Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – долзарб масала

14.11.2023, 16:48

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – долзарб масала

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияни 2023 йилда ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори ижроси борасидаги ишлар таҳлилига бағишланган давра суҳбати ташкил этди.

Тадбирда вилоят кенгаши депутати Даврон Шодмонов, туман кенгаши депутати Муҳиддин Ҳамроев ва бошқалар сўзга чиқиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида 2020–2030 йилларга қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасидаги устувор йўналишлар ҳақида сўз юритдилар.     

Бугун жамиятимизнинг янгиланиши, демократик жараёнларнинг ривожланиши кўп жиҳатдан қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар самарасига боғлиқ бўлиб қолди.  Жаҳонда ва мамлакатимизда аҳоли сонининг кўпайиб бораётгани, урбанизация жараёнларининг кучайиши, сув заҳираларининг камайиб бориши натижасида ерларнинг чўлланиш ҳолатининг кучайиши, мавжуд суғориладиган ерлардан самарали фойдаланмаслик натижасида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш орқали аҳоли эҳтиёжларини қондириш имкониятларини кескин қилиб қўймоқда. Мавжуд муаммоларнинг мақбул ечимларини топиш учун воҳа далаларига сабзавот, полиз, картошка ва озуқабоп каби қишлоқ хўжалик экинларини жойлашувини ишлаб чиқиш, қўшимча имконият ва манбаларни аниқлаш, қишлоқ хўжалик экинлари етиштиришни кўпайтириш борасида ўндан ортиқ ташаббуслар амалиётга татбиқ этиш борасида амалий таклифлар билдирилди. 

- Давлатимиз раҳбари ҳар сафар фермерлар билан бўлган мулоқотда доимо ғалладан бўшаган майдонларда савзавот, картошка етиштириш, озуқабоп экинлар экиш орқали чорва озуқасини кўпайтириш борасида қимматли фикрлар билдирадилар, - дейди O’zLiDeP Нишон туман кенгаши раиси Шерзод Жўраев. – Ушбу вазифалар ижроси доирасида ғалладан бўшаган барча майдонларга 70 минг гектарга такрорий экин экилиб, мўл ҳосил етиштирилди. 27 минг гектар майдонга тўқсонбости экин экишни режалаштирганмиз. Ерлардан самарали фойдаланиш вилоят иқтисодини юксалтириш, аҳоли фаровонлигини оширишга муҳим ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Хўжаликларининг дала четларига миллионлаб тут, ток кўчатлари экилиб, яхшигина даромад топаётган фермерлар сони йил сайин кўпайиб бораётир. Ёз ойларида сув танқислиги боис сувсизликка чидамли экинлар уруғини топиш ва экиш технологияси борасида тинимсиз изланаяпмиз. Ҳар бир туманнинг тупроқ иқлимига мос экин уруғларини танлаб, синаб кўрганимиздан сўнггина экиш учун тавсия этаяпмиз. Шу боис деҳқонлар қилган меҳнат ва сарф харажатига куйиб қолмасдан, яхшигина даромад олишаяпти. Тиллога тенг заминимиздан самарали фойдаланиш аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш, туманлар иқтисодини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Тадбир доирасида туман тупроқ иқлим шароити ва салоҳиятидан келиб чиқиб, лалми ва яйлов ерларига қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштириш, мевали боғ, узумзорлар барпо этиш борасида амалий таклифлар билдирилди. Эндиликда ташкил этилган деҳқон хўжаликлари далаларини сув билан таъминлаш учун қудуқлар қазиш, экиш учун уруғ танлаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш  борасида партия депутатлари ва фаоллари кенг кўламда тушунтириш-тарғибот ишлари олиб боришлари зарурлиги эътироф этилди.  

  • Кўрилди
    131
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+