Кластерлар ҳуқуқий асосга эҳтиёж сезмоқда

21.09.2018, 12:43

Кластерлар ҳуқуқий асосга эҳтиёж сезмоқда

Бугун кечаётган барча ислоҳотлар “одамлар ўзларининг ҳаётидан рози бўлиши керак”, деган ҳаётбахш ғоя асосида амалга оширилмоқда. Мақсад – одамларнинг яшаш шароитини янада яхшилаш, фаровонлигини ошириб бориш. Уни рўёбга чиқариш эса ўз-ўзидан бевосита иқтисодиётга бориб тақалади. Зеро, иқтисодий имконият қанча кенг бўлса, ривожланиш ҳам тўхтамайди, ўз ўрнида одамлар ҳам шодмон яшайди.

Иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва янги босқичга кўтаришга қаратилган кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Шунингдек, қонун лойиҳалари ҳам ишлаб чиқиляпти, аммо бу ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси лозим даражада сифатли таъминланаётганини билдирмайди. Жаҳон банкининг World Governance Indicators ҳисоботида миллий қонунчилигимиз сифати 139-ўрин, қонунчилик ижроси эса 133-ўринда қайд этилганига нима дейсиз?

Масаланинг муҳим жиҳати мазкур кўрсаткич қанчалик асосга эгалигида ҳам эмас. Айрим мутахассислар таъриф берганидек: “Статистика реал бўлмаган маълумотларни асослашга қаратилган рақамлар мажмуи” бўлиши ҳам мумкин. Шунингдек, турли статистика ва рейтинглардан кўзланган асосий мақсад ва вазифалар билан бир қаторда ундан кутилаётган яширин манфаат эҳтимолини ҳам инкор этолмаймиз. Гап ислоҳотлар ижросини таъминлашга оид миллий қонунчилигимиз, унинг сифати, ҳаётга тадбиқ этишнинг бугунги ҳолати, ҳуқуқ ва манфаатларни ишончли ҳимоялаш, жозибадор бизнес муҳитини яратиш орқали пировард мақсад – аҳолининг яшаш даражаси ошиши, юрт ободлиги ҳақида жиддий бош қотириш вақти келганини даврнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Ўрганишлар амалдаги қонун ҳужжатларидаги нормалар тарқоқлиги ва бир-бирини инкор этувчи хусусиятларини ҳамда ҳар бир соҳани тартибга солувчи яхлит, тизимли, тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳуқуқий асос ҳар доим ҳам таъминланмаётгани, ҳавола ва қолип нормаларнинг салмоғи анча юқорилигини кўрсатмоқда. Иқтисодий қонунчилик ҳақида гап кетганда ҳам ушбу таърифни ишлатишимиз мумкин. Бинобарин, шиддатли замонга мос амалга оширилаётган айни кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақияти, шаклланган ва шаклланаётган қонунчилик асосига ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан таъминланиши лозим бўлган базага, ана шу ислоҳотларнинг мустаҳкам таянчи бўлган қонун ва ҳуқуқ ижодкорлигининг давр талабига мослиги, ўз вақтида ишлаб чиқилганлиги, татбиқ этишдаги тезкорлик, нормалар ижроси механизмининг сифатига боғлиқдир.

Айни пайтда умумий ҳисобда 700 дан ортиқ қонунимиз мавжуд. Эътиборга молик жиҳати уларнинг 400 дан зиёди айнан иқтисодиёт соҳасига дахлдор! 150 дан ортиқ қонун ёки улардаги айрим нормалар эса бевосита тадбиркорлик, хусусий секторга тааллуқли!

Энди мисол тариқасида бу борадаги айрим ислоҳотлар ва уларнинг ҳуқуқий асосига эътибор қаратайлик. Масалан, биргина аграр ва тўқимачилик соҳасида кластер тизимини таҳлил этадиган бўлсак, жорий йилда 20 та туманда 164 минг гектар майдонда кластер усулида пахта етиштириш йўлга қўйилди. Ўзини оқлаётган бу тизимни янада кенгайтириш мақсадида 2019 йилда 61 та кластер томонидан жами пахта майдонларининг 51 фоизида пахта етиштириш режалаштирилган. Келгусида уни етиштирувчи 133 та тумандан 70 таси тўлиқ кластер тизимига ўтади. Янги ташкил этилаётган кластерлар томонидан 41 та корхона ташкил этилиб, 23 мингга яқин иш ўрни яратилади. 2019 йилда ишлаб чиқарилаётган толанинг 78 фоизи Ўзбекистонда қайта ишланади. 2020 йилга бориб эса толани тўлиқ қайта ишлашга ўтилади. Тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш улуши 40 фоиздан камида 60 фоизга етказилади. Пахта-тўқимачилик кластерларига берилган барча имтиёзларни кейинги йилларда ҳам татбиқ этиш, улар фаолиятини янада кенгайтириш мақсад қилинган.

Шу боис давлатимиз раҳбари кластерлар фаолиятига ҳар томонлама  кўмаклашиш зарурлиги, пахтачиликда қишлоқ хўжалигининг келажаги, унинг иқтисодий самарадорлиги кластерлар билан боғлиқлиги, у аграр соҳани жадал ривожлантиришнинг локомотиви бўлиши кераклигини қайта-қайта таъкидламоқда.

Демак, мамлакатимиздаги пахта етиштирувчи туманларнинг ярмидан ортиғи тўлиқ кластер тизимига ўтар экан, албатта, бу жараёнда ҳуқуқий асос мустаҳкам бўлиши айни муддао. Лекин кластерлар соҳаси ва фаолиятини тартибга солувчи яхлит ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас!

Ваҳоланки, ҳар қандай ислоҳот жорий этиш, амалга ошириш, натижадорлик ва оқибат жараёнларини ўзида мужассам этади. Соддароқ қилиб айтганда, ислоҳотлар самараси уни ҳаракатлантирувчи ҳуқуқий формулага асосланади. Ҳар қандай ислоҳот пухта ҳуқуқий асосга таянмас экан, муваффақиятга юз тутиши мушкул.

Шу маънода, кластерлар фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг оғишмай ижро этилишини таъминлашга қаратилган бу соҳага бевосита боғлиқ яхлит қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга зарурат туғилмоқда.

Хўш, кластернинг ўзи нима, унинг қандай афзалликлари бор?

Мутахассисларнинг фикрича, кластер – битта соҳага бирлашган ва бир-бири билан узвий алоқада бўлган корхоналар гуруҳи. Масалан, битта географик ҳудудда жойлашган ва битта тармоқни ташкил қиладиган фирмалар гуруҳи; махсус соҳалар бўйича битта географик ҳудудда фаолият юритаётган, бир-бири билан боғлиқ бўлган ва бир-бирини тўлдирувчи компаниялар, институтлар гуруҳи. Янада соддароқ қилиб айтганда, кластер пахта экишдан то тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи ягона технологик занжирга бирлаштиради.

Мавзуни давом эттириб, яна бир муҳим жиҳатга тўхталиб ўтиш муҳим, деб ҳисоблаймиз. Маълумки, 2017 йил Ҳаракатлар стратегиясининг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Мазкур қонун лойиҳасини тўлақонли амалга киритиш мақсадида “Инновацион фаолиятни молиялаштириш тўғрисида”, “Венчур фондлар тўғрисида”, “Халқаро молия-саноат гуруҳлари тўғрисида”, “Товарларга трансферт баҳоларини шакллантириш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари устида ҳам ишлаш муҳим. У хориж тажрибасига таянган ҳолда амалга ошириш мақсадга мувофиқ, яъни уларда Корпоратив бошқарув кодекси, Тадбиркорлик кодекси қабул қилиниб амалга киритилган.

Энди бевосита ислоҳотлар жараёнида амалдаги мавжуд миллий қонунлар ва қонуности ҳужжатлари ижросини таъминлаш, турли қонун ҳужжатлари ўртасидаги зиддиятлар хусусида ҳам қисқача мулоҳаза юритсак. Хусусан, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунда бундай ҳужжатларнинг юридик кучи белгилаб қўйилган. Яхлит қонунларнинг ўрни бошқа қонун ҳужжатлари билан таққослаганда ҳар доим ҳам устун мавқега эга бўлиши керак. Амалда ҳам шундай ҳолат изчиллик касб этсагина, меъёрлар тўғридан-тўғри амалиётга жорий этилади.

Айнан шу қонунларнинг ишлаши эса давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмаларининг қонун ижодкорлиги фаолиятини тизимли таҳлил қилишни ташкиллаштириш, улар томонидан киритиладиган ёки қабул қилинадиган қонун ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг Конституциямиз, қонун ҳужжатларига, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, шунингдек, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш юзасидан ҳар томонлама экспертизани амалга ошириш адлия органлари фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири саналади.

Шу асосда 20 турдан ортиқ ҳужжатлар норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган. Маълумотларга кўра, ўрганилган 9 ой давомида бундай ҳужжатларни туркумлаш соҳасидаги қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига 231 та тақдимнома киритилган, 310 та қонун ҳужжатларига зид равишда қабул қилинган қарорлар бекор қилинган.

Умуман олганда, бугун мамлакатимизда шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштиришда қатор соҳавий муносабатлардаги ҳуқуқий жиҳатдан ечимини кутаётган  бир қатор қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, мавжудларидаги ёки уларнинг айрим нормаларидаги жиддий камчиликлар ҳамда ўзаро зиддиятли масалаларни бартараф этиш олдимизда турган энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Нуриддин МУРОДОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

 котибият мудири, Экспертлар гуруҳи раҳбари

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1295
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Қ.Эшқораева Навоий вилояти, Учқудуқ тумани ижрочи котиб2018-09-21 17:03:32

Жаҳон банкининг World Governance Indicators ҳисоботида миллий қонунчилигимиз сифати 139-ўрин, қонунчилик ижроси эса 133-ўринда қайд этилганлиги қай даражада ҳақиқатга яқин эканлигини билмадим-у, мамлакатимизда кийинги вақтларда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳатларда жадал ўсиш жараёни яққол кўзга ташланаётганлиги айни ҳақиқат! Назаримда кластерлар фаолияти яқин йилларда мамлакатни кўпроқ қамраб олишига эришилса иқтисодий юксакликка эришамиз.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+