Ердан фойдаланишнинг янги босқичига ўтилмоқда

17.01.2019, 23:41

Ердан фойдаланишнинг янги босқичига ўтилмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 9 январда қабул қилинган “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мулкдорларнинг масъулиятини оширишга, фермерларнинг қайта ишлаш йўналишидаги фаолиятини кенгайтиришга замин ҳозирлаши, умуман, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигидаги муносабатларни янги босқичга кўтариш, юртимиз иқтисодий қудратини юксалтиришда муҳим ҳуқуқий таянч вазифасини ўташи кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда.

Қишлоқ мулкдорлари

манфаати кўзланган ҳужжат

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида  қишлоқ хўжалиги соҳасини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги илғор технологияларни жорий этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифаларимиздан бири эканлигини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари шунингдек, ғалла ва мева-сабзавот кластерлари фаолиятини ҳар томонлама такомиллаштириш, уруғчиликда асл навларни яратиш мақсадида селекция ишларини тубдан жонлантириш, балиқчилик, паррандачиликни ривожлантириш ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини кескин кўпайтириш, сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенг қўллаш ва шу каби бир қатор долзарб вазифаларга тўхталар экан, қишлоқ хўжалиги мақсадларида ер бериш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш лозимлиги ҳам алоҳида қайд этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 9 январдаги 14-сонли қарорида Президентимиз томонидан тилга олинган ана шу сингари бир қанча вазифалар ўз ифодасини топди. Мазкур ҳужжат ғоят муҳим ҳаётий зарурат туфайли қабул қилинди. Мисол учун, кейинги пайтларда экин майдони 100 гектардан кам бўлган фермер хўжаликларида турли муаммолар юзага келаётганди. Айтайлик, ҳар бири 25 гектардан иборат 4 та фермер хўжалиги ўз ерларини суғориши бир пайтга тўғри келиб қолди. Дала сув ичадиган канал ёки ариқ эса битта. Бундай вазиятда қандай йўл тутиш керак? Ё, бўлмаса ерга ишлов беришни олайлик. 100 гектар майдонга 1 та трактор билан ишлов бериш имконияти мавжуд бўлгани ҳолда ана шунча ерга эга 4 та хўжаликнинг ҳар бири алоҳида техника сотиб олишга мажбур.

Мамлакат раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида шундай деди: “Аграр соҳада энг катта муаммо – фермерларнинг қишлоқ хўжалик соҳасида етарли билимга эга эмаслигидир. Тўғри, уларда куч-ғайрат, ташаббус, ерга меҳр бор, кўпчилигининг кўзи ёниб турибди. Лекин, афсуски, биргина хоҳиш билан биз юқори ҳосилдорликка ва пировард натижага эриша олмаймиз. Бизга қишлоқ хўжалиги технологияларини мукаммал эгаллаган, замонавий ишлаб чиқариш ва инновация усулларидан хабардор фермерлар сув билан ҳаводек зарур”. Туманларда бўлиб, юзлаб фермерлар билан юзма-юз мулоқотга киришганимизда  мазкур фикрларнинг нечоғлик ҳаққонийлигига ишонч ҳосил қиляпмиз. Соҳада тасодифий одамлар ҳам кўп. Улар деҳқончилик илмини, машаққатини тасаввур ҳам қилолмай, фақат фойда-даромад, обрў-эътибор илинжида фермерликка қўл уришган. Суҳбатлардан маълум бўлдики, баъзи фермерлар агротехникани мутлақо тушунмайди. Пискентда, Арнасойда ва бошқа туманларда гувоҳ бўлганимиздек, ана шундай ер эгалари мутлақо зарурат бўлмаганда экинларни суғоришган. Суғоргандаям кўллатиб, захлатиб сув беришган. Эсиз кетган маблағлар, вақт, меҳнат... Ғузор, Қамаши туманларида сув етишмовчилиги оқибатида минглаб гектар ерга экин экилмаганига шоҳид бўлдик. Бу ҳам боқибеғамлик, ишга жиддий ёндашмаслик туфайли, аслида. Қанчадан-қанча унумдор ерларни ёввойи ўтлар қоплаганини кўрдик. Техника қўллашни ҳам билмайдиган баъзи ношуд фермерлар эса ғалладан бўшаган майдонларни пуллаш билан овора... Қарорга биноан, эндиликда нўноқ, ялқов, зиммасидаги масъулиятни ҳис қилмайдиган, замин умрини беҳуда совураётган фермерлар ерни тасарруф этишдан маҳрум бўладилар. Бундан ер ҳам, давлат ҳам, жамият ҳам ютади, албатта.

Қарор бандларидан бирида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари мақбуллаштириш  жараёнида   туман  ҳокимликлари захирасига қайтарилган ер участкаларини  тўғридан-тўғри инвестиция киритадиган қишлоқ хўжалиги кластерларига, экспорт қилувчи ва қайта ишловчи   корхоналарга, кўп тармоқли   фермер хўжаликларига   ажратиш ишларини  бир ой муддатда якунлаши шартлиги белгиланган. Бу эса қайд этилган субъектлар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатиши, уларнинг имкониятларини ҳар жиҳатдан кенгайтириши шубҳасиз.

Ҳужжатнинг яна бир бандида тегишли идоралар пахта-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари ер майдонининг 10 фоиз қисмига бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари (беда, сабзавот, полиз) жойлаштирилишини таъминлаши зарурлиги баён қилингани чинакам қишлоқ мулкдорлари учун айни муддаодир.

Ҳозирда ташкилотимизнинг жойлардаги бўлимлари вакиллари қарор ижроси бўйича фермерларга ва тегишли идораларга ҳар жиҳатдан кўмаклашяпти. Таъкидлашни истардимки, ходимларимиз қарор ҳаётга татбиқ қилиниши жараёнида фермерларнинг ҳуқуқлари поймол этилмаслигига алоҳида эътибор қаратяпти.

Мухтасар айтганда, мазкур қарор ердан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш, ер ажратиш ва экинларни жойлаштиришда шаффофликни таъминлаш, ернинг экологик ҳолатини яхшилашга қаратилган замонавий инновацион ва ресурс тежамкор технологияларни жадаллик билан жорий этиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилади.

Фахриддин КУШАНОВ,

Ўзбекистон фермер,

деҳқон хўжаликлари ва

томорқа ер эгалари кенгаши

раиси ўринбосари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    1405
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+