маслакдошларимизнинг бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилганлигидадир.

Давр шиддат билан ўтяпти. Шу шижоатга мос, зарур чоғда ундан сал олдинроқ қадам ташламаган ортда қолиши тайин. Сафимизга кириб келаётган ёшларда айнан шундай жўшқинликни кўриб беихтиёр севинаман. Мисол учун, дастлабки йили вилоят партия ташкилоти таркибида 1062 нафар маслакдошимизни бирлаштирган 24 та бошланғич партия ташкилоти фаолият олиб борган бўлса, ҳозир қуйи бўғинлар сони 1000 дан ошди. Улар ўз сафларига 102 минг нафардан ортиқ партиядошимизни бирлаштирган. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан бугун партиямиз ғоялари, дастурий мақсад ва вазифалари ҳар бир маҳаллага, ҳар бир ташкилот, корхона ва муассасага кириб борди, десам муболаға бўлмайди. Буни муддатидан олдин бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳам яна бир бор кўрсатиб берди. Сайлов натижаларига кўра, жиззахлик сайловчилар мазкур сиёсий жараённинг энг фаол иштирокчиларига айланганини, уларнинг аксарият қисми партиямиздан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлаб овоз берганини кўришимиз мумкин.

Яна бир мисол, маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган дастлабки сайловларда вилоят, туман (шаҳар) кенгашларига партиямиздан жами 72 нафар депутат сайланган эди.

Айни пайтда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида жами 142 нафар O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 26 нафари халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари ҳисобланади. Барчаси ўз ваколатлари доирасида вилоятимизда ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, сайловчиларнинг қувончу ташвишига ҳамроҳ бўлишга, жойлардаги мавжуд муаммоларни партиявий воситалар билан ҳал қилишда фаоллик кўрсатмоқдалар.

Жорий йил мисолида кўрадиган бўлсак, ўтган вақт давомида маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан жами 800 дан ортиқ депутатлик сўровлари чиқарилгани, жами 110 дан ортиқ мутасаддилар ҳисоботи тинглангани, маҳаллий кенгаш сессияларига 40 дан ортиқ масала киритилгани ҳам халқ ноибларининг давр билан ҳамнафас эканликларини кўрсатиб турибди.

Аҳолининг партиямизга, депутатларимизга бўлган ишончини белгилайдиган омиллардан яна бири, бу уларнинг мурожаатларига бўлган эътибордир. Шу кунгача аҳоли томонидан қилинган 200 дан ортиқ мурожаатнинг аксарияти ўз ечимини топган бўлса, вақт талаб қиладигани депутатлик ва партиявий назоратга олинган.

Ўзбекистон – янги даврга қадам қўймоқда. Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдевори қўйилмоқда. Юртимизда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган улкан ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда ва куни кеча эълон қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифаларни ҳаётга жорий қилишда маслакдошларимиз бундан кейин ҳам олдинги сафларда бўлишига ишонаман.

Эркин ХОЛМАТОВ

O‘zLiDeP Жиззах вилоят кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Жиззах вилоят кенгашидаги

O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    223
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+