Йигирма йиллик сабоқлар

26.10.2023, 12:06

Йигирма йиллик сабоқлар

Аввалдан биламизки, саналарга ҳар ким ҳар хил муносабат билдиради. Кимдир нишонлаш тадоригига пухта режа тузади. Бошқа биров эса айни шу куни бўлган воқеани эслаш билан кифояланади.

Шу маънода 15 ноябрь мен учун қадрли сана десам, адашмайман. Зотан, бундан 20 йил аввал худди шу куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташкил топган эди

Бу – менинг партиям, дея ғурурланаётганимни асло баландпарвозликка йўйманг. Чунки аслида шу сиёсий куч менинг ҳаётим, муваффақиятларимга жиддий таъсир кўрсатди. Шу партиядан депутат этиб сайландим. Қандай ютуққа эришган бўлсам, бунда, албатта, шу сиёсий кучнинг қайсидир маънода ўрни бор.

Балки оқсоч тарих учун йигирма йил жуда катта муддат эмасдир. Лекин сиёсатда бу давр босиб ўтилган йўл, бажарилган ишларни ифтихор билан эслашга етарли деб ўйлайман.

Бошқача айтганда, 2003 йилда сиёсий майдонга чиққан O‘zLiDeP мулкдорларнинг ўрта синфи, тадбиркорлар ва ишбилармонлар, фермерлар, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари манфаатларини ҳимоя қилишда муайян довонларни ошиб ўтди.

Электорат ишончини қозониш осон бўлмаганини алоҳида таъкидламасам буни ҳам ҳамма яхши билади. Хусусан, ортда қолаётган 20 йил ичида Тошкент шаҳар партия ташкилоти ҳам салмоқли сиёсий тажрибага эга бўлди.

Бугунги кунда пойтахтимизда ўз сафида 118 788 нафар сафдошни бирлаштирган 1 467 та бошланғич партия ташкилотлари, 20 нафар халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши, депутатлари, 147 нафар туман кенгаши депутатлари фаолият юритмоқда. Партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши аъзолари сони 35 нафарни ташкил этади. Ўтган давр ичида мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётининг фаол қатнашчиси сифатида умумхалқ референдуми, президентлик ва парламент, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари сайловларида фаол иштирок этиб яхши натижаларга эришди.

Электорат билан ишлаш сифати ва самарадорлигини ошириш, “Ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолиши керак эмас” тамойили асосида ноибларимиз аҳоли билан бевосита ўз сайлов округларида самарали тизимли мулоқот ташкил этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқдалар. Шунингдек, улар оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни маънан етук ва жисмонан соғлом қилиб тарбиялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ёт ғоявий таҳдидлардан асраш, қонун лойиҳалари муҳокамасида фаол қатнашиб, жўялироқ, фойдалироқ таклифлар беришда фаол. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, таълим, тиббиёт соҳаларини ривожлантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, катта авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бошқа долзарб масалаларга O‘zLiDeP Тошкент шаҳар ташкилоти алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Мамлакатимиз айни пайтда ривожланишнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйди. Ҳақиқатан ҳам, халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, инновацион тараққиёт борасида мамлакатимиз жадал одимламоқда. “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойили асосида шаклланган янги тизим эса ўзини тўла оқламоқда.

Янги Ўзбекистон кенг иқтисодий имкониятлар мамлакатидир. Изчил амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар тадбиркорликни ривожлантириш ва тўлиқ эркинлик бериш билан изоҳланади. Зотан, тадбиркорлик фаолияти ҳар қандай жамиятнинг тараққиётида локомотив эканига урғу бериш зарур.

Иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи, ривожлантирувчи куч ва унинг драйвери том маънода тадбиркорлардир. Маънавиятли инсонлар иқтисодиётимизнинг ўсиши ва юртимизни фаровонлигига кучли таянч бўлади. Бу эса ижтимоий соҳани тубдан яхшиланишига хизмат қилади. Ватан тараққиёти, юртимиз тинчлиги ва халқ фаровонлиги йўлида барчамиз бирлашиб, сидқидилдан хизмат қилмоғимиз олий саодатдир.

Партиянинг “Биргаликда биз кучмиз!” ҳамда “Битта мақсад бизни бирлаштиради – Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги!” шиорлари фаолларимизга шижоат руҳини бермоқда.

Равшан ФОЗИЛОВ,

O‘zLiDeP Тошкент шаҳар кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    245
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+