Депутатлик гуруҳи йиғилишида долзарб масалалар муҳокама этилди

01.03.2024, 21:43

Депутатлик гуруҳи йиғилишида долзарб масалалар муҳокама этилди

Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Уни партия вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Обиджон Хамидов кириш сўзи билан очди ва олиб борди.

Унда дастлаб, O’zLiDeP вилоят Кенгаши ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатларининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастуридан келиб чиқувчи долзарб вазифалари муҳокама қилинди. Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш барча партия фаоллари ва масъуллари, хусусан депутатлик гуруҳи аъзолари зиммасига катта масъулият юклаши айтиб ўтилди. Дастурда белгиланган устувор вазифалар O’zLiDePнинг дастурий мақсад ва ғоялари билан ҳамоҳанг эканлиги айтиб ўтилди.

Йиғилиш кун тартибидаги вилоятда фермерликни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар ва бу борада ечимини кутиб қолган муаммолар хусусида вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг ахбороти эшитилди.

Ҳисоботда таъкидланганидек, жорий йилда вилоят бўйича 96220 гектар майдонга чигит экиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 2834 та фермер-хўжалиги томонидан 79010 гектар майдон биржага юборилган. 2794 та фермер хўжалиги томонидан эса 77571 гектар майдон учун фъючерс шартномалари тўлдирилган.

         Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрда имзоланган “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон-хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда 2022 йилда деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун пахта ва ғалладан қисқартирилган майдонлар ҳисобига 8016 гектар ер майдонлари ким ошди савдоларига чиқарилган. Ушбу савдоларга чиқарилган шунча гектар майдонларда 47869 нафар фуқаролар бу савдоларда қатнашиб ғолибликка эришдилар ҳамда деҳқон хўжаликларини ташкил этдилар.

         Шунингдек, Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 10 сентябрдаги “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан ўтган 2023 йилда 6108 гектар пахта ва ғалладан қисқартирилган ер майдонлари деҳқон хўжаликлари ташкил этиш учун ажратиб берилди ҳамда 14491 нафар аҳоли томонидан деҳқон хўжаликлари ташкил этилди. Эндиликда бу хўжаликларда кўплаб сабзавот, полиз, картошка, дуккакли ва мойли экинлар парвариш қилинмоқда. Такрорий экин сифатидаги сабзавот маҳсулотларидан ҳам мўл ҳосил етиштирилиб, кейинги пайтда улардан жами 38322 тонна маҳсулотлар етиштириб олинди.

Шунингдек, йиғилишда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бўлим бошлиғи Ботир Ходжаев, вилоят уруғчиликни ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Бекзод Бахронов, “Бухоро Агрокластер” МЧЖ бўлим бошлиғи Жамшид Жамилов ҳамда Марказий банкнинг Бухоро вилоят бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Улуғбек Джумаевларнинг ўз ваколатлари доирасидаги ахборотлари тингланди.

- Гарчи ҳозирги пайтда мамлакатимизда фермерларнинг эмин-эркин фаолият олиб боришлари учун кенг имкониятлар яратилган бўлсада, фаолиятимизга тўсқинлик қилаётган айрим муаммолар ҳам йўқ эмас, -дейди Бухоро туманидаги “Маданият-Мухаммад-Исмат” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаммад Ахмедов. - Банк муассасаларидан фермер хўжаликларига ажратилаётган кредитлар гарчи имтиёзли деб ҳисоблансада, улар фоизларининг юқорилиги ҳамда кредит маблағларининг тегишли йўналишлар бўйича қатъий белгилаб қўйилганлиги, суғурталаш, шунингдек хўжаликларга дотация ажратиш борасидаги мавжуд муаммолар шулар жумласидандир.

Депутатлик гуруҳи йиғилишида айнан шу масалалар бўйича бир қатор таклифлар билдирилиб, чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Йиғилиш кун тартибидаги кейинги масала сифатида вилоятда ҳунармандчилик соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ва уларнинг натижадорлиги бўйича вилоят ҳунарманд бошқармаси вакили ахборот берди.

У жумладан, Бухоро вилоятида ҳам кейинги 4-5 йилда ҳунармандчилик соҳасида мутлақо янгича муҳит пайдо бўлиб, аҳолининг ҳунар ўрганишга бўлган қизиқиши ортганини, уста-шогирд анъаналари ривожланганлигини ва мустақил фаолият юритмоқчи бўлган ҳунармандларни молиявий ва ташкилий қўллаб-қувватлаш тизими яратилганлигини айтиб ўтди.

Вилоят бўйича 2018 йилгача бўлган даврда 990 нафар ҳунарманд фаолият олиб борган бўлса, бу кўрсаткич бугунги кунда 6505 нафарга етган. Амалий санъат турларининг 25 тадан 43 тагача ошгани ҳам эътиборлидир.

Вақти-вақти билан ўтказиб келинаётган халқаро фестиваллар натижаларига биноан, Бухорога Бутунжаҳон ҳунармандчилик шаҳри мақоми берилганлиги ҳам бежиз эмас.

Кейинги 5-6 йил ичида вилоятда ишга туширилган миниатюра, зардўзлик, заргарлик ва бошқа йўналишларда 10 га яқин ҳунармандчилик марказлари ташкил этилганлиги ҳам эътиборга молик. Вилоятдаги 2030 нафар ҳунармандларнинг 1095 нафари аёллардан, 408 нафари эса навқирон авлод вакилларидан иборат.

  2020 йилдан Бухоро шаҳридаги Мономарказда ташкил қилинган курсларда 1200 нафардан ортиқ ишсиз фуқароларга касб-ҳунар ўргатилди.

Ҳунармандларнинг хорижга чиқишига яратилган шароитлар натижасида жами 40 нафарга яқин ҳунарманд 20 тага яқин хорижий тадбирларда иштирок этди. Натижада 570 минг. долларлик ҳунармандчилик маҳсулотлари савдоси амалга оширилди.

Кейинги йилларда ижтимоий ва маданий соҳаларда туризмни ривожлантириш йўналишида хорижий давлатлар билан ўзаро алоқаларни ривожлантириш мақсадида вилоятда бир қатор халқаро ва маҳаллий тадбирларни ўтказишга эътибор бериб келинмоқда.

 Депутатлик гуруҳи йиғилишида сўзга чиққан маҳаллий Кенгаш депутатлари муҳокама этилган масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар ҳамда бир қатор амалий таклиф ва тавсияларини бердилар.

  • Кўрилди
    145
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+