Бу йилги “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг саралаш босқичига МФЙларда старт берилди

21.04.2024, 13:48

Бу йилги “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг саралаш босқичига МФЙларда старт берилди

Барча ҳудудларда бўлганидек, Вобкент туман МФЙларида ҳам бу йилги “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг маҳаллалардаги ишбилармон, тадбиркор, фермер хотин-қизлар ўртасида саралаш босқичи тадбирлари қизғин давом этмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу кўрик-танлов дастлабки босқичининг айнан МФЙлар миқёсида бўлиб ўтаётганлиги жойлардаги бошловчи тадбиркор аёлларни аниқлаш, уларнинг шундан кейинги фаолиятларини қўллаб-қувватлаш ва кенг оммалаштириш, аёллар бандлигини таъминлаш, шунингдек янгидан-янги соҳа ходимларини кашф этиш имкониятини яратмоқда.

Вобкент туманида ҳам фермерлик, хунармандчилик ва тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган хотин-кизлар бисёр. O’zLiDeP туман Кенгаши масъуллари ва “Аёллар қаноти” фаолларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари “Халач” МФЙдаги тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган бир гуруҳ хотин-қизлар фаолияти билан яқиндан танишдилар. Жумладан, ўз хонадонида томорқа хўжалиги ва иссиқхона фаолиятини йўлга қўйган Умида Ҳамроева фаолияти ишчи гуруҳ аъзоларига катта қизиқиш уйғотди. 

-“Фермерлар” Кенгаши туман бўлими аъзоси сифатида 10 йилдан буён фаолият олиб боряпман-дейди хонадон соҳибаси У.Ҳамроева.- Ўз хонадонимда ташкил этган 15 сотихли иссиқхонада оила аъзоларим билан бирга яна 5 нафар маҳалладошларимни иш билан таъминлаб, уларга томорқа хўжалиги сир-асрорларини ўргатиб келяпман. Бугунги кунда иссиқхонада помидор, бодринг, булғор қалампири, редиска ва сархил кўкатлар етиштириб, аҳоли дастурхонининг тўкинлигини таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшиб келмоқдамиз. Йил давомида маҳсулотлар турига қараб 3 маротабагача ҳосил етиштиришга эришиб, ҳар мавсумда 10-15 млн сўмдан ортиқ даромад кўряпмиз. Эндиликда етиштирган сифатли маҳсулотларимизни қайта ишлаш, қадоқлаш ва бир неча хориж давлатларига экспортга чиқариш борасида иш олиб боряпмиз.

Озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган бугунги кунда ушбу йўналишдаги ишларнинг аҳоли томорқалари ва экин майдонларида тўғри йўлга қўйилганлиги, бу борадаги ишларнинг Вобкент туманидаги натижадорлиги бошқа ҳудудлардаги қишлоқ меҳнат аҳлини ҳам айнан шундай фаолият олиб боришга ундамоқда.

Кўрик-танловнинг МФЙлар саралаш босқичи туман миқёсида давом этмоқда.

  • Кўрилди
    153
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+