“Биз учун иккинчи даражали масала йўқ”

17.02.2019, 08:46

“Биз учун иккинчи даражали масала йўқ”

Тошкент вилояти Янгийўл туманида бўлиб ўтган учрашувларда партиямиз вакиллари  Президентимизнинг парламентга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳияти, унда белгилаб берилган устувор вазифалар амалга оширилишига сиёсий куч қўшаётган  ҳисса хусусида атрофлича сўз юритишди, фуқаролар саволларига жавоблар қайтаришди.

Миллий ҳунармандчилик ва дизайн касб-ҳунар коллежида ташкил қилинган очиқ мулоқотда “Сувоқава” корхонаси филиали, туман газ ва электр тармоқлари корхоналари ва бошқа талай ташкилотлар раҳбарлари ҳам қатнашдики, бу ўртага ташланган масалаларни холисона таҳлил қилиш, аксарият муаммолар ечимини тезда топиш имконини берди. 

Учрашувда, айниқса, кўчмас мулклар – уй-жой, бино, иншоотларнинг давлат ва жамият эҳтиёжлари учун бузилиши туфайли ер участкалари ажратиш, компенсация билан боғлиқ масалалар кўп тилга олинди. Тегишли идоралар вакиллари муаммоларнинг ҳал қилинишини зиммаларига олишди.

Мулоқот асносида “Ҳақиқат” маҳалласида насос қувурлари ётқизилмагани ва автомобиль йўлларида пиёдалар ўтиш жойи йўқлиги ҳам айтилди. “Қўштепа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Яккатол кўчасида истиқомат қилувчи аҳоли куну тун хавотирда, десак муболаға бўлмайди. Чунки электр кабеллари тортилган симёғочлар жуда эскириб қолган. Бироқ уларни янгиларига алмаштириш юзасидан қилинган мурожаатлар жавобсиз қоляпти. Мазкур муаммолар бўйича мутасаддиларга депутатлик сўровлари юбориладиган бўлди.

Ишчи гуруҳ томонидан “Озод” маҳалласида яшовчи 103 яшар Патила ая Эрматовага ногиронлик аравачаси топширилди. “Истиқлол” маҳалласидаги  фуқаролар талабига кўра, 200 метр узунликдаги сув қувурлари уланди.

– Аҳоли билан мулоқот пайтида қайд этилган ҳар бир масаланинг ҳал қилиниши, у катта ё кичиклигидан қатъи назар, доимий назоратга олинган, – дейди ишчи гуруҳ аъзоси, партия Тошкент вилояти ташкилоти ходими Иброҳим Холматов. – Бу борада ҳар бир маҳалла кесимида алоҳида мониторинг юритиляпти. Шунингдек, ишчи гуруҳлар зиммасига “Обод қишлоқ” дастурига киритилган ҳудудларда илгари партиямиз вакиллари томонидан аниқланган муаммолар қай даражада ҳал этилганини назорат қилиш, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурида баён этилган вазифалар бўйича тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориш, ўтган йилги мурожаатлар ҳал этилиши юзасидан мониторинг юритиш, кўп тармоқли фермер хўжаликларининг кластерларга айланиши билан боғлиқ ҳамда ҳудудларда хусусий тиббиётни ривожлантиришга доир масалаларни  атрофлича ўрганиш, муаммоларнинг ечими борасида таклиф-тавсиялар ишлаб чиқиш сингари бир қанча вазифалар ҳам юкланган эди. Ана шу ишларни бажаришга йўналтирилган фаолиятимиз ҳам самарали бўлди.

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    1333
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+