Урганчликлар тажрибаси оммалаштирилса...

19.12.2023, 16:23

Урганчликлар тажрибаси оммалаштирилса...

Хоразм вилоятида 254 500 нафар томорқа ер эгалари бор.Уларга 42 минг гектардан ортиқ ер бириктириб берилган. Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш учун ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилиб, йилига уч, тўрт марта ҳосил йиғилган ҳолда қўшимча даромад олишга эришиляпти. Бу йил куз мавсумида 6 823 гектар ерга тўқсонбости экинларини экилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси  Актам Хаитов Хоразм вилоятида бўлиб, томорқачилик йўналишидаги ишлар билан яқиндан танишди.

Илк манзил Урганч тумани "Ғойбу" қишлоғидаги Бойжон ота Хонгалдиев хонадони бўлди. Бу оила тўрт сотих ер майдонида тўқсонбости экинларини эккан. Барра саримсоқ пиёзлар декабрь ойидан ички бозорга чиқарила бошлади. Унинг ўрнига редиска экилиб, эрта баҳордан халқимиз дастурхонига етказилади. Кейин эса томорқага помидор, бодринг экилади. Шундай қилиб, йил давомида тўрт марта ҳосил олинади. Камида 100 млн сўм даромад кўрилиши тахмин қилиняпти.   

Актам Хаитов ўзаро мулоқотда ер даромад манбаи экани, маҳалладаги ёшлар хорижга кетиб ишлаш ўрнига ўз томорқасида иссиқхона қуриб, даромад олишлари мумкинлиги, Бойжон ота каби илғор томорқачилар тажрибасини оммалаштириш лозимлигини қайта-қайта таъкидлади. Мазкур ишларда O‘zLiDeP партияси вакиллари ва маҳаллий кенгаш депутатлари кўмагида тарғибот олиб бориш, ер билан тиллашган томорқачилар билан учрашувларни, маҳорат дарсларини  ташкил этиш бўйича келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Партия етакчиси Янгибозор туманидаги “Универсал таъминотчи” томорқа хизмати фаолияти билан танишди. Мазкур томорқа хизматига Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 4 млрд сўм имтиёзли кредит ажратилган эди. Натижада бу ерда соатига 1 тонна чорва ва паррандалар учун ем ишлаб чиқариш цехи, 200 тонналик сиғимдаги музлатгич омбори, мотокультиватор, мини трактор ва 3 ғилдиракли аравали мотоцикллар йиғув цехи ишга туширилди. Аҳолига уруғлик, кўчат етказиб бериш, техника, кимёвий ишлов бериш ва бошқа хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилган.

Янгибозор туманидаги Паҳлавон Маҳмуд номи билан аталадиган маҳаллада яшовчи Моҳира Йўлдошева икки сотихлик томорқасида турли кўкатлар етиштириб, яхшигина даромад топаётган юртдошларимиздан бири. Фермерлар кенгаши раҳбари маҳаллада ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, рўзғор тебратаётганлар кўплигига гувоҳ бўлди. Мулоқотлар давомида даромадни янада ошириш, экин турларини кўпайтириш, йилига 4 мартагача ҳосил олишни йўлга қўйиш бўйича тавсиялар берилди.  

Тўқсонбости экинларни плёнка остига экиб, эрта баҳорда мўмайгина фойда олишга интилиш йилдан-йилга оммалашиб бормоқда. Куз-қиш ойларида ҳам ерни бўш қўймай, ҳосил олаётган деҳқонлар фақат оилавий бюджетларига эмас, айни пайтда бозорлар тўкинлигини таъминлашга ҳам катта ҳисса қўшишяпти.

O‘zLiDeP Хоразм вилоят

кенгаши матбуот  хизмати

  • Кўрилди
    204
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+