Куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш масаласи муҳокама қилинди

04.10.2023, 14:53

Куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш масаласи муҳокама қилинди

Ўтган йили қиш мавсумидаги аномал совуқ ҳаво ҳарорати барчани бирдай жиддий синовдан ўтказди. Шу туфайли 2023-2024-йиллар куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш тадбирлари ҳозирдан бошлаб юборилган.

Халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи ҳамда Халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгаши “Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал соҳа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссия”си ўзаро ҳамкорлигида қўшма йиғилиш ўтказишди.

Қўшма йиғилишда изғирин қишни беталофот ўтказишда коммунал соҳа ва аҳолига хизмат кўрсатиш корхоналарининг тайёргарлигини яқиндан ўрганиш, куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳозирданоқ бартараф этиб, олдини олиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Унда Ангрен шаҳри ҳудудидаги коммунал соҳа ташкилотлари раҳбарлари, хусусан, шаҳар ҳокими ўринбосари А.Камалханов, “Сувоқова” ДУК шаҳар филиали раҳбари Х.Мухиддинов, “Шаҳаргаз” корхонаси раҳбари С.Мирзамиддинов, шаҳар “Иссиқлик манбаи” корхонаси раҳбари Э.Ғайибов, шаҳар Тиббиёт Бирлашмаси бош шифокори Ф.Иманов, шаҳар ММТБ вакили  С.Нуриддинов, шаҳар “Электртармоқлари” корхонаси ва шаҳар коммунал соҳаси бўлими, шаҳар Ободонлаштириш бўлими вакилларининг ҳисоботлари тингланди.

Ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, аҳоли хонадонларини мавсумга тайёрлаш борасида бажарилаётган ишлар юзасидан берилган ҳисоботлар бирма-бир муҳокамадан ўтказилди.

Хусусан, “Шаҳаргаз” корхонасининг аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларни иситиш мавсумида табиий газ билан узлуксиз таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар режаси синчковлик билан ўрганиб чиқилди.

Шунингдек, коммунал соҳа ташкилотларининг ускуна ва қурилмаларининг соз ҳолатда бўлиши лозимлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, аниқланган муаммолар ўз вақтида ва сифатли бартараф этилиши борасида тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Депутатлик гуруҳи эшитувини ташкиллаштиришдан кўзланган мақсад – куз-қиш мавсуми давомида аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектларини барқарор иссиқлик энергияси билан таъминлашдан иборат экани, совуқ қишнинг аёзли кунларида аҳолининг оғирини енгил қилишдан иборат экани таъкидланди.

Йиғилиш сўнггида қиш-куз мавсумига тайёргарлик кўриш ва совуқ мавсум даврида аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш масаласига доир тегишли қарор қабул қилиниб, Халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгашининг  навбатдаги сессиясига киритилди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири

  • Кўрилди
    537
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+