Бухородаги ўрганишлар давомида муаммоларга ечим топилдими?

05.03.2024, 11:38

Бухородаги ўрганишлар давомида муаммоларга ечим топилдими?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳ Бухоро вилоятида бўлиб, Президент раислигида ўтказилган йиғилишларда макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодий ривожланишни таъминлаш, инвестиция ва экспорт ҳажмини ошириш, саноат, қурилиш, транспорт, экология ҳамда ижтимоий соҳаларда 2024 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўргандилар.

Хусусан, қуйи палатанинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Равшан Мамутов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлардан иборат ишчи гуруҳ аъзолари Қоракўл туманидаги ўрганишлари давомида ҳудудда олиб борилаётган бунёдкорлик, қурилиш ишлари билан яқиндан танишдилар.

Улар дастлаб тумандаги “Қоракўл" эркин иқтисодий ҳудудида "ENTER STEEL KARAKUL" МЧЖ негизида 58 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция ҳисобига амалга оширилаётган металл қувур ҳамда катта ҳажмдаги резервуарлар ишлаб чиқариш заводи фаолиятини кўздан кечирдилар.

Айни вақтда тест режимида ишлаётган металл қувур ишлаб чиқариш заводининг биринчи босқичи яқин кунлар ичида тўлиқ қувват билан иш бошлаши кутилмоқда. Қарийб 75 гектар майдонни эгаллаган заводлар тўлиқ ишга тушгандан кейин қуввати йилига 300 минг тонна металл қувур ва 300 дона катта ҳажмдаги резервуарлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ҳамда 500 та янги иш ўрни яратилади.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг навбатдаги манзили тумандаги Ачаря универстити филиали бўлди.

Таъкидлаш жоизки, туманда Ҳиндистоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланган Ачаря университети филиали очилганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Шунга қарамай, мазкур хорижий таълим муассасасида ўқиш истагини билдирган ёшлар сафи кенгайиб бормоқда. Бунга университетда йигит-қизлар сунъий интеллект, маълумотлар фани, киберхавфсизлик, бизнес таҳлил ва бошқа йўналишлар бўйича мукаммал билим олиш имкониятига эга бўлиши катта қизиқишларга сабаб бўляпти.

Эътиборлиси, олий таълим даргоҳидагни педагогларнинг 70 фоизи хориждан, аниқроғи, Ҳиндистоннинг ўзидан келиб таълим беради. Маҳаллий ўқитувчилар эса Ҳиндистонда малака оширишади. Ҳозирги вақтда 150 нафар ўқувчи таълим олмоқда.

Ишчи гуруҳ аъзолари “Маллаишайх” маҳалласидан ўтувчи “Зиёрат” ариғининг узунлиги 2 километр масофадаги ўзанида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишиб, ушбу ҳудудда яшовчи аҳолининг ҳам таклиф ва истакларига қулоқ тутдилар.

Ўрганишларнинг кейинги манзили "Мергантекс" пахта-тўқимачилик кластери томонидан умумий қиймати 5 миллион АҚШ долларига тенг қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган томчилатиб суғориш қурилмалари ва улар учун бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш лойиҳаси бўлди. 

Айни вақтда бу ерда суғориш системаларини ишлаб чиқариш бўйича АҚШ ҳамда Хитой давлатидан 350 минг АҚШ долларига тенг сармояга харид қилинган технология ёрдамида бир ойда 12 миллион пагонометр ҳажмда резина сув қувури ишлаб чиқарилмоқда.

Бундан ташқари “Мергантекс” МЧЖ томонидан фермер хўжаликлари далаларига ўрнатилган насос агрегатлари, ҳовузлар учун мембрана қопламалари, гидрант, фильтр, қатор ораларига тортилаётган шланглар, электр таъминотида трансформаторлар ҳолати ўрганилиб, зарур деталларни ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган.

Ишчи гуруҳ аъзолари шунингдек, туманда янги иш ўринларини яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Қоракўл туманининг “Мустақиллик” маҳалласида “Ekvatorial Chodak” МЧЖ билан ҳамкорликда очилган 200 ўринга эга тикув цехи фаолияти билан танишдилар.

Таъкидлаш жоизки, Мономарказ биносининг бўш ётган спорт зали биноси алоҳида жиҳозланиб, унга дастлабки босқичда қиймати 300 миллион сўмдан ошиқ маблағ эвазига замонавий русумдаги 88 та тикув машинаси киритилган. Корхона йиллик ишлаб чиқариш қувватини 35 миллиард сўмга етказиш, шундан 1 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулотни экспорт қилиш кўзда тутилган. Ҳозирда ишлаб чиқилган ва истиқболига катта ишонч билдирилаётган мазкур лойиҳа туфайли маҳаллий бюджетга йилига қўшимча ўртача 4,2 миллиард сўм даромад тушум қилинади. Шу кунларда цехда махсус кийимлар тикиб тайёрланмоқда.

Ишчи гуруҳ аъзоларидан Мадина Баратова ҳамда Бобомурод Очиловлар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишлари, жумладан “Янги Ўзбекистон” массиви, катта йўл ёқалари, ҳамда дала четларига туман иқлим шароитига мос мевали ва манзарали дарахт кўчатларининг экилиши билан ҳам танишдилар.

Ишчи гуруҳ томонидан туманда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳам таҳлил қилинди. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан кредит ажратиш тизимининг соддалаштирилиши натижасида туманда ҳам тадбиркор бўламан деган инсонлар сони тобора ортиб бормоқда. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, ўтган йил давомида 3522 нафар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 85,9 млрд. сўмлик имтиёзли кредит ажратилди. Яъни, 2022 йилга нисбатан оилавий тадбиркорлик йўналишида кредит олган  фуқаролар 1,2 марта кўпайган.

Ишчи гуруҳ аъзолари туманни иқтисодий ривожлантириш, халқ турмуш фаровонлигини ошириш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш, маҳаллий тадбиркорлар учун тегишли шарт-шароитларни яратиш масалалари юзасидан ҳам ўрганишлар олиб бордилар. Тумандаги бир қатор тижорат банкларидан аҳолига, хусусан аёллар ва ёшларга ажратилаётган имтиёзли кредитлар ва бу борадиги ишлар самарадорлиги ҳам ишчи гуруҳ аъзолари эътиборидан четда қолгани йўқ. Тумандаги секторлар ва тадбиркорлик субъектлари фаолияти ҳам ўрганиб чиқилиб, жойлардаги айрим муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан аниқ маслаҳат, тавсия ва кўрсатмалар берилди.

  • Кўрилди
    168
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+