Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон соғлиғи билан боғлиқ нормалар янада кўпайиб, такомиллаштирилди

30.04.2024, 16:15

Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон соғлиғи билан боғлиқ нормалар янада кўпайиб, такомиллаштирилди

Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида, аввало, халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган, десак, айни ҳақиқат.

Кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, малакали тиббий кадрларни тайёрлаш, касалликларни профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш, соҳага янги бошқарув усулларини, замонавий технология ҳамда даволаш усулларини кенг жорий қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда, табиийки, соҳага оид ҳуқуқий ҳужжатлар муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Ҳуқуқий асос ҳақида гап кетганда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бундан роппа-роса бир йил олдин, яъни 2023 йил 30 апрель куни янги таҳрирдаги Конституциямиз референдум асосида қабул қилинган эди. Ушбу Бош қомусимида инсон соғлиғи билан боғлиқ нормалар янада кўпайиб, такомиллаштирилди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 48-моддасида “Ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”, дея қатъий мустаҳкамлаб қўйилган. Қолаверса, мамлакатимиз фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли эканлиги ҳам белгиланганки, бу аҳоли ўртасида соғлом муҳитни шакллантиришга катта ҳисса қўшяпти.

Шу ўринда ушбу рақамга эътибор қаратсак, 2017 — 2023 йилларда давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизими учун ажратилаётган маблағлар қарийб 4 баробар ошди. Қолаверса, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида фаолият юритаётган давлат тасарруфидаги корхона ҳамда ташкилотларнинг умумий сони 2017 йилдагига нисбатан салкам 2 баробар ошиб, 11 мингтадан ошди. Фаолият юритаётган давлат амбулатория-поликлиника муассасалари сони 2 минг 696 тани ташкил этади. Улар бир сменада 354 минг 738 қатнов қувватига эга. Ҳар 10 минг кишига 98,5 қатнов тўғри келади. Шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар миқдори ҳам кўпайтирилганини кўриш мумкин.

Энг муҳими, жойларда оилавий поликлиникалар, оилавий шифокорлик ва маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилаётгани боис тиббий хизматлар аҳолига янада яқинлашди, десак, муболаға эмас.

Очиғини айтиш керак, авваллари мураккаб операциялар учун чет элга бормай илож бўлмасди. Бу борада ҳам муаммолар йиғилиб қолганди. Жумладан, юракдаги операциялар ҳақида ҳам худди шундай фикрни айтиш мумкин. Айниқса, болалардаги юрак кардиожарроҳлик амалиётлари тўғрисида алоҳида тўхталиш жоиз. Бундан 8-9 йил олдин биз йилига 300 та боланинг, бу кунига битта боладан тўғри келади, юрагида амалиёт бажара олардик. Буям фақат Тошкент шаҳрида, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида амалга ошириларди. Мана, бугунга келиб 2,5 мингта юрак операциясини, нафақат Тошкент шаҳрида, ҳатто вилоятлардаги тиббиёт муассасаларида ҳам бажариляпти.

Яна бир масала шунда эдики, юртимизда фақат шу вақтга қадар беморларга қайси тиббий хизмат бепул кўрсатилади, қандай дорилар текин берилади, деган саволлар ойдинлаштирилмаган эди. Кейинги йилларда бу йўналишда ҳам талай ишлар олиб борилди. Оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар, кўп тармоқли марказий поликлиникалар, туман (шаҳар) марказий шифохоналари ва туғуруқхоналарда кўрсатиладиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхати белгиланди. Мазкур рўйхатга кўра, эндиликда беморларга жами 520 та ташхис, 28 та диагностик текширув, 46 та лаборатор таҳлил, 235 турдаги дори воситалари, 27 та оператив даво ҳамда 76 та тиббий буюмлар давлат ҳисобидан бепул тақдим этилади.

Тиббий хизматларга кафолат бўлмаса, фуқароларда ушбу соҳага бўлган ишонч юқори бўлмайди. Шу маънода, мамлакатимизда соҳанинг ушбу йўналишига ҳам жиддий эътибор қаратилган. Буни қуйида келтирилган факт ва мисоллар орқали ҳам англаб олиш мумкин.

Қисқаси, Президентимиз тиббиёт ходимларига йўллаган бу йилги байрам табригида таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда инсон қадри ва манфаатларини таъминлашни ўз олдимизга эзгу мақсад қилиб қўйган эканмиз, бу йўлда халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши табиий.

Дилбар УСМОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    136
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+