Когонлик тадбиркор иссиқхонадан йилига 30 млн. сўм даромад оляпти

05.03.2019, 23:16

Когонлик тадбиркор иссиқхонадан йилига  30 млн. сўм даромад оляпти

Когон туманининг “Нурафшон” МФЙда 3 минг 454 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада томорқадан унумли фойдаланиб, оиласи фаровонлигини таъминлаш билан бирга, эл дастурхони тўкинлигига муносиб ҳисса қўшаётган омилкорлар кўп.

“Нурафшон” МФЙда яшовчи Ш.Адизов ҳам ўз томорқасида мўъжазгина иссиқхона ташкил этиб, помидор, сабзавот ва кўкат етиштиришни йўлга қўйган. Иссиқхона ҳосилидан ҳар мавсумда оила бюджетига қарийб 30 миллиондан зиёд даромад келиб туради.

­­­­ –Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишимизда O‘zLiDeP фаолларининг хизматлари катта, – дейди тадбиркор. – Чунки партия ходимларининг уйимизга келиб, бизнесни бошлаш бўйича тавсия берганидан сўнг иссиқхона ташкил этганмиз. Ҳозир иссиқхонамизда помидор, бодринг ва бошқа уруғлар экиб, мўл ҳосил олиб келяпмиз.

Таъкидлаш керак, энг чекка ҳудудларга кириб бораётган “O‘zLiDeP бошланғич партия ташкилотлари ўз томорқасида фаолиятини бошлаганларга кўмакдош” лойиҳаси ҳудудда тадбиркорлар сафини янада кенгайтиришда яхши самара бермоқда. Лойиҳа доирасида партия фаоллари тумандаги 20 хонадонда бўлиб, аҳолига томорқадан самарали фойдаланиш бўйича зарур тавсиялар бердилар.

O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши ходими Шамшод Жафаровнинг таъкидлашича, ишчи гуруҳ аъзолари хонадонларга кирганда фақат муаммолар ёки камчиликни қайд этибгина қолмай, аҳолидан таклиф ва ташаббуслар ҳам олган. Мулоқотлар чоғида фуқароларни тадбиркорликка ундаш, томорқадан унумли фойдаланиш вазифаларига устувор аҳамият қаратилган.

“Нурафшон” МФЙда яшовчи Нодир Насриддинов тўрт-беш йил аввал фарзандларини атрофига жамлаб, хайрли ишга қўл урди. Аниқроғи партия фаоллари маслаҳатига кўра, бўш ётган ердан мақсадли фойдаланишга аҳд қилди.  Ҳозир тадбиркор нафақат 8 нафар оила аъзоларини, балки 2 нафар ёшни ҳам бандлигини таъминлаган. Шу кунларда эса хориждан наслли қорамол олиб келиш ҳаракатида.

Ҳуллас, бугун маҳаллада ҳамма иш билан банд. Кимдир мевали дарахт кўчатларини парваришлаш билан шуғулланса, бошқаси мўъжазгина иссиқхона ташкил этган. 

O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Теглар
Томорқа
  • Кўрилди
    1305
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+