Наманган аҳолисини тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 97 млрд. сўм маблағ ажратилган

28.03.2019, 17:33

Наманган аҳолисини тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 97 млрд. сўм маблағ ажратилган

Бу ҳақда халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида маълум қилинди.  

Ҳисобот йиғилишида вилоят миқёсида турли соҳаларда амалга оширилаётган ишларнинг натижалари юзасидан бир қатор мутасадди ташкилот раҳбарларининг ахбороти тингланди ва партия депутатлик гуруҳлари томонидан кенг муҳокама қилинди.

Дастлаб йиғилишда Президентимизнинг “Наманган вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорининг вилоятдаги ижроси юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарларининг ҳисоботи тингланди.

Ҳисоботда таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида вилоятда Президентимизнинг 2018 йил 2 июлдаги “Наманган вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва Наманган вилоят ҳокимининг шу йил 6 июлдаги 518-сонли қарори доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Наманган туманида ташкил этилган кичик саноат зонасида 6680 млн. сўм маблағ эвазига 8 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, 280 янги иш ўринлари яратилди. Тўрақўрғон туманида ташкил этилган кичик саноат зонасида 10.150 млрд. сўмлик 8 лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳисобига 145 янги иш ўринлари яратилди.

“Шунингдек, Чуст туманининг “Тепақўрғон” МФЙдаги 1 гектар бўш майдонда ташкил этилган кичик саноат зонасида умумий қиймати 4435 млн. сўмлик 6 лойиҳани амалга оширилиши натижасида 68 янги иш ўринлари яратилади. Ҳозирда лойиҳаларни ишга тушириш мақсадида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. 2019 йилнинг иккинчи чораги оҳирига қадар эса қурилиш ишлари якунланади”, – дейди Чуст туман кичик саноат зонаси дирекцияси ДУК раҳбари Жамшид Маматов.

Йиғилишда кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан Наманган вилоят “СУВОҚАВА” ДУК бўлим бошлиғи Орифжон Тўхтабоевнинг ҳисоботи ҳам эшитилди.

“Президентимизнинг 2018 йил 30 ноябрдаги қарорига мувофиқ, Наманган вилояти аҳолисини ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида инвестиция дастурига асосан 97 млрд. сўм маблағлар ажратилган. Масалан, ҳозирда Наманган шаҳар Исломобод шаҳарчасида 351 млн. сўмлик маблағ эвазига ичимлик суви иншооти ва тармоғини қуриш ишлари якунланиш арафасида. Қурилиш ишлари ниҳоясига етгач, янги қурилаётиган аҳоли турар жойлари ва ижтимоий объектлари тўлиқ ичимлик суви билан таъминланади”, – дейди О.Тўхтабоев.

Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан O`zLiDeP депутатлик гуруҳининг тегишли қарори қабул қилинди.

Юлдуз ЮЛДАШЕВА,

O‘zLiDeP Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1060
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+