Ўзбекистон-Туркманистон: стратегик шерикликнинг янги босқичи

23.04.2018, 19:12

Ўзбекистон-Туркманистон: стратегик шерикликнинг янги босқичи

Хабарингиз бор, айни пайтда мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Ўзаро мулоқотлар давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, таълим ва спорт соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланиши кутилмоқда. Шунингдек, ташриф доирасида икки мамлакат етакчи иқтисодий тузилмаларининг бизнес-форуми бўлиб ўтади. 

Албатта савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳақида сўз кетганда, бу борадаги ҳамкорлик икки томон учун ҳам манфаатли эканлиги кўринади. Чунки, Ўзбекистонда ҳам Туркманистонда ҳам энергия манбаларининг йирик конлари мавжуд эканини, нефть-газ саноати жадал ривожланиб, хорижий сармоядорлар билан шериклик алоқалари кўлами кенгайиб бораётганини ҳисобга оладиган бўлсак, мазкур ташриф бу борада янги уфқларни очишига шубҳа йўқ.

Қолаверса, ҳар икки мамлакат углеводород ресурсларига бой ҳисобланади. Уларни экспорт қилиш ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишни талаб этади. Ана шундай яқин ҳамкорлик мамлакатларимиз учун энергетика йўналишларини диверсификация қилиш ва жаҳон бозорларига чиқиш борасида кенг имкониятлар яратади. Бу лойиҳалар тўғрисида гап кетганда, йилига 25 миллиард куб метр газ ўтказадиган Туркманистон – Ўзбекистон –Қозоғистон – Хитой қувурини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бундай лойиҳалар негизида нафақат иқтисодий, балки сиёсий ва гуманитар манфаатлар ҳам мужассам, десак муболаға бўлмаса керак. Негаки, қувур теварагида инфратузилма барпо этилиб, янги иш ўринлари яратилади. Асосийси,  мазкур қувурлар мамлакатларимизнинг транзит салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида хорижий давлатга илк ташрифини 2017 йил март ойида Туркманистонга амалга оширганини яхши биламиз. Ўшанда икки мамлакат раҳбарлари ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишга солиш, савдо-иқтисодий алоқалар қамровини кенгайтириш, ҳудудларнинг тўғридан-тўғри ҳамкорлигини ривожлантиришга келишиб олган эдилар. Шундан сўнг кўплаб соҳалар қатори туризм бўйича алоқалар ҳам янги босқичга чиқди, десак адашмаймиз. Икки томонлама сайёҳ алмашувини ривожлантириш, бошқа давлатлардан сайёҳ жалб этишни ошириш бўйича ҳамкорлик борган сари мутаҳкамланиб бормоқда. Айни пайтда Хоразм вилояти билан Дашовуз вилояти, Бухоро вилояти билан Лебап вилояти ҳокимликлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича имзоланган  битимлар жуда яхши самара бераяпти. Ҳисоб-китобларга қараганда, биргина ўтган йили Хоразмга тўрт мингдан зиёд туркманистонлик сайёҳлар ташриф буюргани бу борадаги фикримиз нақадар тўғри эканлигини исботлайди.

Бугун 23 апрель куни икки мамлакат раҳбарларининг чегарадош Хоразм вилоятига ташрифи кутилмоқда. Ишончимиз комилки, ушбу ташриф нафақат ушбу икки вилоят балки бошқа ҳудудларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Мазкур тарихий ташриф ва унда кўриб чиқиладиган масалалар партиямиз учун ҳам ниҳоятда долзарб аҳамият касб этади. Зеро, ташқи иқтисодий фаолият соҳасида партия халқаро иқтисодий интеграциялашув ва жаҳон бозорларида маҳаллий маҳсулотлар улушини  кенгайтириш учун мақбул шароитларни яратиш тарафдоридир. Экспортни ошириш ва миллий иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини таъминлаш иқтисодий соҳадаги дастуримизнинг энг муҳим қисми ҳисобланади. Шу маънода биз икки мамлакат ўртасида мунтазамлик касб этиб бораётган олий даражадаги музокараларни қўллаб-қувватлаймиз.

Ўрни келганда шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Кўпчиликка яхши маълум, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш маросимидаги нутқида Ўзбекистон барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилишини баён этган эди. Туркманистон Президентининг мазкур давлат ташрифи Ўзбекистон ташқи сиёсатда яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида аҳамият қаратаётганини амалий тасдиғи, десак сира муболаға бўлмайди. 

Бир сўз билан айтганда, Туркманистон Президентининг юртимизга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги босқичини бошлаб берган ташриф сифатида тарих саҳифаларига муҳрланади.

Гавҳарой ТЎХТАСИНОВА,

Халқ депутатлари Бектемир туман

Кенгаши депутати

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2176
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Жобборкул. Тошкулов2018-04-25 12:32:01

Туркманистон ва Ўзбекистон Давлат раҳбарларининг учрашуви бу икки мамлакат ўртасида дўстлик ҳамда стратегик ҳамкорлик алоқаларини янада мустахкамлашдан далолат беради. Икки давлат ўртасидаги тадбиркорлари иштирокида ташкил этилган Бизнес Форум ишбилармон ҳамда тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшигини очди, ва бу билан қушни Давлат Туркманистон орқали Ўзбекистонимизнинг тадбиркорлари, ишбилармонлари Каспий денгизи орқали Дунё бозорларига чиқишлари мумкин.


Муяссархон Умурзақова2018-04-24 17:38:40

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилувчи мазкур давлат ташрифи доирасида кўплаб эзгу мақсадлар намоён бўлди. айниқса, адабиёт, иқтисодиёт, коммуникация соҳаларидаги янги йўналишларни очиб беришига ишонамиз. Маҳтумқули ижодини ўрганиш мактаб дарсликларига киритилгани замирида ҳам дўстлик қирралари акс этиб тургани аён.


Давлат солик иниспкцияси БПТ раиси Акмал Шовкиев2018-04-24 17:36:46

Ушбу ташриф давлатларимиз уртасидаги дустона алокаларни янада ривожига сабаб булади.


Дилмурод Собиров2018-04-24 17:34:27

Ҳар икки мамлакатнинг ўзаро ҳамкорлиги замирида,аввало, узоқ йиллик узвий боғланган дўстлик, қондошлик, қадриятлардаги уйғунлик мужассам. Дарҳақиқат, айни вақтдаги ҳамкорлик келгусидаги савдо-саноат, ижтимоий, коммуникация каби қатор соҳалардаги янада мустаҳкам тараққиётга хизмат қилади.


Гулшода Газиева "Файёза Дилмуродовна" хк БПТ раиси2018-04-24 17:17:09

Мухтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсати миллатлар аро тотувлик ва диний бағри кенгликни таъминлаш йўлидаги серқадам ишларига биз хам елкадош бўлайлик.


Асилабону Султонова - Мафкуравий тарғибот ва ташвиқот бўлими мудири2018-04-24 17:14:16

Марказий Осиё давлатларининг ҳамжиҳатликда дўстона алоқаларнининг мустаҳкамланиб бориши нафақат иқтисодий ва сиёсий соҳаларида балки минтақада ва шу билан бирга ҳар бир давлатнинг миллий хавсизлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб ҳизмат қилади.


М.Рўзметов2018-04-24 17:06:30

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш маросимидаги нутқида Ўзбекистон барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилишини баён этган эди. Туркманистон Президентининг мазкур давлат ташрифи Ўзбекистон ташқи сиёсатда яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида аҳамият қаратаётганини англатади. Айниқса 2 та давлат раҳбарининг 24 апрель куни Хоразм вилоятига ташриф буюриши бизни янада қувонтиради


Ботирали Турдиев Қамаши туман Кенгаши ижрочи котиби2018-04-24 16:56:09

Ушбу ташриф икки давлат ўртасида хамкорлик қардошлик ва дўстлик алоқаларини мустахкамлашга хизмат қилади.


O'zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши аппарат раҳбари А. Шеров2018-04-24 16:52:44

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг мамлакатимизга қилган ушбу расмий ташрифи том маънода икки давлат ўртасидаги кенг қамровли муносабатларнинг янада ривожланишига муҳим омил бўлди. Ҳар икки давлат ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб кенг қамровли конструктив ташқи сиёсат юритишлари авваламбор икки давлатнинг иқтисодиётининг янада тараққий этишига ҳизмат қилади.


Шенязов Равшан Атаевич2018-04-24 16:51:52

Ишончимиз комилки, ушбу ташриф ҳудудларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади. Мазкур тарихий ташриф ва унда кўриб чиқиладиган масалалар партиямиз учун ҳам ниҳоятда долзарб аҳамият касб этади. Зеро, ташқи иқтисодий фаолият соҳасида партия халқаро иқтисодий интеграциялашув ва жаҳон бозорларида маҳаллий маҳсулотлар улушини кенгайтириш учун мақбул шароитларни яратиш тарафдоридир. Экспортни ошириш ва миллий иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини таъминлаш иқтисодий соҳадаги дастуримизнинг энг муҳим қисми ҳисобланади. Шу маънода биз икки мамлакат ўртасида мунтазамлик касб этиб бораётган олий даражадаги музокараларни қўллаб-қувватлаймиз.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+