Янги Ўзбекистон: Янгича таълим тизими ва янгича ёндашувлар

15.09.2023, 13:07

Янги Ўзбекистон: Янгича таълим тизими ва янгича ёндашувлар

Замонавий ҳаётни бугун илм-маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди, инсоният фан ўқи атрофида айланаётгандек гўё. Жаҳоннинг етакчи давлатларида таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланиши ҳам бежиз эмас. Негаки, мамлакатнинг келгуси равнақи айнан шу соҳада қўлга киритган ютуқлари билан чамбарчас боғлиқдир.

Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, аввало, мактабгача таълим ва тарбия соҳасидан бошланиши глобаллашув жараёнида болалар тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланган мактабгача таълим тизимининг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти беқиёслигини назарда тутади.

Қабул қилинган “Ўзбекистон–2030” стратегиясида ҳам мактабгача таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда болаларнинг тўлиқ қамровини таъминлаш мақсади қўйилган. Унга кўра келгуси 7 йилликда  давлат мактабгача таълим ташкилотларини 100 фоиз компьютер синфи билан таъминлаш орқали тарбияланувчиларда бошланғич компьютер саводхонлиги кўникмаларини шакллантириш, 100 фоиз мактабгача таълим ташкилотларини тоза ичимлик сув ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан таъминлаш каби устивор вазифалар амалга оширилиши белгиланган.

Мактаб таълимини тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш, муаллимларга муносиб шароит яратиш борасидаги ислоҳотлар жадал давом этмоқда. Келгуси 7 йилликда бу борада мақсад қилинган режалар ҳам мазкур соҳадаги ислоҳатларнинг узвий давоми бўла олади.

 Умумий ўрта таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш борасида ҳам қатор вазифалар белгиланган. Хусусан, олис ва чекка ҳудудларда жойлашган 715 та умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун бепул автобусларни йўлга қўйиш; 700 га яқин номдаги янги дарсликлар, машқ дафтарлари, педагоглар учун методик қўлланмалар ва мобиль иловалар яратиш; Янги авлод дарсликлари асосида планшетлар учун 1000 та мультимедиа дастурларини яратиш; таълим ташкилотларига ҳар йили 500 нафар “тил эгалари” бўлган хорижий мутахассисларни жалб этиш; барча умумий ўрта таълим муассасаларида касб-ҳунарларга ўргатиш курсларини жорий этиш; Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларнинг таълим методикасини барча умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқув жараёнларига жорий қилиш; Мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимларининг ўртача иш ҳақини 2 баробар ошириш кўзда тутилган.

Таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий қисмини, албатта, олий таълим тизимидаги ислоҳотлар ташкил этади.

“Ўзбекистон–2030” стратегиясига интеллектуал тараққиётни жадаллаштириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш сингари вазифалар асос қилиб олинди. Концепция мазмуни мамлакатимиз олий таълим тизимини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини акс эттиради. Унда олий ўқув юртларида қамров даражасини кенгайтириш ҳамда таълим сифатини ошириш, рақамли технологиялар ва таълим платформаларини жорий этиш, ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, инновацион тузилмаларни шакллантириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш, халқаро эътирофга эришиш ҳамда бошқа кўплаб аниқ йўналишлар белгилаб берилган. Буларнинг барчаси таълим жараёнини янги сифат босқичига кўтариш учун хизмат қилади.

Вилоятимизда ҳам Олий таълим тизимида катта ўзгаришлар рўй бермоқда. Илгарилари 3 тагина олий таълим муассасаси мавжуд бўлган бўлса бугунги кунда улар сони 10 тага етди. Бунда хусусий секторнинг ҳам улушини эътироф этиш лозим. Ҳорижий ва халқаро университетларнинг филиаллари ва хусусий олий таълим муассасалари соғлом рақобат билан бугун ўз фаолиятини олиб бормоқда. Ёшларимизнинг олий таълимга қамров даражаси ҳам бугун сезиларли даражада ўсган.

Демак, хулоса қиладиган бўлсак, таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳам бугунги кунда ўзининг долзарблиги ҳамда амалий аҳамияти билан бошқа соҳалардаги ислоҳотлардан асло қолишмайди. Чунки ушбу соҳадаги ислоҳотларни янада кенг кўламда давом эттириш давр талабидир. Негаки, инсон капитали сифатини оширмасдан туриб, кейинги иқтисодий ўсишни таъминлаш қийин кечади. Шу боис, зарур куч ва ресурсларни таълим сифатини оширишга, малакали кадрлар тайёрлашга йўналтириш нафақат бугун, балки эртанинг ҳам устувор вазифасига айланмоқда.

Белгиланган ушбу мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш, жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш мамлакатимиздаги етакчи сиёсий куч ҳисобланган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ҳар бир фаолига, ҳар бир халқ ноибига алоҳида масъулият юклайди.

Ислом Файзуллаев,

O'zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши раиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    658
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+