Жондорлик тадбиркор аёллар фаолияти ўрганилмоқда

28.04.2024, 12:45

Жондорлик тадбиркор аёллар фаолияти ўрганилмоқда

O'zLiDeP “Аёллар қаноти” томонидан ўтказилиб келинаётган “Ишбилармон аёл - 2024” кўрик-танловининг маҳаллалардаги саралаш босқичи ҳудудларда давом этмоқда.

          Партиянинг Жондор туман Кенгаши вакиллари “Дарвеши” МФЙдаги ишбилармон, тадбиркор хотин-қизлар фаолиятлари билан танишиб,  энг пешқадамларини аниқлашди.

Дарвеши қишлоғидаги ўз томорқа хўжалигида иссиқхона ташкил қилган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган Муборак Саидова хонадонида 2009 йилда 6 сотих иссиқхона ташкил этилган эди. Бугунги кунда иссиқхона ҳудуди 25 сотихгача кенгайтирилган бўлиб, бу ерда ҳозирги пайтда помидорнинг чинто, аламина навлари, бодринг ҳамда турли хил кўкатлар етиштириб келинмоқда. Маҳсулотлар арзон нархларда харидорларга етказиб берилмоқда. Биргина ўтган 2023 йилда помидор ҳосилидан 100 млн сўмлик, бодринг маҳсулотидан эса 50-60 млн сўмлик даромад олишга эришилганлиги шижоатли меҳнат самарасидир.

Иссиқхонада оила аъзоларидан ташқари яна 10 га яқин аёллар доимий ва мавсумий иш билан таъминланган.

-Фаолиятимизни жорий йилда бунданда ривожлантириш ниятидамиз,- дейди М.Саидова. - Томорқачиликни ривожлантириш бўйича яратиб берилаётган шарт-шароитлар, айниқса давлатимиз раҳбарининг Сайҳунобод тажрибасини бутун юртимиз бўйлаб кенг оммалаштиришга қаратилган тавсия ва кўрсатмалари бизни мавжуд экин майдонлари, хусусан томорқа еридан унумли фойдаланишга, эл-юртимиз дастурхонини сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдаги саъй-ҳаракатларга салмоқли ҳисса қўшишга даъват этмоқда.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг навбатдаги манзили туманнинг “Зарафшон” МФЙ ҳудудида жойлашган моҳир тадбиркор аёл Хушвақт Жўраева бир неча йилдан бери раҳбарлик қилиб келаётган “Жўраева Хушвақт” МЧЖ бўлди.  Тикиш-бичишга ихтисослашган ушбу корхонада ҳозирги пайтда 50 дан зиёд хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган. Уларнинг 30 нафари O’zLiDeP аъзосидир. Тумандаги Тинчлик, Зарафшон, Навгади, Жондор МФЙларидаги “Аёллар ва Ёшлар дафтар”ларига киритилган аҳоли вакилларидан ташқари олис ҳудудлардаги, хусусан, Қозикенти ва Янги Обод МФЙлари ўрамидаги хонадонларда истиқомат қилувчи эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларнинг аъзолари ҳам тикув цехидаги кундалик ишларга жалб этилганлар. Улар МЧЖ цехларида кредит ва субсидия асосида сотиб олинган “JAK” русумидаги тикув машиналаридан унумли фойдаланиб, 10 хил турдан ортиқ сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқармоқдалар.

Шунингдек, МЧЖ ҳузурида ишсиз ҳамда ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган хотин-қизлар учун 5 йўналишдаги ўқув-курслари фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

Ишчи гуруҳ аъзолари М.Саидова ҳамда Х.Жўраевани кўрик-танловнинг туман босқичига иштирок этишга муносиб деб топдилар.

  • Кўрилди
    864
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+