Марҳаматликлар O‘zLiDeP лойиҳаларидан мамнун

09.07.2018, 15:57

Марҳаматликлар O‘zLiDeP лойиҳаларидан мамнун

Бепул тиббий кўрик

Марҳамат туманидаги 31-қишлоқ оилавий поликлиникаси Миришкор, Кўтарма, Ўқчи, Увайсий маҳаллаларининг 14 147 нафар аҳолисига хизмат кўрсатади. Бироқ тиббий хизмат кўрсатишдаги камчиликлар туфайли аҳоли вакиллари айрим ҳолларда туман марказига ёки Андижон шаҳридаги шифохоналарга боришга мажбур. Чунки бу ерда барча касалликлар бўйича даволовчи врач ва чуқурлаштирилган текширув мавжуд эмас.

O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими ташаббуси билан мазкур поликлиникада амалга оширилган бепул тиббий кўрикка туман ва вилоятдаги 20 нафарга яқин тор мутахассислар жалб қилинди. УТТ, ЭКГ, биохимик қон таҳлилларига мўлжалланган текширувлар аҳоли, айниқса, хотин-қизлар учун айни муддао бўлди.

 – Чуқурлаштирилган бугунги кўрикни ташкиллаштиришда кўмак берган  мутасаддиларга катта раҳмат, – дейди поликлиника мудираси Ибодатхон Асранова. – Анча вақтдан буён мана шу режани амалга оширолмаётган эдик. Ҳудуд аҳолисининг 330 нафар вакили саломатлигини чуқурлаштирилган текширувдан ўтказгани ўзлари билиб билмаган дардларини аниқлашда ёрдам берди. Бу эса ўз вақтида шифо топишига туртки бўлади.

Келин бўлиб тушганимга кўп бўлмади, – дейди ўқчилик 21 ёшли Шоирахон Тиллаева. – Ҳомиладорлигим сабаб аҳволим бироз ёмонлашаётганини ҳис қилаётган эдиму, лекин янги уйдан ҳадеб туман марказий шифохонасига қатнашга ийманаётгандим. Бугун илк скрининг текширувидан ҳам ўтдим, берилган йўлланма билан энди Андижон шаҳридаги туғруқ комплексида амбулатор даволаниб саломатлигимни тиклайман.

“O‘zLiDePнинг обод кўчаси” ҳамда “Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳалари доирасида ташкил этилган мазкур чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтган 330 фуқаронинг 32 нафари ўзида аниқланган касаллик бўйича амбулатор даволаниш учун туман ва вилоят шифохоналарига йўналтирилди.

20 нафар ёшлар энди банд

– “Сен ҳам фаол ёшлар сафидасан!” шиори остида партиямиз ташаббуси билан Марҳаматда янги иш бошлаган “Электротехника” заводида тарғибот тадбирини ўтказганимиз тумандаги вақтинча ишсиз ёшлар учун катта имконият эшигини очди, –дейди O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши Ёшлар қаноти етакчи мутахассиси Дилмурод Собиров. – Дастлаб бўлиб ўтган йигит-қизларни тадбиркорликка жалб қилишнинг инновацион усулларига бағишланган семинар-тренинг машғулотлари ҳудуддаги вақтинча банд бўлмаган ҳамда диний оқимга адашиб кириб қолган, хорижга иш излаб чиқиб кетмоқчи бўлган ёшларни қамраб олди. Унда иштирок этган тижорат банклари филиаллари, туман бандликка кўмаклашиш маркази мутасаддилари ҳамда халқ депутатлари туман ва вилоят кенгашлари депутатлари қатнашчиларнинг саволларига батафсил жавоб беришди. Муҳими, тадбир давомида 20 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди.

Шукурбек Бўтабеков тумандаги касб-ҳунар коллежини ўтган йилда тамомлаган. Бир неча жойдан иш излагани бекор бўлавергач, ҳафсаласи пир бўлиб, ҳали у ерда, ҳали бу ерда кичик савдо-сотиқ билан шуғулланиб юрганди. “Ёшлар қаноти”нинг “Сен ҳам фаол ёшлар сафидасан!” лойиҳаси доирасидаги тарғибот ишлари унинг ҳам бу борадаги муаммосига ечим бўлиб хизмат қилди. “Электротехника” заводига мутахассислиги бўйича муқим ишга жойлашди.

Бир кафт ер ҳикмати

 Марҳаматликлар азалдан ер билан тиллашиб келганлардан. Ҳар битта хонадоннинг ўзгача файзи томорқасида акс этади. Айниқса, Пахтакор маҳалласи бу борада етакчиликни қўлга олган. Обод, Гулзор кўчаларидаги хонадонлардаги томорқалар кўзни қувнатади. Тўғри, айрим ҳовлилардаги бўш турган ер кўнгилни хира қилади. Аммо уларнинг соҳиблари ҳам партиянинг бошланғич ташкилотлари масъуллари кўмаги ва маслаҳати асосида аллақачон томорқага ишлов бериш ва ундан унумли фойдаланишни йўлга қўйишди. Обод кўчаси 60-уйда истиқомат қилувчи М. Ашуровга ҳам партиянинг кўмаги тегди.  Очиқ айтиш жоиз, фуқаро дастлаб бўш турган 1 сотих томорқаси ўз мулки, унга истаса ишлов бериши, истамаса фойдаланмаслигини айтиб қайсарлик ҳам қилди. Бироқ яхши гапга илоннинг инидан чиқиши бор гап. Ахир нотиқлик, инсон кўнглига сўз билан кириш, ваъданинг устидан чиқиш сафдошларимизнинг дил машъаласига айланган. Бугун партия Андижон вилоят Кенгаши бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш гуруҳи мутасаддилари саъй-ҳаракати, амалий кўмаги билан фуқароларга зарурий тавсия билан бирга томорқага ишлов бериш ва уруғ қадашда ҳам амалий ёрдам берилди.

Қишу ёз томорқасидан мўл даромад оладиган Пахтакор маҳалласи аҳли билан суҳбатлашган сари ер ҳикматини чуқур ҳис қила бошлайсиз.

Бир йилда шу томорқадан 5-6 миллион фойда топамиз, – дейди Гулзор кўчаси 85-уйда яшовчи Ҳалимжон Шойимқулов. – Эндиликда иссиқхона ҳам қурмоқчиман. Бу борада кредит олиш ишларига яқиндан беминнат ёрдам берган O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши масъулларидан миннатдорман.

Ҳар бир оила тадбиркор

Иқболой Исроилова каштадўзлик, попурчилик, зардўзлик, тикувчилик йўналишларида бир неча йиллардан буён самарали фаолият олиб боради. Шогирдлари билан бирга тайёрлаган маҳсулотлари нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам харидорларига эга. O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши Бизнес тузилмалари ва фермерлар билан ишлаш бўлими томонидан ташкил этилган амалий семинарда у каби ҳунарманд ва тадбиркорлар, шунингдек, ишбилармонликда ўз ўрнига эга бўлишни истаган бир гуруҳ ёш иштирок этди. Айни тадбирда Иқболой анчадан буён мутасаддиларга айтишни мақсад қилиб юрган таклифини билдиришга муваффақ бўлди. Унинг туманда миллий ҳунармандчилик мактабини жорий этиш ва унга тажрибали устозларни жалб қилиш ва ҳунарманд ёшлар сафини кенгайтириш таклифи мутасаддилар томонидан маъқулланди.  

Маълумки, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури ижроси Андижонда намунали тарзда амалга оширилиши белгиланган, – дейди партия вилоят Кенгаши масъул ходими Муяссархон Умурзоқова. – Семинарда айни дастур ижросига алоҳида эътибор қаратилгани ҳам ана шу масъулият ифодаси бўлди. Масалан, шу кунга қадар Миллий банк Марҳамат тумани бўлимига дастур бўйича 2 654 фуқародан мурожаат келиб тушган. Уларга ўз навбатида 102 миллион 500 минг сўмлик кредит ажратилган. Бу каби хайрли ишлар вилоятимизда тадбиркорлик тараққий топиши, аҳоли бандлиги таъминланиши ва турмуш фаровонлиги янада юксалишида катта аҳамият касб этмоқда.

Обод кўчалар кўпаймоқда

Марҳамат туманидаги Мустақиллик кўчасининг ички йўллари анчагина “чарчаб” қолган эди. Фуқароларнинг бир неча бор маҳалла, туман мутасаддиларидан сўраган ёрдами жавобсиз қолавергани ҳам ҳақиқат. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Ҳусанбой Шералиев ташаббуси ва моддий кўмаги асосида мазкур кўчага 40 машина шағал олиб келиб ётқизилгани “O‘zLiDePнинг обод кўчасилойиҳаси доирасидаги муҳим тадбир бўлди.

Барча ислоҳотлар инсон манфаатига хизмат қилиши айни вақтда амалга оширилаётган юқоридаги лойиҳа дастурида ўз аксини топмоқда. Халқнинг, айниқса, чекка ҳудудлардаги аҳолининг ижтимоий-иқтисодий турмуш даражасини яхшилаш борасидаги ишлар партия вилоят кенгашининг мақсадига айлангани ҳар қадамда мана шундай намоён бўлмоқда.

 Зилола РАҲМОНОВА,

“XXI asr”   мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1398
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Абдуллаев Дилшодбек - Бизнес тузилмалари ва фермерлар билан ишлаш бўлими мудири2018-07-12 16:50:03

Обод қишлоқ дастури доирасида қилинаётган бундай хайрли ишлар замирида халқни рози қилиш,яшаб турган худудларни обод қилиш,турмуш тарзини яхшилаш мақсадлари ётади. Бундай лойихалар сони ортиши тарафдориман.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+