Ер фермерда қолди: ҳоким қарори бекор қилинди

12.07.2018, 16:30

Ер фермерда қолди: ҳоким қарори бекор қилинди

Яқинда O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгашига Косонсой туманидаги “Зафар Муҳаммаджон чорваси” фермер хўжалиги раҳбари Муҳаммаджон Раҳимовдан мурожаат  тушди. Унда баён қилинишича,  хўжалик 2007 йили 41 гектар ер майдонида иш бошлаган. 2008 йили туман ҳокимининг қарори билан унга яна лалми ерлардан 12,8 гектар, 2013 йили 107,3 гектар ажратилган. Бироқ 2018 йил 4 апрелда мазкур фермер хўжалиги фойдаланиб келаётган Шароф Рашидов массивидаги 51 гектар ерни туман ҳокимлиги захирасига қайтариш тўғрисида халқ депутатлари туман Кенгашининг 168/40-5-сонли ҳамда туман ҳокимининг 498-сонли қарорлари чиқарилган. Қишлоқ мулкдори бу қарорлардан норози.

Партия ҳудудий ташкилотининг жисмоний ва юридик шахслар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар Тўхтасиновнинг маълум қилишича, дастлаб тилга олинган қарорлар учун асос бўлган туман комиссияси хулосаси атрофлича ўрганиб чиқилди. Комиссия раисининг ўринбосари С.Аширов, котиби Ҳ.Раҳимов ва аъзолари О.Қориев, М.Маматқулов, М.Ҳошимхўжаев, А.Мамаджонов имзолаган  хулосада, жумладан, шундай жумлалар бор: “Зафар Муҳаммаджон чорваси” фермер хўжалигининг Шароф Рашидов массивидаги чорва озуқаси экилиши режалаштирилган 15,8 гектар ернинг 8 гектарига контрактация шартномаси тузилмаган ҳолда ловия, 4 гектарига пиёз, 2 гектарига картошка, 0,5 гектарига саримсоқпиёз, 1 гектарига уруғлик пиёз, 3 гектарига уруғлик сабзи экилган. Бу билан фермер хўжалиги раҳбари М.Раҳимов Ўзбекистон Республикаси “Ер кодекси”нинг 6-банди (ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадда фойдаланганлик)  ва ижара шартномаси талабларини бузган”. Бинобарин, фермер хўжалиги тасарруфидаги 51 гектар ерни туман ҳокимлиги захирасига қайтариш тўғрисида хулоса берилган. Халқ депутатлари туман Кенгаши ва туман ҳокими тегишли қарор чиқаришда ана шу ҳужжатга таянишган.

Фермер хўжалиги бошлиғи бу қарорларнинг асоссиз эканини исботлашга ҳаракат қиляпти:

– Бу ер майдони менга ижара шартномаси асосида чорвачилик, боғдорчилик, сабазавотчилик ва қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш учун берилган. Ижара шартномаси талабларини бузмаганман. Ердан самарали ва унумли фойдаланяпман. Қарорлардаги “ердан бошқа мақсадларда фойдаланилган, контрактация шартномасида назарда тутилмаган қишлоқ хўжалиги экинлари экилган”, деган гаплар нотўғри. Фермер хўжалигимиз “Kosonsoy fruits agrofirm”  МЧЖ билан 2017 йил 25 август­да 2018 йил ҳосили юзасидан контрактация шартномаси тузган. Ушбу ҳужжат туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими томонидан ҳам тасдиқланган. Фермер хўжалигимиз чорвачиликка ихтисослашган. Шундай экан, ерлардан чорва озуқаси етиштириш учун фойдаланишимиз табиий ҳол. Туман ҳокимлиги бу ерларни қайтариб оладиган бўлса, биринчидан, чорва моллари озуқа етишмаслигидан нобуд бўлиши мумкин. Бундан ташқари, гўшт ва сут маҳсулотлари етказиб бериш бўйича мажбуриятлар ҳам бажарилмай қолиши эҳтимоли юқори. Фермер хўжалиги касодга учрайдиган бўлса, кўплаб одамлар ишсиз қолиши турган гап. Буни тушунтиришга уриндик, аммо фойдаси бўлмади.

O‘zLiDeP вилоят Кенгаши  адолат қарор топиши учун барча чора-тадбирларни амалга оширди. Пировардида халқ депутатлари туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги томонидан қабул қилинган қарорлар асоссиз эканлиги исботланди ва бу иш туман маъмурий судига оширилди. Суд амалдаги қонунлар талабларидан келиб чиқиб, фермер хўжалиги фойдасига ҳал қилувчи қарор чиқарди. Халқ депутатлари туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг тегишли қарорлари бекор қилинди ва ер фермер хўжалиги ихтиёрида қолдирилди.

Комилжон ФАЙЗИЕВ

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    435
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг. ЭСЛАТМА! ЖЎНАТИШ ТУГМАСИНИ БОСГАНИНГИЗДАН СЎНГ БИЛДИРГАН ФИКРИНГИЗ ШУ ЗАҲОТИ КЎРИНИШИ УЧУН САҲИФАНИ ҚАЙТА ЯНГИЛАНГ (ОБНОВИТЬ).

+