Одамларни рози қилсаккина, обрў-эътибор қозонамиз

16.11.2018, 17:26

Одамларни рози қилсаккина, обрў-эътибор қозонамиз

Бугунги давр наинки электорат, балки аҳолининг барча қатламлари билан фаол ишлашни тақозо қилмоқда. Кенг омма билан узлуксиз мулоқот ўрнатмаган ҳар қандай сиёсий институт охир-оқибат мавқеини йўқотиши аниқ. O‘zLiDeP ўзининг жамиятдаги мавқеи ва масъулиятидан келиб чиқиб, халқ билан мулоқотни ўз фаолиятининг устувор йўналиши деб билмоқда.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати ҳамда партиянинг барча ҳудудий ташкилотлари ва депутатлик корпуси вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар ўтган ойлар мобайнида  “Обод қишлоқ” дастурига киритилган ҳудудлар аҳолиси билан юзма-юз мулоқотлар ўтказганини алоҳида қайд этиш зарур.  Мазкур тадбирни амалга ошириш орқали партия ўз олдига дастурга киритилган барча маҳаллаларни қамраб олиш ва хонадонлар эгалари билан бевосита мулоқот қилиб, муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топиш, тадбиркор ва фермерларга кўмаклашиш, хусусий бизнес янада ривожланишига халал бераётган ғовларни бартараф этиш, ҳудудларнинг ички имкониятларининг ишга солинишига ёрдамлашиш сингари йирик ва масъулиятли вазифаларни қўйган эди.  Шунинг баробарида ташаббускор партия лидерларини саралаб, ўқитиш ҳамда сиёсий кучнинг дастурий ғоя ва мақсадларини оммалаштириш ҳам диққат марказида бўлди. Эътироф этиш керакки, сафдошларимиз ана шу қийин ишларнинг уддасидан чиқа олди. Фикримиз тасдиғи сифатида баъзи рақамларга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ. Маслакдошларимиз мазкур жараёнда деярли 24 мингта хонадонга кириб боришди, ўн минглаб инсонлар билан мулоқотга киришишди.  Бу учрашувларда юртдошларимиз турли-туман муаммоларни тилга олдилар.

Жумладан, томорқасида тадбиркорликни йўлга қўйиш учун банкдан кредит олишда қийинчиликларга дуч келаётган 622 нафар фуқаро сармоя олишга муваффақ бўлди. 1 022 нафар ишбилармон ҳам партиядошларимиз кўмагида молия муассасаларидан кредит олди. Газ, электр, ичимлик суви таъминоти, автомобиль йўлларини созлаш билан боғлиқ 4 778 та масала ҳал қилинди. Ижтимоий муҳофазага тааллуқли 1 423 та муаммо ҳам ечим топди. Шунингдек, 431 нафар тадбиркор  фаолиятидаги оғриқли нуқталарга тўла барҳам берилди. Ишчи гуруҳ аралашуви билан 1 977 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилгани ҳам диққатга сазовор.

Партиямиз фаоллари бир фикрда якдил: одамларни рози қилсаккина, мавқеимиз юксалади.  Эл корига яраётганимизни, юртдошларимизнинг бизга ишончи янада ошганини шундан ҳам билиш мумкинки, мулоқотлар давомида 336 та бошланғич партия ташкилоти очилиб, сиёсий куч сафига 120 мингдан зиёд янги аъзо қўшилди.   

Сир эмас, ҳар қандай партиянинг қуввати унинг аъзолари сони билан ҳам белгиланади. Қувонарлиси, 15 йиллигимиз арафасида сафимизга 500 мингинчи аъзо қўшилди – Сирдарё вилоятидаги “Ҳожи Баҳодирхон ота” корхонаси раҳбари Ҳасан Жаб­боровнинг хайрихоҳлиги туфайли партиямиз ярим миллион тарафдорга эга қудратли сиёсий кучга айланди. Эътироф этмоқ жоизки, Ҳасан Жабборов юртимизнинг энг фаол, ташаб­бускор ва фаолиятига инновацион ғояларни татбиқ қилаётган тадбиркорлардан бири. У жорий йил “Асака” банк вилоят филиали ажратган маб­лағ ҳисобига 2 гектар майдонда Жанубий Корея технологияси асосида помидор етиштирувчи 2 та иссиқхона барпо этди.

Албатта, биз эришилган натижалардан қаноат ҳосил қилиб, хотиржамликка берилиб қолмаслигимиз лозим. Хусусан, халқ ичига янада чуқурроқ кириб боришимиз, уларнинг дарду ташвишларидан янада яхшироқ хабардор бўлишимиз, елкадош бўлишимиз зарур.  Ана шундагина тарафдорларимиз, хайрихоҳларимиз, бизни астойдил қўллаб-қувватловчилар кўпаяди, сафимиз янада кенгаяди.

Жамолиддин МЕЛИБОЕВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси аппарат раҳбари

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagram’даги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1655
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+