Хатирчидаги учта қишлоқ аҳолиси ичимлик суви муаммосидан азият чекмоқда. Аҳоли банкага помидор ёпиш ўрнига сув ғамлаб қўйяпти

31.01.2019, 20:02

Хатирчидаги учта қишлоқ аҳолиси ичимлик суви муаммосидан азият чекмоқда. Аҳоли банкага помидор ёпиш ўрнига сув ғамлаб қўйяпти

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ Навоий вилоятида бўлиб, аҳоли мурожаатларини ўрганди, уларни ҳал этиш чораларини кўрди. 

Ишчи гуруҳ аъзоларининг дастлабки манзили Хатирчи туманидаги “Чағатой”, “Маданият”, “Оқ-олтин” маҳалла фуқаролар йиғини бўлди.

Халқ билан мулоқотлар, учрашувлар чоғида жойларда бўлгани каби мазкур ҳудудда ҳам кўплаб муаммолар борлиги маълум бўлди. Гап шундаки, туман аҳолиси мана неча йилдирки, сув муаммоси билан курашиб келади. Аслида, муаммонинг ечими маҳаллада фойдаланилмай келаётган сув минорасини ишга тушириш билан ҳал этилади. Аммо муаммо ечимини ҳеч бир ташкилот ўз зиммасига олмаяпти. 

Хатирчиликларнинг айтишича, тумандаги Чағатой МФЙ Дўстлик қишлоғи, Оқ-олтин МФЙ Насробод ва Хидирота қишлоқларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 2014-2015 йилларда 4 та сув минораси қурилган. Бироқ қудуқлардан истеъмолга яроқсиз сув чиққани учун қурилиш ишлари якунига етказилмаган. Натижада ҳудуддаги 2000 дан ортиқ хонадан ичимлик суви муаммосидан азият чекмоқда.  

“Маҳалламизда 5 йилдан бери тоза ичимлик суви танқислиги бор. Шу боис, сувни узоқ жойлардан олиб келиб ичамиз. Қанча мурожаат билан чиқдик, ўзимиз ҳам ҳаракат қилдик, лекин иш чала қолиб кетди. Бу ишлар ўша пайтларда давлат томонидан қилинган, аммо охирига етказилмаган. Балким сув минорасини охиригача етказишга маблағ етмагандир. Бунисини биз билмаймиз, хабаримиз йўқ”, – дейди шу ҳудудда яшовчи фуқаролардан бири.

Дўстлик қишлоғида жойлашган 82-сонли мактаб директори М.Аптаровнинг таъкидлашича, маҳаллий аҳолининг аксарияти боғдорчилик, чорвачилик билан шуғулланади. Аҳоли ўз истеъмоли учун ичимлик сувини сотиб олса, чорва молларини қишлоқдан 5 км узоқдан оқиб ўтувчи Шовот каналидан суғоришади.

“Тўғри, бу масалага алоқадор бўлган мутасаддилар эртами-кечми қонун доирасида жазоланади. Лекин бизга айбдорлар жазоланишидан кўра, сув минораси ишга тушиши муҳим. Чунки суви бор қишлоқларда аҳоли помидорни банкага ёпса, бизнинг аҳоли банкаларига сув ғамлаб қўяди”, – дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан яна бири.   

Муаммони жойида ўрганган ишчи гуруҳ аъзолари масалага ечим топиш учун мутассади ташкилот раҳбарлари билан учрашди. Эътиборлиси, Республика Гидрогеология ташкилоти билан бирга белгиланган йўл харитаси асосида тез фурсатда муаммони ҳал этишга келишиб олишди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    1747
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

З.Шакаров2019-02-12 17:03:07

Умид қиламизки ушбу масалага бел боғлаган мутассадилар худудларда ичимлик сувига эхтиёжманд аҳолини эътирозли мурожаатларини тез кунлар ичида ижобий томонга ечиб беришади


Холмурод Сориев, Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари2019-01-31 20:30:05

Аҳоли муаммоларини бевосита жойларда, уйма-уй, хонадонлар бўйича юриб ўрганиш ва муаммоларга ечим топиш борасидаги бундай хайрли ишларга омад тилаймиз.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+